Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:58

Бокиралик синови: Тожик келинчак жонига қасд қилди, куёв эса қамалади


Ражабби Хуршед Заяар Пировга эрга теккандан сўнг кўп сирка ичиб қўйди.
Ражабби Хуршед Заяар Пировга эрга теккандан сўнг кўп сирка ичиб қўйди.

Восеъ туманидаги Чорбоғ қишлоғида яшовчи 18 яшар Ражабби Хуршеднинг тўйи май ойида ўтадиган бўлди. Тожикистон қонунларига биноан турмуш қурадиган ёшлар тиббий кўрикдан ўтиши керак. Ёзилмаган қонунларга кўра, кўрик чоғида қизнинг бокиралиги ҳам текширилади. Қолаверса, буни қуда бўлаётган оила ёки иккала оила ҳам талаб қилади.

Куёв бўлмиш 24 яшар Зафар Пиров Ражаббинибир неча ҳафта бокиралик кўригидан ўтиш талаби билан қийнади, сўнгра, иккинчи хотин олишимга рухсат берасан, деб туриб олди. Бу ҳам етмагандай, ҳали чилласи ҳам чиқмаган келинчакни ҳайдаб юборди.

Ҳайдаб юборилганини тушунган Ражаббининг фақат бир чораси қолган эди.

Тўйидан сўнг орадан қирқ кун ўтиб, иккита ногирон укасига қарашишда ота-онасига ёрдамлашиш баҳонасида мактабга ҳам бормай қўйган келинчак, тожик ҳокимият вакиллари таъбири билан айтганда, ўлдирадиган миқдорда сиркаичиб олди.

Орадан кўп ўтмай, Тожикистон жанубида жойлашган Восеъ туманидаги Чорбоғ қишлоғи касалхонасида жони узилди.

Ражабби Хуршед
Ражабби Хуршед

Оила аъзоларининг айтишича, у ўлим тўшагида ётган пайти тўйдан сўнг эри ҳол-жонига қўймай, қийнаб юборганини ва «бу азобларга ортиқча чидай олмагани»ни айтган.

Онаси Фазила Мирзоеванинг айтишича, Ражабби ҳеч қачон бирор йигитга қайрилиб қарамаган, бокира бўлган ва врачлар унга буни исботловчи маълумотнома ҳам берган.

Мирзоева қизининг «туҳмат ва зўравонлик қурбони» бўлганини, оиласи президент Эмомали Раҳмон ва ҳукуматнинг бошқа вакилларига Ражаббининг обрўсини ҳимоя қилишни сўраб, илтимосномалар юборганини айтди.

Айни чоқда Пиров хотинини жонига қасд этишга мажбурлашда айбланмоқда ва саккиз йилгача қамалиши мумкин.

У «Озодлик» радиосининг Тожик хизмати билан суҳбатда ўзини ҳимоя қилишга уриниб, ҳужжатларда нима деб ёзилишига қарамасдан, хотини қиз чиқмаганини иддао қилди.

– Унга отангникига қайтиб кет, деб айтсам, сирка ичиб ўтирибди, – деди Пиров.

Анъанавий тожик жамиятида никоҳдан олдин жинсий алоқа қилиш тақиқланади ва бу ҳол аёлнинг бўйнига бир умрлик лаънат тамғасини осади.

2015 йили ОИВ/ОИТС, сариқ ва бошқа жинсий йўл билан юқадиган касалликлар тарқалиши олдини олиш мақсадида келин билан куёвнинг оила қуришдан олдин тиббий кўрикдан ўтиши мажбурий қилиб қўйилди. Аммо бу аксарият ҳолларда қизларнинг бокиралигини аниқлаш учун қўлланиладиган бўлиб қолди. Фуқаролик ҳолатини қайд этиш идоралари оила қурмоқчи бўлаётганлар текширувдан ўтмаса ва тегишли тиббий маълумотнома тақдим этмаса, никоҳни тан олмаслиги мумкин.

Ражабби ўша «бокиралик» кўригидан ҳам ўтди ва врачлар учун унинг “тоза” эканини тасдиқловчи ҳужжат ҳам берди.

Бироқ Марказий Осиёнинг маошлар жуда паст ва коррупция гуллаб-яшнаётган энг қашшоқ ушбу мамлакати аҳолиси врачлардан пора эвазига ҳар қандай маълумотномани сотиб олиш мумкин, деб ҳисоблайди.

Пировнинг айтишича, хотинининг бокиралигини текширтириш учун иккита касалхона, жумладан, Душанбе шаҳридаги бир касалхонага ҳам олиб борган. Иккала касалхона врачлари ҳам унинг бокиралигини тасдиқлаган. Лекин Пиров врачларнинг гапига ишонмайди ва хотинидан «бор гапни айтиш»ни талаб қилаверади.

Ниҳоят, у тўйларидан сўнг орадан бир неча ҳафта ўтиб, хотинидан, иккинчи марта уйланишимга розилик берасан, деб оёқ тираб олади. «Хотиним иккинчи марта уйланишимга ёзма розилик берди, чунки биз оила қурганда у бокира эмас эди», деб айтди у «Озодлик» мухбирига.

Восеъ тумани суди Пировнинг бошқа ёққа боришини тақиқлаб қўйди, лекин иши кўриладиган суд мажлиси қачон бўлиши аниқ эмас.

Бокиралик юзасидан можаролар тожик оилаларини пароканда қилмоқда.

2014 йилда, тиббий кўрикдан ўтиш мажбурий қилиб қўйилмай туриб, Тожикистон судлари 600 га яқин бокиралик билан боғлиқ можарони кўриб чиқиш учун рўйхатга олди. Жувонларнинг аксарияти эрлари биринчи кечаси уларни «бокира эмаслик»да гумон қилганидан шикоят қилиб судга ариза берган.

Душанбе шаҳридаги Миллий суд экспертизаси маркази раҳбари Яҳё Одинаевнинг айтишича, баъзи ҳолларда эркаклар «тажрибасизлиги сабабли ёки бошқа руҳий омиллар таъсирида эрлик вазифасини бажара олмай», айбни келинчакларга тўнкайди.

XS
SM
MD
LG