Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:11

Тожикистон Суриядаги фуқароларини қайтаришга ҳозирланмоқда


Суриянинг курдлар назоратидаги Ал-Ҳовл лагери - 17 октябрь, 2019
Суриянинг курдлар назоратидаги Ал-Ҳовл лагери - 17 октябрь, 2019

Тожикистон Суриянинг курдлар назорати остидаги ҳудудларида жойлашган қочқинлар лагерларидан юзлаб фуқаросини – асосан ҳалок бўлган «Исломий давлат» жангариларининг бевалари ва уларнинг фарзандларини ватанига қайтаришга ҳозирлик кўрмоқда.

Озодликка гапирган тожик дипломатларига кўра, лагерларда қолиб кетган 800 га яқин тожикистонликнинг биринчи гуруҳи «бир неча ҳафта ичида» ватанига олиб келинади.

Тожикистоннинг Қувайтдаги элчиси Зубайдулло Зубайдзода 8 ва 9 декабрь кунлари Суриянинг шимоли-шарқидаги Ал-Ҳовл ва Ал-Рож лагерларига ташриф буюриб, юзлаб тожик аёл ва уларнинг фарзандлари билан учрашди.

«Биз ватанга қайтишни истаган 200 га яқин Тожикистон фуқаролари исмларини ихтиёрий равишда қайтариш дастури доирасида рўйхатга олдик», - деб айтди элчи 9 декабрь куни Озодлик билан суҳбатда.

Аммо Зубайдзоданинг айтишича, лагерлардаги тожикистонлик аёлларнинг баъзилари ватанга қайтишни истамасликларини айтиб, Зубайдзода ва унинг ҳамкасблари билан учрашишдан бош тортишган.

Сўнгги бир неча кун ичида Зубайдзода лагерларни назорат қилувчи курд расмийлари билан учрашган ва улардан Тожикистон фуқароларини ватанига қайтариш учун рухсат олган.

Зубайдзода, шунингдек, Сурия ҳукумати расмийлари ва Халқаро Қизил хоч ва Қизил ярим ой жамиятлари федерацияси вакиллари билан учрашиб, Душанбенинг ўз фуқароларини ватанига қайтариш режасини муҳокама қилган.

Дипломатнинг айтишича, биринчи гуруҳ Янги йил куни арафасида ёки январь ойининг бошларида Душанбега олиб келинади.

Тожикистон ҳукумати Сурия ва Ироқдаги қамоқхона ва қочқинлар лагерларида қолаётган барча тожикистонлик аёллар ва уларнинг болаларини уйга қайтаришга қарор қилганини билдирган.

Тожикистон расмийлари ИШИД жангариларининг оила аъзолари чет элда қолиб кетса, улар келажакда мамлакат хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлигидан хавотирда.

2014 йилдан буён 2000 га яқин тожикистонлик Сурия ва Ироқда ИШИД жангарилари сафларига қўшилган.

2019 йилдан буён амалга оширилаётган йирик дастур доирасида Тожикистон Ироқдан ўнлаб ёш болани ватанига қайтарди. Аммо 2020 йилда коронавирус пандемияси туфайли чегаралар ёпилиши ортидан дастур тўхтаб қолган эди.

Ал-Ҳовл лагеридаги 27 ёшли тожик аёл Зубайдзоданинг айрим аёллар Сурияда қолишни исташи ҳақидаги гапларини тасдиқлади.

«Улар нафақат Тожикистонга қайтишни хоҳлашмайди, балки бошқа тожик аёлларига ҳам босим ўтказишмоқда: бизни дипломатлар билан учрашмасликка ва ўз исмларимизни ватанга қайтишни истовчилар рўйхатига киритмасликка чорлашмоқда», - деди ўзини Мадина деб таништирган аёл.

«Улар Тожикистонга қайтишимиз билан бизни ҳибсга олишларини айтишмоқда», - деди 9 декабрь куни Озодлик билан WhatsApp орқали суҳбатлашган Мадина.

Унинг сўзларига кўра, Ал-Ҳовлдаги тожик аёллар «икки гуруҳга бўлинган»: бир гуруҳ аёл ватанга қайтишга ошиқаётган бўлса, иккинчи гуруҳ Тожикистон расмийларига ишонмаяпти.

Тожикистон ҳукумати иккинчи гуруҳни фарзандлари билан бирга Тожикистонга қайтишга ишонтиришга уриниш-уринмаслиги номаълум.

Бу ҳолат хавфсизлик борасида хавотир туғдиради, чунки Ал-Ҳовл лагерида экстремистик гуруҳнинг қайтишига ҳануз умид қилаётган бева аёллар сони кўп. Хабарларга кўра, ИШИД жангари гуруҳининг ашаддий тарафдорлари қочқинлар лагерларини «кейинги халифаликнинг бешиги» деб атамоқда.

