Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:28

Болаларга зўравонлик қилганлик жаримаси оширилди. Шу билан муаммо ҳал бўладими?


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Тожикистон парламенти қуйи палатаси яқинда Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексга янги тузатишларни қабул қилди – улар болаларга шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жазони кучайтиришни назарда тутади.

Уч боланинг отаси Эмомали Соҳибов бир ярим йил муқаддам ўзаро тушунмовчилик туфайли хотини билан ажрашганини ва энди собиқ турмуш ўртоғи фарзандларига отаси билан кўришишга рухсат бермаётганини айтади. Ажрашганларидан сўнг улар қўшни бўлиб яшар эканлар, шу боис Эмомали баъзан кўчада болалари билан тасодифан учрашиб қолади.

“Кўчада мени кўришгани ҳамон қочиб кетмоқчи бўлишади. Нимага бундай қиласизлар, деб бир неча марта сўрадим. Айтишадики, оналари рухсат бермас экан, мен билан гаплашишганини билиб қолса, уларни урар эмиш. Кунларнинг бирида ўғлимнинг танасида моматалоқ бўлган жойларни кўрдим, нима бўлди, деб сўрасам, кўчада мен билан кўришганини кимдир онасига чақиб берганини ва у телефон “зарядниги” сими билан савалаганини айтди”, дейди Озодлик суҳбатдоши.

Болаларнинг онаси ўғлини урганини инкор этди, айни чоғда журналист билан ортиқ сўзлашишни ҳам хоҳламади.

Эмомали эса ўғлининг танасида зўравонлик изларини кўргач, судга мурожаат қилибди. Аммо суд, унинг айтишича, аризасини жиддий қабул қилмаган.

Психологлар огоҳлантиришича, оиланинг барбод бўлиши болалар ҳаётида асорат қолдирмай қўймайди, лекин улар қўшимчасига зўравонликдан ҳам азият чекмаслиги керак, чунки бу жиддий оқибатларга олиб бориши мумкин.

Жазо чоралари кучайтирилди

Яқинда Тожикистон парламенти қуйи палатаси Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексга болаларга нисбатан зўравонлик қилганлик учун жазо чораларини кучайтиришни назарда тутувчи тузатишларни қабул қилди. Болаларга шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жарима миқдори 300 сомонийдан 420 сомонийга оширилди.

Болаларга зўравонлик қилгани учун минглаб одам жиноий таъқиб этилганига қарамай, муаммо ҳал бўлмаётгани, қайтага баттар чуқурлашиб, кўлами кенгаяётгани ҳукуматни хавотирга солмоқда. Тожикистон бош прокурори ўринбосари Мирзаомон Рафизода 17 ноябрь куни парламент йиғилишида маълум қилишича, болаларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлгани учун жаримага тортилган шахслар сони йил сайин ортиб бормоқда. 2019-2020 йилларнинг ўзида қарийб 27 минг киши болаларга зўравонлик қилгани учун жавобгарликка тортилган.

“Кам жарима самара бермаяпти, шу боис жавобгарликни кучайтириш мақсадга мувофиқдир”, деган бош прокурор ўринбосари.

Айрим таҳлилчилар фикрича, расмий статистика ҳақиқий вазиятни акс эттирмайди, чунки болаларга нисбатан зўравонларча муносабатда бўлиш муаммоси ҳар доим ҳам оиладан ташқарига чиқмаяпти.

Facebook” фаоллари зўравон отани милицияга топширишди

Гоҳида ижтимоий тармоқларда вояга етмаган шахсларнинг калтаклангани акс этган видеоёзувлар пайдо бўлади, жамоатчилик орасида резонанс келиб чиққанидан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар зудлик билан айбдорни ушлаш ва жазолаш чораларини кўрмоқда. Чунончи, ўтган йилнинг майида катта ёшли эркак ўғил болани ураётгани акс этган видео ижтимоий тармоқларни ларзага солганида ўша одам (у боланинг отаси экан) ҳибсга олинган эди. Видеода ота ўғлини калтаклайди, ҳатто оёғини унинг бошига қўйиб, ерга босади. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари бу қилмиши учун эркакни кескин қоралаб, ваколатли идораларни уни жавобгарликка тортишга чақиришди.

Тожикистонда болаларга шафқатсиз муносабатда бўлиш ёки уларга таҳдид ва зўравонлик қилиш ҳолатларини нафақат оилаларда, балки мактаб, боғча ва бошқа жамоат жойларида ҳам кузатиш мумкин.

Психолог Маҳмадулло Давлатов айтишича, зўравонлик ёки шафқатсиз муомала кўрган болалар келажакда бошқалар билан айни муомалада бўлади.

“Одамлар билан учрашувларда “сиз бир-бирингизга шафқатсизлик қилар экансиз, ўзингизга ўхшаган кишиларни етиштираётганингизни унутманг – сиздан ёмон муомала кўрган бола вақти келиб ўзгаларга шафқатсизлик қилади. Сиз яратган меҳрсизлик муҳити уларни дийдаси қаттиқ қилиб тарбиялайди”, деб қайта-қайта уқтирамиз”, дейди психолог.

Парламент қуйи палатаси аъзолари ва ҳокимият вакиллари жарималарнинг оширилиши вояга етмаган шахсларга нисбатан зўравонларча муносабатда бўлиш ҳолатларининг камайишига олиб келади, деб ҳисоблашмоқда, аммо психологлар бу фикрга қўшилмайди.

“Бунақа одамлар билан шуғулланиш керак”

Маҳмадулло Давлатовга кўра, жазо ҳеч қачон муаммонинг ягона ечими бўла олмайди, жазолаш билан бирга бошқа усуллардан ҳам фойдаланиш керак.

“Жамиятда тушунтириш ишларини кенгайтириш лозим. Бизда кўпроқ зўравонлик қурбонлари билан иш олиб борилади, зўравонлик қилганлар эса одатда четда қолиб кетади. Ортиқ шафқатсизлик қилмаслиги учун улар билан ҳам шуғулланиш керак”, дейди Маҳмадулло Давлатов Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Ижтимоий ташкилотлар ва фуқаролик жамияти аввалроқ болалар билан шафқатсиз муносабатда бўлиш, болалардан ишчи кучи сифатида фойдаланиш, болалар мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотлари етишмаслиги ва меҳнат миграцияси туфайли уларнинг ота-оналаридан узилиб қолиши ҳолатлари кўпайганидан ташвишда эканини билдирган эди.

Болалар ҳуқуқлари бузилиши ва улар билан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатлари учун узоқ танқид қилингани ортидан ҳукумат ушбу муаммони бартараф этиш йўлида илк қадам қўйилгани ҳақида расман эълон қилди. Аммо жамоат ташкилотлари вакиллари ҳокимият идораларининг бу ташаббусини етарли эмас, деб ҳисоблашмоқда.

XS
SM
MD
LG