Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:38

Тошкентда Нукус воқеалари бўйича апелляция маҳкамаси бўлиб ўтмоқда


Нукус воқеалари бўйича Бухорода бўлиб ўтган илк суд мажлиси (архив сурати).
Нукус воқеалари бўйича Бухорода бўлиб ўтган илк суд мажлиси (архив сурати).

Тошкентда Нукус воқеаларида айбланган 16 нафар судланувчининг апелляция маҳкамаси бошланган. Олий суд шартли жазога маҳкум этилган яна тўрт шахсга чиқарилган ҳукм юзасидан прокурорлар киритган протестни ҳам кўриб чиқади.

5 май куни бошланган апелляция маҳкамаси Қорақалпоғистон Республикаси судининг 31 январдаги ҳукми устидан журналист ва адвокат Даулетмурат Тажимуратов, Қорақалпоғистон ИИВ собиқ мулозими, ҳозирда марҳум Пўлат Шамшетов ва бошқа судланувчилар хамда адвокатларининг шикоятларини кўриб чиқмоқда.

Прокуратура мазкур ҳукмнинг судланувчилар Лолагул Қаллиханова, Азамат Турданов, Ахмет Сметуллаев ва Азамат Нуратдиновга оид қисмига протест киритган.

Январь ойи охирида Бухоро вилояти судида ўтган йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларда айбланган 22 кишига нисбатан ҳукм эълон қилинган. Ҳукмга мувофиқ, асосий айбланувчи сифатида кўрилаётган Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалган, яна 17 киши 3 йилдан 8,5 йилгача озодликдан маҳрум этилган, Лолагул Қаллиханова дохил тўрт киши эса суд залидан озод қилинган эди.

Тажимуратов тергов жараёнида қийноққа солинганини айтган.

Нукус воқеалари бўйича жиноят иши юзасидан яна 39 нафар судланувчига нисбатан иккинчи суд ҳукми эса 17 март куни эълон қилинган. Ўшанда суд судланувчилардан 28 нафарига 5 йилдан 11 йилгача қамоқ жазоси бергани, 11 нафари эса шартли равишда суд залидан озод қилингани очиқланган.

Ўтган йил ёзида Ўзбекистон конституциясининг янги таҳририда Қорақалпоғистон республикаси суверен мақомининг бекор қилинишига қарши Нукусда бошланиб кетган норозиликлар чоғида расмийларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.

Аввалроқ АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақирган. Аммо иккинчи суддаги айбланувчилар орасида ҳам намойиш иштирокчиларига қарши ноқонуний куч қўллаганликда гумонланган хавфсизлик кучлари ходимлари кўринган эмас.

Март ойида Тошкент ва Нукусга сафар қилган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк ҳам уларга Нукус воқеаларидан сабоқ чиқариш бўйича тавсиялар берганини айтган.

Ўтган йил ноябрида Ҳьюман Райтс Уотч (HRW) инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистон хавфсизлик кучларини Қорақалпоғистондаги норозилик намойишларини бостириш чоғида "ҳаддан ташқари ва ҳалокатли" куч ишлатганликда айблаб чиққан эди.

Президент Мирзиёевнинг 2-3 май кунлари Германияга қилган сафари арафасида ташкилот расмий Берлинни Нукусда 21 кишининг ўлимида айбдорларни жавобгарликка тортиш юзасидан Мирзиёев ҳукуматига босим ўтказишга чақирди.

  • 30 апрель кунги референдумда Нукусдаги қонли воқеаларга сабаб бўлган Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири маъқулланди. Унда Қорақалпоғистон республикасининг суверен мақоми сақлаб қолинган.
  • 1-2 июль куни Нукусда юз берган воқеалар Ўзбекистонда 2005 йил майидаги Андижон воқеаларидан буён содир бўлган энг йирик зўравонликлардир.
  • Ўзбек расмийлари намойишчиларга қарата ўт очилганини рад этишган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш этган.
  • Ўзбекистоннинг АҚШдаги ҳозирда собиқ элчиси Жавлон Ваҳобов Нукусдаги воқеалар юзасидан АҚШ Конгрессига махсус ҳисобот тақдим этилишини айтган. Бу ҳисобот тақдим этилган ёки йўқлиги маълум эмас.
  • Ўзбекистон парламентининг воқеаларни ўрганган махсус комиссияси ҳозирга қадар ўзининг якуний хулосасини эълон қилмаган.

Форум

XS
SM
MD
LG