Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:20

Бишкекдаги музокаралар: Марказий Осиё Толибон билан тил топишдими?


ЕИ-МО Афғонистон бўйича махсус вакилларининг 5-мажлиси. 14 февраль, Бишкек, Қирғизистон
ЕИ-МО Афғонистон бўйича махсус вакилларининг 5-мажлиси. 14 февраль, Бишкек, Қирғизистон

Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи махсус вакиллари Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилиш учун Бишкекда илк бор учрашдилар.

Толиблар бошқараётган Афғонистондаги гуманитар вазият, наркотижорат ва халқаро терроризмга қарши кураш учрашув мавзуси бўлди.

Айрим маҳаллий таҳлилчилар тахминича, Ғарб Афғонистон муаммосига Марказий Осиё орқали ечим топишга уринмоқда. Ўтган ҳафта бошида Human Rights Watch инсон ҳақлари ташкилоти чет эл ёрдамининг кескин камайиши Афғонистон соғлиқни сақлаш тизимига жиддий таъсир этгани, тўйиб овқат емаётган одамлар сони кўпайиб, тиббиёт қолоқлиги оқибатида касалликлар авж олаётгани ҳақида огоҳлантирган эди.

Халқаро ҳамжамият Афғонистондаги аҳволдан ташвишда

13 феврал куни Бишкекда кечган учрашувда ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Тери Хакала ҳамда Афғонистон бўйича вакили Томас Никлассон ҳам иштирок этишди. Шунингдек, БМТ бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили, Афғонистонга кўмак миссияси раҳбари Роза Отунбаева ҳам бор эди.

“Иштирокчилар Афғонистондаги жорий вазиятни ҳамда Дохада ўтган иккинчи халқаро учрашув олдидан БМТ бошлаб берган жараённи муҳокама қилишди. Шунингдек, БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда Марказий Осиё мамлакатларининг Кобулдаги дипломатик миссиялари билан фикр алмашилди”, деб маълум қилди Қирғизистон ТИВ.

Вазирлик расмий хабарномасида Бишкек учрашувида Толибон ҳукумати вакиллари иштирок этган-этмагани очиқланмаган.

Бу – мазкур форматда ўтказилган бешинчи учрашувдир. Марказий Осиё мамлакатлари ва Евроиттифоқнинг Афғонистон бўйича махсус вакиллари бунга қадар Олмаотада (2021 йил май), Тошкентда (2021 йил ноябр), Брюсселда (2023 йил январ) ва Ашхободда (2023 йил май) учрашганлар.

ЕИнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Никлассон Озодлик радиосига берган интервьюсида Бишкекдаги норасмий учрашув чоғида Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилганини айтди. Унинг урғулашича, ушбу музокаралар Дохада ўтажак Афғонистондаги вазиятга бағишланган халқаро конференция олдидан ташкил этилган. Никлассон Афғонистоннинг де-факто раҳбарияти ҳамда Марказий Осиё ва ЕИ вакиллари мунтазам алоқада бўлиб, афғон халқи ёрдамга муҳтожлигини барча томонлар яхши тушунадилар.

“Ўтган ҳафта мен Афғонистонда бўлиб, де-факто ҳукумат вакиллари билан қатор музокаралар олиб бордим. Бугун ҳам ўша масалалар муҳокама қилинди. Афғонистон билан алоқада бўлиб туришимиз лозим. Афғон халқига ёрдам беришда давом этишимиз керак. Айни чоғда олдинга юришимизга халал бераётган омиллар мавжуд. Бунақа тўсиқлар барчамизга маълум. Хавфсизлик ва иқтисодиёт муаммолари бор. Марказий Осиё мамлакатлари эса Афғонистон тимсолида имкониятларни кўриб, у минтақавий ҳамкорликнинг бир қисми бўлишини истайди. Афғонистонда инсон ҳуқуқлари ва барча афғонлар овоз бериш ҳуқуқига эга бўлишлари учун инклюзив бошқарув тизимини яратиш билан боғлиқ хавотирлар ҳам бор. Бугун ушбу масалалар муҳокамага қўйилди. Эшитганларимга кўра, бу масалаларнинг муҳимлиги борасида консенсусга эришилган. Бизнинг приоритетларимиз баъзан айри-айри бўлиши мумкин. Бироқ олдинга силжишимиз учун ушбу масалалар ҳал этилиши лозимлиги хусусида фикримиз бир жойдан чиқди деб ўйлайман”, деди Томас Никлассон.

