Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:22

Туркияда қирғизистонлик келинни ўз қайнотаси ўлдирди


Аят.
Аят.

Туркиянинг Тақирдоғида яшовчи ёш қирғизистонлик аёл қайнотаси томонидан шафқатсизларча ўлдирилди. 12 октябрь куни тарқалган бу хабар жамоатчиликни ларзага солди. Воқеа Туркияда катта шов-шув бўлди, Қирғизистон Республикаси Бош консуллиги тергов ҳаракатларини диққат билан кузатмоқда.

12 октябрь, сешанба куни Туркия ахборот агентликлари Тақирдоғ шаҳрида қирғизистонлик жувон ваҳшийларча ўлдирилгани ҳақида ёзди. Турк полицияси маълумотига кўра, 30 ёшли Аятни ўз қайнотаси ўлдирган ва жасадини парчалаб, чиқиндихонага ташлаб юборган.

Туркиянинг “ШоуТВ” телеканали вакиллари воқеа жойига бориб, нима бўлганини аниқлашга уринишди. Қўшнилари Аят қайнота-қайнонаси билан бирга яшаганини, сўнгги кунларда дамдуз ва камгап бўлиб қолгани сўзлаб берганлар.

“Бу оила билан ҳеч ким борди-келди қилмайди. Шунчаки салом-алик қилишади холос. Фожиа юз берган куни қайнонаси фарёд солиб йиғлаганди. Шу иш бўлар экан-да, демак. Қайнотаси унақа қаҳри қаттиқ одамга ўхшамайди. Суд унга лойиқ жазо беради деб умид қиламиз”, дейишган қўшнилар.

Озодлик радиосининг қирғиз хизмати Аятнинг қалин дугонаси Умида билан боғланди. Унинг сўзларига кўра, Аят тўрт йил муқаддам эри Тўлғахон билан танишиб, Туркияга кўчиб келган. Эр-хотин иноқ яшашган. Аммо эрнинг қариндошлари қирғиз келинни хушламаган, оиласига қабул қилмаган ва ҳадеб турмушига аралашаверган.

“Аятни Туркияга кўчиб келишидан олдин ҳам танирдим. Бир куни у қўнғироқ қилиб, турк йигитига эрга тегмоқчи эканини айтди. Мен, агар бирон ёрдамим керак бўлиб қолса, тортинмай айтавериши мумкинлигини билдирдим. Кўп ўтмай улар биз истиқомат қилаётган Анқара шаҳрига кўчиб келишди. Ўшанда Аят эрининг уруғлари уни ёқтирмаслигидан арз қилганди. Мен унга биринчи галда ўзингни ўйла, деб айтдим. Кейин улар Адана шаҳрига, эрининг қариндошлари ёнига кўчиб кетишди. Қайнона-қайнотаси уни чиқиштирмасди. Аят улардан ҳақорат эшитиши ҳақида кўп гапирган. Қайнотаси уни пичоқ билан нимталаб ташлаганини янгиликлардан билдим. Эшитдим‑у бутун дунё остин-устун бўлиб кетди”, дея ҳикоя қилиб берди Умида.

Аят сўнгги марта ижтимоий тармоқларга 30 ёшга тўлган кунида кирган экан. У энг яхши кунлари ҳали олдиндалиги ҳақида, севимли эри борлиги ва бир неча фарзандга она бўлгани ҳақида ёзган. Шунингдек, аввалги содда феъл-атвори ўзгариб, эндиликда масъулиятли аёлга айланганини сўзлаган ва унга ҳаёт бахш этгани учун онасига миннатдорлик билдирган.

Қирғизистоннинг Истанбулдаги Бош консули Лира Сидиқова Тақирдоққа боргани ва Аятнинг ўлими юзасидан тергов олиб борилаётгани тўғрисида ижтимоий тармоқда хабар қолдирган.

Бош консуллик тергов тадбирларини тезлаштиришни сўраб Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат қилган. Шунингдек, консулхона марҳуманинг оиласига ва яқинларига дипломатик тарафдан ҳуқуқий ёрдам кўрсатилишини маълум қилган.

