Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:52

Туркманистон: Муддатидан олдин сайлов ўтказилиши эълон қилингач озиқ-овқатлар нархи ошиб кетди


Туркманистонда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошиб кетди. Айни чоғда танқислик ва навбатлар ҳам бартараф этилгани йўқ. Озодлик туркман хизмати ва айрим мустақил нашрлар хабар қилишича, нархлар 30 фоиздан 400 фоизгача ошган.

Қимматчилик энг аввало нон нархларида акс этди. Давлат дўконларида ноннинг субсидияланган баҳоси 0,6 манатдан 2,5 манатга (3,5 манат - 1 АҚШ долларига тенг) кўтарилди. Аксар дўконлар нонни шу нархда сотмоқда. 0,6 манатлик эски нарх 16 февралдан бекор қилингани айтилмоқда.

Озодлик мухбирлари бу нарх қисман сақлаб қолинишини аниқлашди. Яъни, болалар боғчалари ва ҳарбий қисмларга нон вақтинча шу баҳода етказиб берилади.

Ноннинг айрим турлари тижорат баҳоси ўртача икки бараварга қимматлашган.

“Хроника Туркменистана” нашри яқиндагина нархи 1 манат бўлган обинон эндиликда икки баравар қимматга сотилаётгани ҳақида ёзди.

Turkmen.news” хабарига кўра, Ашхободдаги давлат дўконларида 1 манатлик тандир нони бир ҳафтадан бери сотилмаяпти. Унинг ўрнига харидорларга газўчоқда ёпилган чўрак нон ёки буханка 2,5 манат баҳода таклиф этилмоқда.

Нон нархининг мислсиз даражада кўтарилиши Халқ Маслаҳатининг фавқулодда йиғилишида мамлакатда ҳокимият алмашинуви ҳақида эълон қилиниши ва ундан кейин муддатидан аввал президент сайлови куни тайинланиши ортидан бошланди.

Парламент юқори палатасининг йиғилишидан кейиноқ барча озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашди.

“Хроника Туркменистана” хабар қилишича, Халқ маслаҳати йиғилиши арафасида нархлари туширилган озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашган. 11-12 февраль кунлари хусусий дўконларда бир кило картошка 5 манат, помидор ва бодринг – 5-6 манат, олма – 6-8 манат, мол гўшти 65 манат баҳода сотилганди. Йиғилишнинг эртасига картошканинг килоси 9 манатга, помидор ва бодринг – 12-13 манатга, олма – 12-13 манатга, мол гўшти 70 манатга чиқди.

Шунингдек, сут маҳсулотлари нархи ҳам ошди.

Бу қимматчилик 2017 йилдан давомли инқироз шароитида кун кечиришга мажбур бўлаётган аҳолининг аҳволини янада оғирлаштиради. Сўнгги йилларда пандемия манзарасида озиқ-овқат танқислиги чуқурлашди, аҳоли даромадлари эса камайди.

Ҳукумат эса рўй бераётган воқеаларни кўриб кўрмасликка олмоқда. Халқ Маслаҳати йиғилишида мамлакат иқтисодий ўсишга эришаётганлиги эълон қилинди.

Ҳолбуки, нон сотиб олиш ҳатто пойтахт Ашхободда ҳам жиддий муаммога айланган. Ҳукумат навбатларни яшириш мақсадида нонни қоронғи тушганидан кейин соттирмоқда. Субсидияланган нархдаги нон қисқа вақт ичида сотилиб битади. Полиция эса қайтадан навбатга туриб оладиганларни таъқиб қилиб, белгиланган нормадан ортиқча харид қилинган нонни улардан тортиб олади. Бу паст навли ундан ёпилган буханка нон бўлиб, киши бошига учтадан ортиқ берилмайди.

Озодлик туркман хизмати мухбири Ашхобод дўконларидан бирида сотиб олинган нон суратини юборди.

“Нон сиртидан эмас, ичидан моғорлайди. Одатда моғорлашга улгурмасдан еб юборишади. Мен буханкани атай, тажриба учун қолдирдим. Ҳукумат одамларни ҳатто шунақа нон билан ҳам таъминлай олмаяпти”, деб ёзган мухбир.

Сифати паст эканига қарамай, одамлар шу нонни деб соатлаб навбатда турадилар.

XS
SM
MD
LG