Мадина радикал бевалар таҳдидларидан қўрқмаслигини айтди. У Озодликка икки кичик боласи билан уйига қайтиб, ИШИД ва Сурияда бошдан кечирган даҳшатларни унутиб, янги ҳаёт бошлаш истагида эканини билдирди.

Мадинани биринчи эри 2015 йилда боласи билан Россия ва Туркия орқали Ироққа олиб борган. Мадина эри уни «алдагани», кўп ўтмай Мосулда ҳалок бўлганини айтди. Мадина эри ўлими ортидан уйғур жангарига турмушга чиққан ва иккинчи ўғлини туққан.

Мадинанинг ҳикояси лагердаги бошқа тожик аёллар ҳикояларига ўхшайди: улар ҳам эрлари ёлғонлари туфайли Сурия ва Ироққа боришганини сўзлаб беришди.

Ал-Ҳовл лагеридаги тожикистонликлардан бири Озодликка баъзи аёллар эрлари ўлдирилганидан кейин олти марталаб бошқа-бошқа жангарига эрга текканини сўзлаб берди.

Исмини ошкор қилишни истамаган аёл Ал-Ҳовлдаги баъзи аёлларда бошқа-бошқа эрларидан туққан бештагача фарзанди борлигини айтди.

Расмий Душанбе болаларнинг оталари қайси миллатга мансуб бўлишидан қатъи назар, Ироқ ёки Сурияда туғилган болаларни, агар уларнинг оналари тожикистонлик бўлса, Тожикистон фуқароси сифатида қабул қилишини билдирган.

Душанбе ҳисобларига кўра, 800 га яқин тожикистонлик Сурия лагерларида яшамоқда. Лагерлардаги тартибсизлик, ҳужжатлар йўқолиб кетгани ва айримлар асл шахси ва ватанини ошкор қилишни истамаётгани учун уларнинг сонини аниқлаш мушкул.

Тожикистонлик қочқинларнинг аксарияти Ал-Ҳовл лагерида қолмоқда. Тожикистонлик дипломатлар Ал-Ҳовл лагерида одамлар «даҳшатли шароитларда» яшаётгани ҳақида сўзлаб бердилар: лагерда озиқ-овқат, дори-дармон ва электр энергияси етишмайди.

«Жуда совуқ. Чодирлари ичига тешиклардан сув ўтади», - деди Зубайдзода.

Кичикроқ Ал-Рож лагерида шароит яхшироқ эканлиги айтилмоқда.

«Кунига 24 соат электр токи бор, чодирлар ичида электр иситгичлардан фойдаланамиз», - деди Тожикистондан келган 31 ёшли аёл.

Тожикистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон Сурия ва Ироқдан ўз фуқароларини қайтариш сиёсатини танлади.

Кўплаб Европа давлати эса экстремист гуруҳ сафларига қўшилган фуқаролари оила аъзолари ватанига қайтарилса, хавфсизликка таҳдид солишини айтиб, улардан юз ўгирди.

Айрим терроризм бўйича мутахассислар бундай сиёсат тескари натижа бериши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Британиядаги Қироллик бирлашган хизматлар институтининг катта илмий ходими Рафаэлло Пантуччи:

«Уларни лагерларда қолдириб қўйиш камроқ радикал ёки ватанидан озроқ аламзада шахсларга айлантирмайди», - деди.

Бу орада Ироқдан Тожикистонга қайтарилган ўнлаб бола Душанбе яқинидаги бир неча ёпиқ муассасада пухта ишлаб чиқилган реабилитация жараёнидан ўтмоқда.

Бу болаларнинг айримлари Ироқда ўлдирилган тожик жангариларнинг етимлари. Бошқалари эса ИШИД билан алоқаси бўлгани учун Ироқда қамалган тожик аёлларининг болаларидир.

Мазкур жараён билан таниш бўлган тожикистонлик расмий исмини ошкор қилмаслик шарти билан Озодликка ўқитувчилар, психологлар ва бошқа мутахассислар бу болаларнинг Тожикистонда янги ҳаётга мослашишига ёрдам бериш устида ишлаётганини сўзлаб берди.

Тожикистон ҳукумати Сурия ва Ироқда ИШИД сафларига қўшилиш учун кетган фуқароларига кечиримли муносабатда бўлиб келмоқда.

2015 йилда ҳукумат жангларда қатнашмаган ва ватанига ихтиёрий равишда қайтиб келиб, қилмишидан тавба қиладиган фуқароларига амнистия эълон қилди. Ушбу сиёсат эълон қилиниши ортидан ўнлаб тожикистонлик уйига қайтди ва қисқа муддатли сўроқлардан кейин нормал ҳаётга қайтди.

XS
SM
MD
LG