Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:39

Президентнинг Транспорт вазирлиги тузиш топшириғи “туғилмай бўғилиши” мумкин


Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг юқори лавозимли расмийси¸ шахси сир қолиш шарти билан Озодликка¸ президент Шавкат Мирзиëевнинг Транспорт вазирлиги ташкил этиш бўйича таклиф киритиш топшириғи ижроси “номаълум муддатга тўхтатилгани”ни маълум қилди.

28 август куни мамлакатдаги транспорт соҳаси муаммоларига бағишлаб ўтказилган мажлисда президент бу соҳадаги вазиятни танқид қилган ва уларни комплекс ҳал этиш учун¸ ўша куни Ўзбекистон Миллий агентлиги берган хабарга кўра¸ мамлакатда Транспорт вазирлиги ташкил этиш ғоясини кўриб чиқишни буюрган эди.

Ўзавтотранс” агентлиги томонидан транспорт соҳасини ривожлантиришни комплекс кўриб чиқиш борасида давлат сиёсатини юритиш тизими ҳанузгача йўлга қўйилмагани сабабли автомобиль, темир йўллар ва ҳаво йўллари, метро ва дарё транспорти ишини ўзаро мувофиқлаштирувчи, бу борада ягона сиёсат юритувчи давлат органини ташкил этиш зарур”, - деган иқтибос келтирган эди ЎзА бу мажлисдаги президент чиқиши ҳақида.

(19 сентябрга келиб¸ ЎзА¸ қолаверса¸ Кун.уз каби бошқа маҳаллий янгиликлар сайтларидан президентнинг Транспорт вазирлиги тузиш ҳақида топшириқи берганига оид хабарларнинг олиб ташлангани маълум бўлди. Бунинг сабаби ҳақидаги изоҳлар¸ мақола давомида – таҳр.)

Тошкент мулозимининг Озодликка 19 сентябрь куни билдиришича¸ бу топшириқ¸ мамлакат транспорт соҳасини монополиясига айлантириб улгурган шахс ва гуруҳлар қаршилигига учраган ва улар президентни “бундай таклифга ҳали эрталигига” ишонтирган.

“Бош вазирнинг 1-ўринбосари Очилбой Раматов президентнинг олдига кириб¸ Транспорт вазирлиги тузишга ҳозирча эҳтиëж йўқ¸ деган гапга кўндирди. Вазирлик тузиш ҳақида таклиф ишлаб чиқиш жараëни ҳозирча тўхтатилди. Ҳозирча эрта¸ дегани қанчага чўзилади¸ номаълум. Шу билан бу ғоя дунë юзини кўрмай қолиб кетиши ҳам мумкин”¸ деди бу жараëнга бевосита алоқадор юқори лавозимли Тошкент расмийси.

Ўзбекистонга Транспорт вазирлиги нега керак?

Ўзбекистонда транспорт-коммуникация соҳасини “Ўзбекистон темир йўллари”¸ “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ва Ўзбекистон автомобиль ва дарë транспорти агентлиги каби бир неча давлатга қарашли тизим назорат қилади.

Ўзбекистонлик транспорт соҳаси экспертларига кўра¸ бунинг оқибатида давлатнинг транспорт-коммуникация соҳасида ягона мувофиқлашган сиëсат юрғизиш ва уни ижро этиш салоҳияти парчаланган.

“Оқибатда¸ Криловнинг оққуш¸ чўртанбалиқ ва қисқичбақа ҳақидаги масалига ўхшаб¸ ҳамма кўрпани ўзига тортадиган бўлиб қолган. Буларнинг ҳаммаси давлатнинг¸ бюджетнинг пулини харжлайди¸ давлат гарантияси билан миллион-миллион қарз олади. Лекин нарх-навони¸ тариф ва қоидаларни белгилашга келганда¸ ўз билганини қилади. Темир йўллар Раматовнинг боласи – ҳеч ким билан маслаҳатлашмай¸ нархларни ошириб ëпипти. Ҳаво йўлларининг ҳам “эгалари” бор. Халқнинг пулини олади¸ лекин нархларини халққа тўғри келмайдиган қилиб қўяверади. Унисиям-бунисиям давлатга убиточний¸ лекин кимларгадир соққа келтираяпти. Буларга пул бераëтган халқ эса¸ на темир йўллариг¸ на ҳаво йўллари билетига пул тополмай¸ Қозоғистон¸ Россия йўлларида ўлиб кетаяпти”¸ дейди халқаро транспорт соҳасидаги ўзбек мутахассиси.

Бу суҳбатдош таъкидича¸ Транспорт вазирлиги тузилса¸ транспорт-коммуникация соҳасидаги ягона давлат сиëсати ва ягона нарх тизими ишлаб чиқилади¸ бюджетдан пул ажратишда бу алоҳида уч тизимнинг тепасида кимлар турганидан келиб чиқиб имтиëзлар бериш тўхтайди ва айни шу нарса¸ имтиëзларга ўрганиб қолган шахс ва гуруҳлар қаршилигига учраган.

Ваколатсиз расмийларнинг хабари йўқ

Озодлик ҳукумат мулозимининг Транспорт вазирлиги тузиш ғоясининг «туғилмай бўғилгани» ҳақидаги хабарини текшириш учун учала транспорт ширкати раҳбарлари қабулхонаси ва бошқа мутасаддилари офиси билан боғланди.

Учала ширкатнинг Озодлик гаплашган расмийлари¸ раҳбарият 20-21 сентябрь кунлари Тошкентда Марказий Осиëнинг халқаро транспорт коридоридаги ролига оид халқаро конференцияга ҳозирлик билан бандлиги боис¸ бу саволга жавоб бериғга ваколатли бошлиқлар билан боғланиш имкони йўқлигини билдирди.

Айни пайтда¸ Озодлик суҳбатдошлари¸ Транспорт вазирлиги ташкил этиш таклифининг бекор этилганидан хабарлари йўқлигини билдирдилар.

“Бу таклиф экспертлар¸ хусусий транспорт ширкатлари томонидан позитив кутиб олинди¸ ҳар хил жўяли таклифлар берилди. Адашмасам¸ халқаро конферецияда ҳам шу масалада фикрлар билдирилади. Президент топшириғини ким¸ нима учун бекор қилади¸ бунисини билмайман”¸ деди Ўзбекистон автомобиль ва дарë транспорти агентлигининг Озодлик гаплашган расмийси.

Транспорт вазирлиги тузиш топшириғи – фейк нюс (fake news)?

Озодлик гаплашган ҳукумат мулозимларидан бири¸ 28 август куни Ўзбекистон транспорт соҳаси муаммоларига бағишланган мажлисда президентнинг Транспорт вазирлиги тузиш ҳақида топшириқ бергани ҳақидаги расмий хабарнинг¸ бу ғояни тўхтатишга уринаëтган гуруҳлар босими остида олиб ташланганини билдирди.

“Бунақа гап бўлмади¸ бу фейк хабар¸ деган босим билан олдириб ташлашди. Шундан ҳам билишингиз мумкин¸ бу ғояни ўлдириш ҳаракатининг қандай бораëтганини”¸ деди бу мулозим.

Озодлик 28 август кунги мажлис ва унда янграган Транспорт вазирлиги тузиш ҳақида биринчи бўлиб хабар тарқатган Ўзбекистон Миллий агентлиги ¸ қолаверса¸ Кун.уз сайтидан бу хабарни 19 сентябрь куни топа олмади.

Айни пайтда¸ бу ҳақда ЎзА хабарига таяниб ëзган айрим сайтларда унинг сақланиб қолганини кўриш мумкин.

XS
SM
MD
LG