Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:59

Туркий дунё ва славянлар уруши. Россия таркибидаги миллий республикалар тақдири ҳақида


Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) га аъзо давлатлар раҳбарлари Самарқанд саммитида. 11 ноябрь, 2022
Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) га аъзо давлатлар раҳбарлари Самарқанд саммитида. 11 ноябрь, 2022

“Россия қанча заифлашса, ташқи душманлар, жумладан туркий дунё унга шунча хавф солади. Пантуркизм Марказий Осиё ва Туркиядан аста-секин Москвага томон ўрмалаб, Россиянинг туркий халқларини ўз таъсирига тортмоқда”. Ҳозирги вазиятни россиялик ультрапатриотлар тахминан шундай чизишади. Улар мамлакат парчалангудек бўлса, бунда пантуркизмнинг ҳам ҳиссаси бўлишига амин, деб ёзади россиялик блогер Олег Борский Озодлик рус хизмати саҳифасидаги блогида.

Туркийлар бирлиги тарафдорлар бу иддаоларга қўшилишмайди, албатта. Бугунги кунда ушбу жараёнларни Анқара бошқаради. Туркия туркий дунёга мамлакатлараро иқтисодий ва маданий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш имконияти деб қарайди. Ҳеч ким янги империяга бирлашмоқчи эмас. Бироқ Владимир Путин даврида Россиянинг туркий бўлгалари халқаро ҳамкорлик тизимларидан буткул узоқлаштирилиши туркийлар бирлиги тарафдорларига ёқмаслиги тайин. Россия туркийлари Туркий давлатлар ташкилоти саммитларида иштирок этишмайди, Москва уларни ҳатто маданият соҳасидаги кўплаб ҳамкорлик лойиҳаларидан ҳам узиб қўйган.

Туркий давлатлар ташкилоти Ўзбекистон ва қўшнилар муаммосини еча оладими?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:28:05 0:00

Борис Ельцин кенг кўламли ислоҳотларга киришар экан, “Юта олганингизча суверенитет олинг” деган машҳур гапини илк бор айнан Татаристонда айтган эди. Унинг вориси эса Россия Федерацияси республикалари учун суверенитет тушунчасини оддий расмиятчиликка айлантирди. Анқара 1990-йиллар бошларидан бери Россия таркибидаги ўн туркий “мухторият”га очиқ қизиқиш билдириб келмоқда. Улар орасида энг йириклари Бошқирдистон ва Татаристондир. Хусусан, Татаристонда қарийб 4 млн киши яшайди ва шундан ярмидан ортиғи туркий халқлар вакиллари (татарлар, бошқирдлар, чувашлар, озарбайжонлар, ўзбеклар)дир.

Бундан чиқадики, Россиянинг ўзи ҳам қисман туркий давлат экан. Бироқ Москва Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятида ҳеч қачон жиддий қатнашган эмас. Пантуркизм азалдан Кремлнинг кўзига олабўжи кўринган, СССР парчаланганидан сўнг бу қўрқув фақат кучайди. Россиянинг сарой сиёсатшунослари пантуркизмни ҳатто фашизмга тенглаштира бошлашди. Туркий бўлгаларнинг Туркия билан ҳар қандай яқинлашуви Россиянинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз деб кўрилади. 1990-йиллар миёналарида Чеченистонда қирғинбарот уруш бошланишининг кўпдан-кўп сабабларидан бири Москванинг “бошқа айирмачилар” кўзини қўрқитиб қўйиш, уларнинг суверенитетга ва туркий дунё (шунингдек, ислом дунёси) билан яқинлашишга интилишини сўндириш истаги эди.

Бу, жумладан, Татаристонга ҳам мужда эди. Қозондаги сиёсатчиларга тан бериш керак – улар СССР тарқаганидан сўнг жуда рационал йўлдан бориб, Кремлдан кўп нарса ундира олишганди. 1994 йил февралда бошланган Чеченистон урушига қадар Татаристон ваколатларни ажратиш бўйича Москва билан муддатсиз шартнома тузишга муваффақ бўлди. Мазкур ҳужжат туфайли Татаристон ҳақиқий федерализм таъмидан Россиянинг бошқа ҳудудларидан ортиқроқ баҳраманд бўлди. Республика ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланди, бошқа давлатлар билан гуманитар алоқаларни йўлга қўйди. Натижада Татаристонда турмуш даражаси юқорилай бошлади. Бироқ бу Путин иқтидорга келгунича давом этди. Ельциннинг вориси даврида Москва “ҳокимият вертикали”ни яратди – Кремль ҳудудий раҳбарларни ўзи, ўз манфаатларидан келиб чиқиб тайинлайдиган бўлди, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва солиқ тизимлари маҳаллий ҳокимиятлар назоратидан чиқарилди.

