Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:37

Марказий Осиё Толибон билан алоқаларни мустаҳкамламоқда


Толибон ҳукумати Ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий ва Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов. 17 август, 2024
Толибон ҳукумати Ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий ва Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов. 17 август, 2024

Марказий Осиё давлатлари инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилишига қарамай, Афғонистонда ҳукмронлик қилаётган Толибон билан муносабатларини мустаҳкамламоқда. Қўшни мамлакатлар Толибон ҳукуматини расман тан олмаган бўлса-да, уларнинг баъзилари гуруҳни террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқарди ва режим билан йирик ҳамкорлик битимларини имзолади.

Марказий Осиё мамлакатлари жанубий қўшниси Афғонистон билан, толибларнинг, айниқса аёллар ҳуқуқларига нисбатан, тобора қаттиққўл сиёсатига қарамай, муносабатларни кенгайтириш учун ҳаракатлар қилмоқда.

Шу ой бошида Қирғизистон Толибонни террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқарди, Туркманистон Афғонистон билан йирик газ қувури лойиҳаси бўйича ишларни қайта бошлади, Ўзбекистон бош вазирининг жорий йил август ойида Афғонистонга ташрифи чоғида Кобул билан икки ярим миллиард долларлик ҳамкорлик битимлари имзоланди.

Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев 6 сентябрь куни бу чора "минтақавий барқарорликни таъминлаш ва ҳозирги мулоқотни янада ривожлантиришга" қаратилганини айтди.

11 сентябрь куни Туркманистон ва Толибон расмийлари Туркманистондан Жанубий Осиёга ҳар йили 33 миллиард куб метргача табиий газ етказиб беришга мўлжалланган Туркманистон - Афғонистон - Покистон - Ҳиндистон (ТАПҲ) газ қувури лойиҳаси қайта тикланганини нишонловчи маросим ўтказдилар.

Туркманистоннинг чегарадош Сарҳатабод шаҳрида бўлиб ўтган маросимда собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедов бош вазир Муҳаммад Ҳасан Охунд бошчилигидаги толиблар делегацияси билан учрашди.

Маросимга Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов видеоалоқа орқали қўшилди.

ТАПҲ лойиҳасининг тахминий қиймати 10 миллиард долларни ташкил этади. У 1990 йилларда ишлаб чиқилган, аммо Афғонистондаги уруш ва беқарорлик туфайли амалга ошириш бир неча бор кечиктирилган.

Туркманистон 1800 километрлик газ қувури молиявий қийинчиликларни бошдан кечираётган Ашҳобод учун муҳим даромад манбаи бўлишига умид қилмоқда.

Афғонистон ҳар йили 500 миллион долларга яқин транзит тўловларини олиши мумкин, бу унинг бюджетига сезиларли ёрдам бўлади.

Бироқ, Толибон маъмуриятига қарши Ғарб санкциялари ва Кобулдаги ҳукуматнинг расман тан олинмаганлиги сабабли ТАПҲ лойиҳасининг келажаги ноаниқ бўлиб қолмоқда, бу эса лойиҳани молиялаштириш ва унга сармоя киритишга тўсқинлик қилиши мумкин.

Дунёнинг бирорта мамлакати толиблар ҳукуматини расман тан олмаган.

ЮҚОРИ ДАРАЖАДАГИ ТАШРИФ

Август ойида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Кобулга ташриф буюрди, бу уч йил аввал Кобулда толиблар ҳокимият тепасига келганидан бери хорижий ҳукумат вакилининг энг диққатга сазовор ташрифи бўлди.

Хабарларга кўра, ташриф давомида Ўзбекистон ва "Толибон" вакиллари энергетика, қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳаларида қарийб 2,5 миллиард долларлик инвестиция ва савдо битимларини имзоладилар.

2023 йил август ойида Афғонистон ва Қозоғистон ўзаро савдо ҳажмини 3 миллиард долларга етказишни режалаштирганликларини эълон қилган эдилар.

Марказий Осиёнинг энг йирик иқтисодиёти Қозоғистон минтақада "Толибон"ни террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқарган биринчи давлат бўлди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги бу қарорни 2023 йил декабрь ойида эълон қилган эди.

Аммо Толибон ҳокимият тепасига қайтганидан сўнг Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Кобул билан алоқаларни етарлича тез йўлга қўйган бўлса-да, Тожикистон Марказий Осиёда Афғонистоннинг янги ҳукуматига нисбатан қатъий позицияни сақлаб қолган ягона давлат бўлиб қолмоқда.

Толиблар. “Қора рўйхатдан” чиқарилаётган ҳаракат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:45:49 0:00

«РЕАЛЛИКНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ»

Душанбенинг позицияси кўп жиҳатдан Афғонистонда яшовчи, асосан пуштунлар ҳукмрон "Толибон"га қарши курашаётган этник тожиклар билан бўлган этник, лингвистик ва тарихий алоқаларга асосланган.

Бироқ, ҳозирда Тожикистон толибларга нисбатан сиёсатини юмшатаётганга ўхшайди, буни тожикистонлик экспертлар "реалликни қабул қилиш" деб аташмоқда.

Тожикистон Кобулга электр энергиясини экспорт қилмоқда ва чегара шаҳарларида бир нечта бозорлар очди, у ерда ҳар икки томондан келган тожирлар савдо қилмоқда. Хабарларга кўра, ҳукуматлар Афғонистон ҳудудидан Тожикистонга ҳужум қилаётган жангариларга қарши курашда ҳамкорликни ҳам муҳокама қилишган.

Душанбе ва Кобул Тожикистондан жангариларни ёллаётган "Хуросон Ислом давлати" террорчилик гуруҳини енгишда умумий манфаатга эга.

Афғонистон ОАВлари август ойи охирида Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Саймуддин Ятимов "Толибон" разведкаси бошлиғи Абдулҳақ Восиқ билан учрашгани ҳақида хабар берган эди. Тожикистон ҳукумати бу хабарларни тасдиқламади ҳам, рад этмади ҳам.

Исмини ошкор этмасликни истаган тожикистонлик эксперт Озодликка "Тожикистоннинг Афғонистон билан чўзилган чегараси, террор ҳужумлари таҳдиди ва иқтисодий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, Тожикистон расмийларининг Толибон билан геосиёсий ҳамкорлик қилишдан бошқа иложи йўқ" эканлигини айтди.

Баъзи экспертлар таъкидлашича, Хитой ва Қозоғистон Душанбени толиблар ҳукуматига нисбатан муносабатини ўзгартиришга ишонтиришда маълум роль ўйнаган.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев июнь ойида Олмаотада Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти аъзоларининг юқори лавозимли амалдорлари олдида сўзга чиқиб, Толибонни "узоқ муддатли омил" деб атади ва "замонавий Афғонистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини" таъкидлади.

Форум

XS
SM
MD
LG