Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:37

Тожикистонда икки киши геморрагик безгак туфайли нобуд бўлди


Тожикистоннинг Хатлон вилояти Бохтар туманида яшаган 48 ёшли Фотима Қосимова ва 17 яшар Сафархон Шарипов геморрагик безгак туфайли нобуд бўлди.

Кана чаққанидан кейин Хатлон вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган Фотима Қосимова ўша ерда жон берган. Сафархон Шарифов онаси Гулчеҳра Шарифова билан биргаликда безгак ташхиси билан касалхонага ётқизилганди, бироқ шифокорлар фақат аёлнинг ҳаётини қутқаришга муваффақ бўлишган, холос.

Иккала бемор ўлимидан бери 4 кун ўтган бўлса-да, Бохтар туман маъмурияти вакиллари буни Озодликнинг тожик хизматига фақат 14 июлга келиб тасдиқлаганлар.

Туман расмийларига кўра, “геморрагик безгак” ташхиси Бохтарда яшовчи яна уч кишига қўйилган, нобуд бўлган икки беморга алоқаси бўлмаган бу одамлар ҳозир шифокорлар назорати остида тутиб турилибди.

Туман мулозимларининг ишонтиришича, шифокорлар касаллик тарқалишининг олдини олиш учун барча чораларни кўрмоқдалар.

Бохтарда икки киши безгакдан қазо қилганини Хатлон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Сайдулло Маллазода ҳам тасдиқлаган.

- Ҳозир биз вилоят аҳолиси билан профилактик тадбирларни олиб бораяпмиз. Одамларни бу касаллик хавфидан огоҳлантираяпмиз, эҳтиёт чораларини тавсия қилаяпмиз, касаллик аломатлари зуҳур этган тақдирда зудлик билан шифохонага мурожаат қилишни маслаҳат бераяпмиз, - деди Сайдулло Маллазода.

Бохтар туман ветеринария бошқармаси раҳбари Йўлдош Самадзода безгак канадан юқаётганини, шунинг учун улар хўжаликларни оралаб, жониворларни эмлаётганларини айтган.

Шифокорлар геморрагик безгак хавфли юқумли касаллик бўлиб ҳисобланишини таъкидлайдилар. Шунинг учун улар, агар касаллик аломатлари зуҳур етганидан кейин беморга 3-5 кун ичида тиббий ёрдам кўрсатилмаса, бу ҳолат ўлим билан тугаши эҳтимолдан ҳоли эмаслигини айтадилар.

Безгак фақат тана ҳарорати кўтарилиши билангина эмас, томир уриши ва нафас олишнинг тезлашиши билан характерланади. Безгакка чалинган одамнинг қон босими тушиб кетиши, бемор иситма, чанқоқ ва бошоғриғидан шикоят қилиши айтилади.

Ўзбекистонда ҳам аввалги йилларда чорва моллари ва ҳашаротлардан одамларга хавфли касалликлар, хусусан, гемораггик безгак юқиш ҳолатлари қайд қилинган.

Ўтган йил ёзида Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятида яшовчи бир беморга геморрагик безгак ташхиси қўйилганди.

2014 йили Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида геморрагик безгак касалига чалинган бир бемор қайд этилган.

2013 йилнинг август ойида Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида геморрагик безгак касаллиги тарқалгани ва 10 га яқин одам нобуд бўлгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG