Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:02

Чирчиқ ИИБ дан 22 яшар йигитнинг ўлиги чиқди. Расмийлар гумондор ўзини осганини айтмоқда


Ҳибсхона. Иллюстратив сурат
Ҳибсхона. Иллюстратив сурат

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги тергов изоляторида 2001 йилда туғилган шахс ўсини осган ҳолда топилгани юзасидан текширув ишлари бошланганини маълум қилди.

Шу йилнинг 30 ноябрь куни ўғриликда гумонланиб ҳибсга олинган А.Ў. 1 декабрь куни ўзини осган ҳолда топилгани, аммо унинг бурни сингани ва танасида жароҳат излари борлиги ҳақида дастлаб маҳаллий кенгаш депутати Жаҳонгир Тўлаганов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар қилди.

Расмий хабарга кўра, 2001 йилда туғилган фуқаро A.Ў. Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисми “в” банди (ўғрилик, кўп миқдорда) ва 168-моддаси 3-қисми “б” бандида (фирибгарлик, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбланган.

Гумондор 1 декабрь куни соат тунги 02:30 ларда гумондор камерадаги ёпинчиқ чойшабдан сиртмоқ ясаб, камера ойначасининг темир панжарасига боғлаган ҳолда ўз жонига қасд қилган.

Суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳумнинг ўлими бўйин қисми сиртмоқ билан сиқилиши натижасида келиб чиққан механик асфиксия оқибатида юз берган.

Тошкент вилояти ИИББ маълумотига кўра, мазкур ҳолат юзасидан терговолди суриштирув жараёнлари бошланган.

Озодлик тасарруфидаги фото ва видеоматериалларда марҳумнинг танасида жароҳат изларини кўриш мумкин. Яқинларига кўра, унинг бурни синган ва танасининг турли жойларида қийноқ излари мавжуд. Шунингдек, тасвирларда тананинг шилинган ва кўкарган жойларини кўриш мумкин.

Озодлик манбаларига кўра, 2 декабрь куни марҳумнинг яқинлари экспертиза хулосаларидан норозилик сифатида унинг жасадини кўмишдан бош тортишган. Шундан сўнг марҳумнинг отаси Зиёвуддин ака ва унинг оила аъзоларига тунда содир бўлган ҳодисанинг видео кузатув камераларида қайд қилинган тасвирлари қўйиб берилган.

Қариндошлар шундан сўнг 2 декабрь куни аср намозидан сўнг марҳумни тупроққа беришган.

Бўкада маҳбуснинг ўлими ва норозилик. ИИБ раҳбарияти ишдан олинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:05 0:00

Тошкент вилояти ИИББ марҳум А.Ў.нинг ўлими билан боғлиқ хабарларда унинг муқаддам босқинчилик ва фирибгарлик жиноятлари билан судлангани, хавфли рецедив қилмиш содир этганига урғу бермоқда.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Чирчиқ шаҳридаги тергов изолятори маъмурияти маҳкум ўз жонига қасд қилиб, вафот этган тақдирда ҳам жавобгарликдан соқит бўла олмайди. Марҳумнинг танасидаги жароҳатларга изоҳ берилиши лозим.

Шунингдек, процессуал тартибда гумондор тариқасида ушланган шахснинг муҳофазаси изолятор маъмурияти зиммасида бўлиб, ҳар қандай ҳолатда ҳам маъмурият унинг ҳаёти, шароитлари ва жонига қасд қилиш омиллари учун масъулдир.

Қийноқ иддаолари

Охирги ҳодиса сўнгги ярим йилда Тошкент вилояти тергов изоляторларидан чиққан иккинчи ўлим ҳолатидир.

Шу йилнинг 7 июлида Тошкент вилояти Бўка туманида чорва ўғирлашда гумонланган 36 ёшли фуқаро Усмон Салимбоев ИИБ ходимларининг ноқонуний сўроқ қилиши ва жароҳат етказиши оқибатида вафот этгани яқинларининг норозилиги ва қийноқлар билан боғлиқ янги муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ҳодисага алоқадор икки ходим ҳибсга олингани, туман ИИБ раҳбарияти эса ишдан бўшатилганини маълум қилган.

Шу йилнинг 13 августига ўтар кечаси Тошкент шаҳар ИИББ тергов изоляторидан Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми “в” банди (“Одам ўғирлаш”), 165-моддаси 3-қисми “а” банди (“Товламачилик”) ва 277-моддаси 2-қисми “б” банди (“Безорилик”)да кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланган 33 яшар Д. У.нинг жасади чиқди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган марҳумнинг жасади ва яқинларининг кўздан кечириш жараёнлари акс этган видеолавҳада Д.У.нинг танасида эҳтимолий қийноқ излари - танасининг қорайган, кўкарган жойлари акс этган.

Марҳумнинг яқинларига кўра, Д.У. 12 август куни соат 21.30 лар атрофида ўз яшаш хонадонидан Тошкент шаҳар ИИББ жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан олиб кетилган ва унинг жасади 14 августга ўтар кечаси Тошкент шаҳар моргига берилган.

2021 йилнинг 26 июнь президент Мирзиёев фармони билан Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили қошида Қийноқларга қарши Миллий превентив механизмларни амалга ошириш гуруҳи тузилган.

Гуруҳ зиммасига жазони ижро этиш муассасаларида қийноқларнинг олдини олиш, унинг оқибатларини ўрганиш масалалари юклатилган.

Бироқ қийноқлар бўйича ҳаракатлар стратегиясини мувофиқлаштирувчи мазкур ваколатли гуруҳ ҳозирга қадар Тошкент шаҳар ИИББ биносидаги ўлим ҳолати юзасидан муносабат билдиргани йўқ.

Россиялик инвестор Тошкент ИИББда қийноққа солингани иддао қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:07 0:00

Ўтган ҳафта гуруҳга бошчилик қилувчи Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили эълон қилган ҳисоботга кўра, қамоқхоналарда сақланаётган шахсларга нисбатан руҳий, психологик, жисмоний босим ўтказилганлиги ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги юзасидан 125 та шикоят келиб тушган.

“Ушбу шикоятларнинг 64 фоизи юзасидан ходимларнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан ўтказилган хизмат текширувлари ҳамда прокуратура органлари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув якунларига кўра ўз тасдиғини топмаган”, - дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботда айни пайтда қийноқлар бўйича 37 та шикоят юзасидан терговга қадар текширув олиб борилаётгани қайд этилган.

Халқаро ташкилотлар узоқ йиллардан бери Ўзбекистон ҳукуматини қийноқларнинг олдини олишга чақириб келади. Жумладан, Ҳюман Райтс Уотч (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти 24 май куни эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистоннинг вақтинча тергов изоляторлари ва қамоқхоналарида қийноқлар давом этаётгани айтилган.

Ўтган ой БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши Ўзбекистон ҳукуматини 2022 йил июлидаги Нукус воқеаларида айбланиб ҳибсга олинганларга қарши қийноқ қўллангани ҳақидаги даъволарни текширишга чақирган.

Форум

XS
SM
MD
LG