Толибон ҳаракати 2021 йил августда Кобулда ҳокимиятни эгаллаган эди. Халқаро ҳамжамият, жумладан Марказий Осиёнинг ҳеч бир мамлакати Толибон бошлиқ Афғонистон ҳукуматини ҳануз расман тан олган эмас. Айрим мамлакатларда Толибон суд томонидан экстремистик ҳаракат деб эътироф этилган.

Озодлик фильми: Тошкент Толибон билан Қўштепа борасида келиша олмаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:35:33 0:00

Толиблар билан дипломатик алоқалар ўрнатишга интилишлар

Шунга қарамай минтақа мамлакатлари толиблар ҳукумати билан алоқаларни узмади. Яқинда пайдо бўлган хабарлар эса, қайтага, Марказий Осиёдаги баъзи давлатлар Толибон билан дипломатик алоқалар ўрнатишга уринаётганидан дарак бераётир.

Чунончи, маълум бўлишича, Афғонистоннинг Тошкентдаги элчихонаси толиблар ҳукуматига берилибди. Озодлик 4 февралда Толибон ҳукуматининг конлар ва нефт вазири Мавлавий Шаҳобиддин Диловарнинг кенжа ўғли Мавлавий Мағфурулла Шаҳоб афғон ҳукуматининг Ўзбекистондаги элчиси вазифасини бажаришга киришгани ҳақида хабар қилган эди.

Ўтган йил адоғида Қозоғистон ҳукумати Толибонни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилди. Афғонистон собиқ ҳукуматининг Остонадаги элчихонаси толиб дипломатлари ихтиёрига берилади, деган хабарлар бор.

Толибон иқтидорга келгач Афғонистонда аёллар ҳуқуқлари ҳадланди, қизларга таълим олиш тақиқлаб қўйилди. Аёллар жамоат жойларига, спорт залларига бора олмайдилар. Шулар сабабли Ғарб мамлакатлари Афғонистонга ёрдамини тўхтатиб қўйган. Боз устига Кобулга нисбатан халқаро санкциялар жорий қилинган.

Экспертларга кўра, гуманитар инқироз, наркотижорат ва хавфсизлик муаммолари туфайли Ғарб толиблар билан тил топишиш зарурлигини тушуниб, иқтисодий алоқаларни ўрнатишга ҳаракат қилмоқда.

Халқаро муносабатлар бўйича мутахассис Чинара Эсенгул Марказий Осиё мамлакатлари Толибонни расман тан олмаган ва унга нисбатан турлича муносабатда бўлса-да, сўнгги пайтларда бундай ёндашув юмшаётганини қайд этади.

“Толиблар ҳукумат тепасига келишганидан бери Марказий Осиё мамлакатлари уларга нисбатан турли позицияларда турибди. Умумий яқинлигига қарамай, Тожикистон толибларга терс бўлди ва улар тузган ҳукуматни мамлакатда яшовчи барча халқлар манфаатларини тамсил этувчи инклюзив ҳукумат эмас, демоқда. Душанбе толибларни террорчилар деб аташга мойил. Россия бошқа позицияда, Марказий Осиёнинг қолган мамлакатлари, жумладан Қирғизистон эса у ерга президент вакили мақомига эга сиёсатчиларини жўнатиб, Толибон билан норасмий музокаралар қилаётир. Қозоғистон билан Ўзбекистон ҳам улар билан музокаралар олиб боряпти. Россия билан Хитой толибларни расмий ҳукумат ўлароқ тан олиш зарур, деган фикрга келмоқда. Толибларни тан олиш билан бирга, афғон халқига ва мамлакат ривожига кўмаклашиш масаласи ҳам ўртага чиқяпти. Бироқ мен умумият-ла Марказий Осиё, жумладан Тожикистон ҳам ушбу позицияни тутади, деб ўйламайман. Аммо кўпдан бери тожикларни бунга ишонтиришга ҳаракат қилмоқдалар”, дейди Чинара Эсенгул.

Таҳлилчига кўра, Ғарб Россиянинг Украинадаги уруши манзарасида Афғонистонга Марказий Осиё орқали таъсир ўтказишга уриняпти.

