Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:35

Тошкент Тулада ўлган муҳожир ўзбеклар жасадини ватанга олиб келишга кўмаклашмоқчи


(Тула вилоят МЧС бошқармаси томонидан тақдим этилди)
(Тула вилоят МЧС бошқармаси томонидан тақдим этилди)

Россиянинг Тула вилоятида қулаган омборхонада уч нафар ўзбекистонлик ишчининг ўлими юзасидан жиноий иш очилди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳалок бўлган муҳожирларнинг яқинларига кўмак бериш ва жасадларни Ўзбекистонга юбориш масаласи бўйича Россия билан музокара ўтказгани хабар қилинди.

Уч ўзбек том тагида қолиб ҳалок бўлди

Россия Тергов қўмитасининг Тула вилоят бўйича бошқармаси 1992 йилда туғилган икки ва 1974 йилда таваллуд топган бир нафар Ўзбекистон ватандошларининг ўлими юзасидан жиноий иш очганини маълум қилди.

Вилоят тергов қўмитаси расмий вакиласи адлия капитани Татьяна Гризлова фожеа 10 феврал куни кундузги 15:50ларда Тула вилоятининг Чернский тумани Поповка қишлоғидаги “Максим Горький” номли хўжаликка тегишли сабзавотлар сақлаш биноси томининг қулаб тушиши оқибатида содир бўлганини Озодликка билдирди:

- 10 феврал куни содир бўлди – 3 эркак нобуд бўлди. Тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда – у ҳақда бирор нарса ортиқча маълумот бера олмайман. Одамлар ишлаб чиқариш цехларининг томи босиб қолиши оқибатида ўлгани маълум. Уларнинг шахслари аниқланди - ҳаммаси Ўзбекистондан келган ишчилар экан. Ҳодиса рўй берган 10 феврал куниёқ Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 143- моддаси 3- қисми, яъни “Меҳнат хавфсизлиги талабларининг бузилиши оқибатида икки ёки ундан кўп одамнинг ўлими” асосида жиноий иш қўзғатилди,- дея маълумот берди Татьяна Гризлова.

Тергов қўмитаси вакиласи том босиб қолган шахслардан иккисининг ёши 25да, яна бири 43да эканини айтиб, қоидага кўра, уларнинг исми-шарифи ошкор этилмаслигини маълум қилди.

Одамлар ўлими юзасидан Чернский туман прокуратураси ҳам текширув бошлагани аниқланди.

"Фожиага қалин қор сабаб бўлган"

Ҳалокат узунлиги 100 метрча, баландлиги 4,5 метр бўлган картофел ювиладиган конвеер ўрнатилган цехда содир бўлгани маълум. Бу бино 2011 йилда қайта таъмирлашдан чиқарилган экан.

Қулаб тушган ангарнинг тозаланишида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, маҳаллий полиция ва корхона ишчилари иштирок этгани маълум бўлди. Жами қутқариш ишларига 20 нафар МЧС ва яна 20 нафар полиция ходими жалб қилинди.

Чернский туман полиция бўлимининг қутқариш ишларида иштирок этган ходимларидан бири Озодликка 40 метр кв. майдонидаги цех томи қалин ёққан қор туфайли босиб қолган бўлиши мумкинлиги тўғрисида тахминлар борлигини очиқлади. Сабзавотлар сақлаш биноси томи қулашига унинг эскириб кетгани сабаб бўлган бўлиши мумкин, деган фаразлар ҳам ўрганилмоқда.

Ўзбекистон муҳожир ўзбеклар жасадини олиб келмоқчи

Новости ахборот агентлиги Ўзбекистон ҳукумати Россиянинг Тула вилоятида ҳалок бўлган уч нафар ўзбекистонликнинг жасадини ватанига олиб келишга кўмак кўрсатишини хабар қилди.

“Бугунги кунда Ўзбекистон Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги ҳалок бўлганларнинг оилаларига жасадларни дафн этилувчи жойларга олиб келишда кўмак кўрсатиш бўйича ишларни олиб бораяпти”, деб билдирган агентлик манбаси.

Қулаган ангар олигарх Александр Лебедевга тегишли экани аниқланди
Қулаган ангар олигарх Александр Лебедевга тегишли экани аниқланди

Озодлик тасдиқлаб олган маълумотга биноан, ўзбекистонлик муҳожирлар ҳалок бўлган картошка етиштирадиган “Максим Горький” номли хўжалик россиялик таниқли миллиардер Александр Лебедевга тегишлидир.

Ўзбекистонликлар жасадлари ўзбек диаспораси ва консуллик кўмагида Ўзбекистонга жўнатилаётгани хабар қилинган бир пайтда, рус тадбиркори Лебедевнинг унинг корхонасида нобуд бўлган ўзбек ишчиларига моддий ёрдами борасида бирор хабар чиққанича йўқ.

Полиция Александр Лебедевнинг ўзи ҳам худди шу қишлоқда қайдда туришини маълум қилмоқда.

XS
SM
MD
LG