Самарқанд саммити: Мирзиёев туркий давлатлар лидерларини кутиб олмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:14 0:00

Хўш, бунақа “ислоҳот”дан сўнг Россия ҳудудлари яхшироқ яшаяптими? Нефтга бой Татаристон, жавоҳирлар кони бўлмиш Ёқутистон, тоғдаги оромгоҳлари билан машҳур Қабардин-Болқория бирон табиий бойликларсиз Москва билан Петербургнинг турмуш даражаси бўйича Россияда етакчилик қилаётганини ҳайрат билан кузатмоқда. Дарвоқе, марказий ҳукумат федерализмни маҳв этиши сабабларидан бири ҳам шу – барча даромадларга эндиликда Москва эгалик қилмоқда, ҳудудларга эса қанчалик содиқлигига қараб улуш ажратилади. Чунончи, Ёқутистонда жаҳон олмос захирасининг чорак қисми қазиб олинади ва бу бойликларни “Алроса” федерал ширкати тасарруф этмоқда. Ширкат акцияларининг атиги 25 фоизи Ёқутистонга тегишли бўлиб, республика фақат дивиденд тўловларидан умид қилиши мумкин, холос. Россиянинг туркий бўлгалари потенциал бадавлат бўла туриб, ўз маблағидан бир қисмини Москвадан тилаб олишга мажбур.

Москва миллий республикаларни унитаризм жиловида маҳкам тутиш учун нафақат сиёсий, балки молиявий чораларни ҳам ишга солади. Кремлпараст мафкурачилар ОАВда “славянлар ва туркийларнинг маънавий бирлиги”дан баҳс уришаркан, Россия давлатчилиги илдизларидан бири туркийларга бориб тақалади, деб ҳисоблаган Лев Гумилёв ва Константин Леонтьевлардан иқтибос келтирадилар. Бироқ замонавий воқелик жарангдор назарияларни чил-парчин қилмоқда. Зеро, “туркий-славян бирлиги” тиқиштирилаётган халқлар славян давлатлари ўртасидаги адоватни кўриб ҳушёр тортмаслиги мумкин эмас. “Славянларнинг ўзаро баҳси” Россиянинг Украинага қарши қонли тажовузига айланиб кетди; улардан олдинроқ эса серблар қардош хорват ва боснияликлар билан қир-пичоқ бўлишган эди. Ҳарқалай, туркий халқлар бир-бири билан бунақа қонли “баҳс” қилишмаган; масалан, Эрдўғон Туркманистон, Озарбайжон ёки Қозоғистоннинг бир бўлагини аннексия қилишни хаёлига ҳам келтирмайди.

Славянлар билан туркий дунё орасидаги энг катта тафовут ҳам мана шу. Туркий мамлакатлар қўшма иқтисодий лойиҳалар билан, тижорат билан шуғулланишади – ким “катта оғалик”ка ҳақлироқлигини аниқлаш билан эмас. Туркий давлатлар ташкилотининг яқинда Самарқандда бўлиб ўтган форумида уларнинг раҳбарлари ўз мамлакатлари орқали Осиёдан Европага элтувчи транспорт йўлакларини, 500 миллион долларлик инвестиция фондини таъсис этишни, барча мамлакатлар учун фойдали лойиҳаларни муҳокама қилишди. Туркийлар барча даврларда мураккаб муаммоларга нозик ёндашуви билан ажралиб турганлар. Россия миллий бўлгаларини Москвадан “тортиб олиш”нинг уларга кераги йўқ, уларнинг муддаоси – ҳамкорлик, холос. Россияда нормал федерализм бўлганида Кремль, эҳтимол, бу ҳамкорликка йўл берган бўлур эди.

Унитаризмдан чекиниш ва Федератив шартнома 90-йиллар бошида Россия давлатини ҳалокатдан сақлаб қолган эди. 2022 йил 24 февралда Россия ўзини 1990-йиллардагидан оғирроқ балога дучор қилди. Ҳолдан тойдирувчи уруш, фронтдаги мағлубиятлар, устма-уст санкциялар мамлакатни жарга тортмоқда. Бироқ Кремль қатағонларга зўр бериб, мухолифларини – қамоққа, оддий россияликларни, жумладан, миллий бўлгалар аҳолисини эса уруш оташига отаётир. Бу мамлакатдаги умумий инқирозни фақат чуқурлаштиряпти. Россия туркийларини – туркий дунё, бурят ва қалмиқларни – Мўғулистон, карелларни – Финляндия, Шимолий Кавказ халқларини эса Туркия бу оташда кул бўлишдан қутқариб қолишга уринади.

Москванинг эса ёрдам сўрайдиган ҳеч кими йўқ – иттифоқчи ва дўстлар бой берилган, ҳатто Минск ҳам ўзини четга олмоқда. Туркийлар ҳамжамияти, афтидан, барини яхши тушуниб турибди, шу боис ҳам Россиядаги биродарларининг тақдирига тааллуқли воқеаларни жадаллаштирмаяпти. Қардош халқларнинг нормал тинч ҳамкорлиги йўлидаги барча ғовлар эртами ё кеч муқаррар қулаяжак.

Олег Борский – москвалик журналист ва блогер

Блог муаллифининг нуқтаи назари таҳририят нуқтаи назарини ифодаламайди.

Форум

XS
SM
MD
LG