“Афғонистон тарихан ва маданият жиҳатидан Марказий Осиёнинг бир бўлагидир ва у ўз тарихий вазифасини бажариши керак. Уни айнан шунга ишонтиришга, шу орқали Афғонистон тараққиётига кўмаклашишга интилишмоқда. АҚШ бу мамлакатда 20 йил бўлди, одамларни умидвор қилди, кейин эса шоша-пиша мамлакатни тарк этди. Шу боис Ғарбнинг Афғонистондаги мавқеи бир оз бўшашган. АҚШ ўзи қатнаша олмаса, Европа Иттифоқи орқали иш кўришга уриняпти. Евроиттифоқнинг нуфузли сиёсатчилари Бишкекка келиши сабаби шунда. Улар Марказий Осиё мамлакатларини алоҳида-алоҳида ёки умумият-ла ишонтираётир. “Сизларга ёрдам кўрсатилади. Уларнинг бир қисми Афғонистонга аталган” – ўйлашимча, ишлар худди шу формула бўйича олиб борилади”, дейди эксперт.

Афғонистондаги гуманитар инқироз

Ўтган ҳафта Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти турли мамлакатларда инсон ҳуқуқларига риоя этилишига доир йиллик ҳисоботини эълон қилди. Унда Афғонистонга халқаро ёрдам кескин камайиши мамлакат соғлиқни сақлаш тизимига жиддий зарар етказгани қайд этилган.

БМТ маълумотига кўра, 40 миллион аҳолидан 15 миллиони озиқ-овқат ёрдамига муҳтож. Уч миллион киши эса базўр кун кечиради.

Чинара Эсенгул Марказий Осиё мамлакатлари қўшни Афғонистон аҳволини билатуриб, унга ёрдам бериш ўрнига мудофааланиш моделини маъқул кўраётганини ва гуманитар инқирозни таҳдид сифатида қабул қилаётганини айтади.

Бироқ, экспертга кўра, Қирғизистон Афғонистон тинчлиги ва барқарорлигини минтақавий хавфсизликнинг устивор йўналиши деб билади.

Президент Садир Жапаров 2023 йил 20 сентябр куни БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқида дунё жамоатчилигини афғон халқига ҳар томонлама гуманитар ёрдам кўрсатишга чақирган эди. Июн ойида Чўлпон отада “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” форматида ўтказилган саммитда эса у афғон аёлларининг ҳуқуқлари чекланаётганидан ташвишдалигини билдирди.

“Биз жаҳон ҳамжамиятининг Афғонистонда аёллар таълим олиш ва меҳнат ҳуқуқида чеклаб қўйилганига доир хавотирларига шерикмиз. Қирғиз Республикаси Афғонистоннинг де-факто ҳукумати вакиллари билан икки томонлама мулоқотларда ҳам, халқаро учрашувлар доирасида ҳам ислом дини ва шариати аёлларга таълим олиш ва ишлаш ҳуқуқини бериши ҳақида гапириб келади. Шу боис биз Афғонистондаги янги ҳукумат билан муносабатларни ишонтириш ва конструктив мулоқот йўли билан шакллантиришимиз ва айни чоғда мазкур масала ечимида ҳаддан ортиқ босим қилмаслигимиз лозим”, деди Садир Жапаров.

Ўтган йили, Афғонистонда зилзила содир бўлганида Қирғизистон афғон халқига ёрдам сифатида шифокорлар гуруҳини жўнатди, шунингдек дори-дармон, озиқ-овқат, кийим-кечак ва гуманитар ёрдам етказиб берди.

Хавфсизлик масалалари бўйича таҳлилчи Орозбек Молдалиев гиёҳванд моддалар савдоси борасида Афғонистонга айбловлар қўйилаётгани, бироқ муқобил ечимлар таклиф қилинмаётганига эътибор қаратади.

