Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:03

"Марказий Осиё" эмас, "Туркистон": Туркия нега минтақа номини ўзгартирмоқда?


Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари Самарқанддаги саммитда. 11 ноябрь, 2022 йил.
Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари Самарқанддаги саммитда. 11 ноябрь, 2022 йил.

Туркия тарих фани бўйича мактаб дарсликларида “Марказий Осиё” номини “Туркистон” билан алмаштирди. АҚШнинг Diplomat нашри ёзишича, Анқара бу билан Марказий Осиё улгиларини қайтадан белгилаб олмоқда ва минтақани ўз геосиёсий нуқтаи назаридан баҳолашга уринмоқда.

Украинага босқиндан сўнг минтақада Россиянинг таъсири сусайди, Хитой эса “Бир макон, бир йўл” ташаббуси орқали ўз таъсирини кучайтирмоқда, деб ёзади мақола муаллифи, Жанубий Кореянинг Жунбу университети профессори Меҳмет Фотиҳ Ўзтарсу. Айни геосиёсий вазиятда Анқаранинг ташаббуси ўзгача маъно касб этади, дея урғулайди у.

“Туркистон” жўғрофик жиҳатдан Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ҳамда Хитойнинг Шинжон вилоятини қамраб олади. Ушбу атама XIX асрда минтақани Россия истило қилгунга қадар кенг қўлланган.

Туркий давлатлар ташкилоти Ўзбекистон ва қўшнилар муаммосини еча оладими?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:28:05 0:00

Совет даврида, 1918 йилда Марказий Осиёда дастлаб Туркистон Мухтор Совет Социалистик Республикаси ташкил қилинган эди. Москва ушбу мухтор тузилма орқали минтақадаги этник гуруҳларни бирлаштиришга ва социалистик мафкурани ёйишга ҳаракат қилган.

Бироқ 1920-йиллардаёқ Туркистон бўлиб ташланди, унинг ўрнида Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон совет республикалари тузилди. Советлар шу тариқа минтақада туркийларнинг этник ва тарихий бирлигига путур етказишга уриндилар.

Мазкур тарихий парчалашга жавоб сифатида бугунги кунда Туркия ва туркий давлатлар “туркий дунё” концепциясини қабул қилган, деб ёзади Ўзтарсу.

Муаллифга кўра, Туркия “Туркистон” атамаси орқали туркий тилли халқлар билан алоқа ўрнатишга ва умумий тарихий-маданий ўзликни тиклашга интилмоқда. Ушбу атаманинг Туркия таълим дастурига киритилиши Туркий давлатлар ташкилоти мақсадларига уйғундир.

Ташкилот ягона таълим ва маданият сиёсатини шакллантириш учун фаолият олиб бормоқда. Яқинда туркий давлатлар лотин имлоси асосида умумий алифбони қабул қилди. Ўзтарсу фикрича, ушбу қадамни Туркиянинг туркий дунёдаги юмшоқ кучи ва таъсири ортаётгани белгиси деб тушуниш мумкин.

Муаллиф “Туркистон” атамаси Москва, Теҳрон ва Пекинни аллақачон ҳушёр торттирганини қайд этаркан, Россия ва Эрон 12 октябрда Ашхободда ўтказилган форумга тўсатдан қизиқиш билдиргани тасодиф эмаслигини, яъни бу уларнинг Туркияга жавоби эканини айтади.

“Қозоғистон билан Ўзбекистон Россиядан тобора масофаланиб, туркий дунё билан алоқаларни мустаҳкамлашга интилмоқда. Ўзини минтақанинг етакчи маданий ва сиёсий ҳамкори чоғлайдиган Туркия эса Марказий Осиё келажагини шакллантиришдаги ролини кучайтиришга тайёр”, дея хулоса қилади Меҳмет Фотиҳ Ўзтарсу.

Самарқанд саммити: Мирзиёев туркий давлатлар лидерларини кутиб олмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:14 0:00

Ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов минтақадаги глобал ўйинчилар - Россия, Хитой ва Эроннинг Туркистон лойиҳасига эҳтимолий муносабатини таҳлил қилишга уринади.

Унинг фикрича, Россия пропагандаси бу каби ғояларни хушламаслигини очиқ-ойдин билдиряпти. Айни пайтда Хитой ҳар доимгидек эҳтиёткор.

"...Агар Уйғуристон ўзини “Шарқий Туркистон” деб номлаши эътиборга олинса, Марказий Осиё ўзининг тарихи ва келажагини “Туркистон” деган ном билан боғлаши – Пекинга ёқмаслиги аниқ. Айни пайтда, Пекин ҳар нарсага тезда асабийлашаверадиган давлат эмас.

Эрон Ислом Респбликаси учун ҳам “Туркистон” номи, лойиҳаси у қадар қулай бўлмаслиги мумкин. Эрон ўзининг ичидаги кўп сонли озарбайжон аҳолиси туфайли, бу лойиҳага ишончсизлик билдиришга мойил бўлади...

Туркиянинг ўзига келсак...Туркия учун ўзининг ишончли ҳамкорлари, тил ва дил бирлиги асосидаги иттифоқчилари бўлиши муҳим. Туркия бугун кўпқутбли дунёнинг фаолларидан бири, яъни Россия ва ХХРнинг глобал қудрати кучайиши тарафдори.

Марказий Осиё учун ҳам, РФ ва ХХР – бу биринчи ва иккинчи савдо-иқтисодий ҳамкорлар. Минтақанинг ҳеч бир давлати Москва ва Пекин билан конфликт излаш ниятида эмас. Эрон билан ҳам ҳамма яхши муносабатлар тарафдори.

Демак, Туркистон – бу қаршилик кўрсатиш бирлашуви эмас, бу ўзаро ҳамкорлик ва ўзликларни сақлаш лойиҳасидир", дея фикр билдирди Раббимов.

Марказий Осиё давлатлари, жумладан минтақадаги туркий тилли бўлмаган ягона давлат - Тожикистон ҳозирга қадар Туркиянинг тарих дарсликларида минтақа номини "Туркистон" деб ўзгартириш қарорига муносабат билдирганлари маълум эмас.

Тожикистон ҳозиргача Туркия етакчилигидаги интеграция лойиҳаларидан четда қолмоқда.

Олдинроқ Туркий Давлатлар Ташкилоти доирасидаги интеграция ташаббускорларидан бўлган Озарбайжон Тожикистон билан стратегик ҳамкорлик шартномасини имзолаганди.

Шу йил майида президент Илҳом Алиевнинг Душанбега ташрифи ва кейинроқ Бокуда ўтган озарбайжон-тожик бизнес форуми Тожикистонни туркий давлатлар ўртасидаги интеграция жараёнларига жалб этиш уриниши сифатида талқин қилинган. Аммо Тожикистон ҳозиргача ТДТ доирасидаги лойиҳаларга қизиқиш билдиргани маълум эмас.

Форум

XS
SM
MD
LG