Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:16

Украина армияси чегара яқинидаги Россия қўшинларига бас кела оладими?


“Conflict Intelligence Team” гуруҳининг мустақил таҳлилчилари ҳамда президент Володимир Зеленский дохил қатор украин сиёсатчилари Кремль Украина чегаралари яқинида ва аннексия қилинган Қримда 100 минг аскар тўплаганини айтадилар. Украина Мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси вакили Вадим Скибицкий нисбатан аниқроқ рақамни келтиради: 106 минг аскар ва зобит. Бу мунтазам армия қисмлари ва шунга яраша ҳарбий техникани ўз ичига олади.

“Настояшчее время” телеканали Украина армияси бунча қўшинга бас кела олиши ёки олмаслиги ҳақидаги саволга ойдинлик киритишга уринди.

Ўтган 8 йилда Украина армияси том маънода янгидан ташкил қилинди. Қрим аннексия қилинган ва мамлакат шарқида қуролли можаро чиққан пайтдаги ҳарбий тизимдан ҳозир деярли ҳеч вақо қолмаган. Бу кўп жиҳатдан айнан Ғарб мамлакатлари – АҚШ, Канада, Буюк Британия, Польша, Болтиқ давлатлари ва бошқаларнинг хизматидир. Улар Украинага икки йўналишда ҳарбий ёрдам кўрсатишди: армияни қайта қуроллантиришди ва шахсий таркибга таълим беришди.

“АҚШ, Буюк Британия ва Канаданинг қўшма миссиялари шарофати билан украин ҳарбийлари икки ва ҳатто уч марталаб мукаммал жанговар тайёргарлик курсларида ўқиб чиқишди. Бу тайёргарлик оддий батальон даражасида бошланиб, мутлақо янги қурол турлари – артразведка, радиоэлектрон разведка, радиоэлектрон кураш мажмуалари ҳамда учувчисиз парвоз қилувчи аппаратларни қўллаган ҳолда бригадаларнинг ўзаро уйғун ҳаракат қилишигача бўлган жараённи ўз ичига олади”, дейди ҳарбий эксперт Сергей Грабский.

Бундан ташқари, НАТО авиаразведка маълумотларини Украина билан баҳам кўрмоқда. Бу Украина қуролли кучларига давлат чегараларидан ташқарида нималар рўй бераётганидан воқиф бўляпти. Мониторинг доираси – 400 километргача. Украина Мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси вакили Вадим Скибицкий маълумотига кўра, Россия ҳозирда 106 минг ҳарбий хизматчисини Украинанинг биқинига келтириб қўйган.

Иттифоқчилар параллел равишда Украина армиясини қуроллантиришда давом этмоқда. Куни кеча Буюк Британиядан навбатдаги юк – шаҳар ичидаги жанглар чоғида танкка қарши қўлланадиган енгил гранатомётлар етиб келди.

“Бу жуда самарали ёрдам. Нега? Чунки асосан яқин масофада туриб жанг қилганда керак бўладиган енгил қуроллар. Ҳарбий мутахассис сифатида шуни аниқ биламанки, жанглар тақдири ана шунақа бақамти олишувларда ҳал бўлади. Биринчи чечен урушини эсланг, Россия армияси ўшанда нега мағлуб бўлган? Чунки юзма-юз урушда кўнгилли чечен тузилмалари Россия Қуролли кучларининг мунтазам қисмларини янчиб ташлаган”, изоҳ беради ҳарбий эксперт Олег Жданов.

Сўнгги йилларда Украина арсеналида пайдо бўлган бу ва бошқа қуроллар ҳужумкор уруш олиб бориш имконини бермайди, албатта. Буларнинг барчаси айнан мудофаа воситалари. Улар, Украина чегараси яқинида тўпланган қўшин қуроллари билан таққослаганда, – уриш аниқлиги юқори, айни чоғда нисбатан арзонроқ.

“Ҳатто энг қиммат элементлардан бири – 100 минг доллар турадиган “Жавелин”ни олганимизда ҳам, уни танк билан солиштириб бўлмайди. Иқтисодчилар тили билан айтганда: “Жавелин”лардан фойдаланиш самарадорлиги танклардан фойдаланиш самарадорлигидан ўнлаб маротаба юқори”, дейди Сергей Грабский.

Аммо Украина армияси осмонда қуруқликдаги каби кучли эмас. Грабскийга кўра, мамлакат ҳарбий авиацияда Россия тугул, Беларусдан ҳам орқада қолган. Россия ихтиёрида замонавий учоқлар борлиги, ҳарбий учувчилари Сурияда ҳақиқий жангларда қатнашиб тажриба орттиргани ҳам муҳим омилдир. Аммо, экспертлар фикрича, Сурияда Украина армияси ихтиёридаги қуролларга тенг келадиган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари бўлмаган.

“Сурияда рус учувчилари полигонда учгандек учишади, у ерда ҲҲМ тизимлари йўқ. Улар ҳеч қачон чинакам ҲҲМ ишлаётган шароитда жанговар бомбалаш амалиётини бажармаган. Туркия билан бўлган воқеани эсланг: ҲҲМ тизимлари Россия учоғини бир зумда илғаган ва саноқли сониялар ичида уни уриб туширган эди”, дейди Олег Жданов.

Энг оғриқли муаммо – флот. Украина ракета билан қуролланадиган тўртта корвет қуриш бўйича Туркия билан шартнома имзолади. Аммо, режага биноан, улардан биринчиси 2023 йилдагина етказиб берилади. Ҳозирда Украина соҳилларини асосан қирғоқ мудофааси катерлари қўриқламоқда. Улар Россиянинг Қора денгиз флотига қаршилик кўрсата олмаслиги турган гап. Бошқа томондан денгизнинг Украина соҳилига яқин ҳудудлари саёзлиги сабабли Россиянинг катта сувусти ва сувости кемалари жуда яқин бора олмайди. Ҳарбий таҳлилчилар бир фикрда якдил: Қора денгизни назорат қилиш унчалик муҳим эмас, Украина Ҳарбий-денгиз кучлари учун айни пайтда энг асосийси – соҳилни назорат қилишдир.

XS
SM
MD
LG