“Афонистоннинг муаммоси – у жуда катта мамлакат эканида. Биринчидан, ҳеч бир мамлакат уларни тан олмади, уларда шунча муаммони бартараф этишга имконият йўқ, чет давлатлар ёрдам берганида ҳам бу осонликча бўлмайди. Ғарб мамлакатлари ва Марказий Осиё халқаро ёрдамни инсон ҳуқуқларига боғламоқда. Аёллар ҳуқуқлари чекланяпти, бошқа чекловлар ҳам бор, “Толибон” ўз ваъдаларини бажармаётганини асос қилиб Афғонистоннинг активлари ва банк ҳисобларини ҳануз музлатилган ҳолатда тутиб туришибди, бунинг жабрини эса афғон халқи чекаётир. Иккинчидан, Афғонистон қорадори билан шуғулланаётгани айтиладию бошқа қанақа имкониятлар мавжудлиги билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Америкаликлар 2001 йилдан сўнг у ерда афюн муқобили сифатида заъфарон экиш имкониятини ўргана бошлашган эди. Бироқ заъфарон ҳосилга кириши учун 5-6 йил керак бўларкан.

Толибон билан хуфия ҳамкорлик. Шартни ким қўйяпти?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:28:50 0:00

Ҳозирда толиблар Амударёдан канал тортиш орқали ерларни ўзлаштиришга уринишмоқда. Бунга жавобан Ўзбекистон ва Туркманистон сув камайиб кетади, дея хавотир билдиряпти. Биз толиблар ҳукуматини тан олмаган бўлсак-да, лоақал алоқаларни йўлга қўйяпмиз, борди-келди қиляпмиз, уларга гуманитар ёрдам кўрсатяпмиз. Лекин афғон халқининг ўз кунини ўз кўришига шароит қилиб берилмагунча мамлакат ривожлана олмайди. Ислом давлатини қурмоқчи бўлган мамлакатга дунёвий давлат имкониятларини тақдим этишни хоҳлаш-хоҳламаслик масаласи ҳам бор. Улар ёдамингиз керакмас, сизсиз яшай оламиз, дейишлари мумкин. Бу ерда комплекс чора-тадбирларни кўриш ва аҳолининг қашшоқ қатламига кўмаклашиш йўлларини излаш лозим. Қиз болаларни алоҳида ўқитиш талаби эса муқобил таклиф бўлиши мумкин”, дейди Молдалиев.

Аввалроқ БМТ бош котибининг Афғонистон бўйича вакили, Афғонистонга кўмаклашиш миссияси раҳбари Роза Отунбаева Афғонистондаги ҳозирги вазият, гуманитар инқирозни бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ва бу инқирознинг Марказий Осиёга таъсири ҳақида сўзлаб берган эди.

“Афғонистон деганда хароб ва абгор ўлка кўз олдимизга келади. Бундай ўйламаслик керак. Масалан, у ерда бўлганимда жуда яхши қурилган 6-7 та аэропортни кўрдим.

Бироқ бойлар билан камбағаллар ўртасида катта тафовут бор. Қишлоқлар аҳолисини-ку гапирмай қўяқолай, шаҳар билан қишлоқ шароити ўртасидаги фарқ еру осмон қадар. Икки йил зилзила юз берган Хост вилоятида ҳам бўлдим. Аҳвол шу қадарки, худди тош асри дейсиз. Контраст жуда ҳам кескин. Аммо ютуқлар ҳам бор.

Халқаро савдога келсак, Афғонистон бир тарафдан Эрон, бошқа томондан Покистон, яна бир ёқдан Марказий Осиё давлатлари билан чегарадош. Ҳиндистон ҳам яқин. Шу боис савдо билан шуғулланувчилар кўп. Афғонлар тадбиркор халқ, тижоратни яхши билишади. Урушдан сўнг мамлакат иқтисодиёти имиллаб бўлса-да изга тушмоқда. Бу ҳаммага ёқаётгани йўқ, айримлар эшитишни ҳам истамайди буни. Лекин биз иқтисодиёт барқарорлашаётганини ўз кўзимиз билан кўряпмиз, буни Жаҳон банки кўрсаткичлари ҳам тасдиқлайди”, деди Отунбаева.

Фаоллар ва ҳуқуқ ҳимоячилари Толибон ҳаракатини гендер апартеид режимини ўрнатишда айблаб келишмоқда. Толиблар аёлларнинг кўча-кўйда юришини чеклаб, уларга олтинчи синфдан кейин мактаб ва университетларга боришини тақиқлаган, шунингдек БМТ ва ноҳукумат ташкилотларда ишлашини ҳам ман этган.

Форум

XS
SM
MD
LG