Аятнинг онаси пайшанба куни Москвадан Туркияга учиб бориб, тергов ҳаракатларида иштирок этишини ва қизининг жасадини олиб кетишини айтган.

Турк нашрлари хабар қилишича, полиция Аятнинг қайнотасини "Одам ўлдириш" моддаси бўйича гумонланувчи тариқасида ҳибсга олган. Сўроқ чоғида у келини “набираларини урган”ини ва “уларни сира ўз ҳолига қўймаган”ини, шунингдек, “қилмишидан пушаймон”лигини айтган.

Туркияда қирғизистонлик аёллар биринчи марта маиший зўравонлик қурбони бўлаётгани йўқ. 2020 йилда Анталияда 23 ёшли қирғизистонлик қиз номаълум кимса томонидан ўлдирилган эди.

2016 йилда қирғизистонлик яна бир қиз пичоқланиб, касалхонага тушган. Полиция гумонланувчи тариқасида у билан бирга яшаган эркакни қамоққа олган.

2016 йилда Анталияда энага бўлиб ишловчи Малика йўл чеккасида беҳуш ҳолда топилган эди. Тергов идораси у Қўрқутэли туманида Туркия фуқароси М.Й. тарафидан жинсий зўрланганини, шундан сўнг эркак темир буюм билан унинг бошига бир неча марта уриб, йўлга ташлаб кетганини аниқлаган. Айбланувчи судда ўз айбини тан олмаган.

Малика Ноотиеванинг суди 5 йилдан бери давом этмоқда. Унинг ҳуқуқларини тўрт нафар турк адвокат ҳимоя қиляпти. Улардан бири – Энис Зияли, жиноят иши иштирокчиси Туркия ёки бошқа мамлакат фуқароси бўлишидан қатъий назар, суд адолатли қарор чиқаришига ишонишини айтади. Айни чоғда у баъзан ҳаддан зиёд енгил жазо тайинланишини яширмайди.

“Қайнотанинг ўз келинини ваҳшийларча ўлдиргани ҳақидаги бунақа хабарлар одамнинг юрак-бағрини хун қилади. Мен адвокат сифатида, гумонланувчининг айби исботланиб, ўзи умрбод қамоққа олинишини кутяпман. Мазкур фожиа Туркияда жамиятни қаттиқ ҳаяжонга солди. Менинг амалиётимда шунақа ишлар бўлганки, жабрланувчи томон хорижий мамлакатлар фуқаролари бўлганида суд айбланувчига юмшоқроқ жазо тайинлаган ёки жазодан буткул озод этган. Шундай экан, Аятнинг иши синчковлик билан тергов қилиниши ва албатта судда кўрилиши лозим. Қайнотасига энг қаттиқ жазо берилиши керак”, дея фикр билдирди адвокат Озодлик мухбири билан мулоқот чоғида.

Хабар қилинишича, марҳуманинг вояга етмаган фарзандлари болалар уйига жойлаштирилган.

Турк полицияси маълумотига кўра, 2020 йилда 300 нафар аёл ўлдирилган. Бироқ улардан нечтаси чет элликлар эканлиги очиқланмаган.

Расмий манбаларга кўра, Туркияда 25 мингдан зиёд қирғизистонликлар рўйхатга олинган. Улар асосан Истанбул, Анқара ва Анталияда ишлашади.

Яқинда Ҳиндистонда қирғизистонлик ҳомиладор аёл ва унинг бир яшар ўғли ўлдирилган эди. 27 яшар Мисқол Жумабоева ҳамда ўғлининг жасадлари Нью-Дели шаҳрининг Калкажи туманида топилган. Ўлимидан олдин у дугонасининг уйида бўлгани аниқланган. Полиция марҳуманинг эрини, дугонасини ва дугонаси билан бирга яшовчи эркакни сўроқ қилганини маълум қилди. Аёлнинг қариндошлари президент Садир Жапаровга мурожаат этиб, гумонланувчиларни топиш ва жавобгарликка тортишда ундан кўмак сўраганлар.

XS
SM
MD
LG