Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:21

Айиқ билан олишувда яраланган тожик чўпони омон қолди


Тожикистоннинг Дарвоз туманида ўрмон айиқларининг ҳужуми оқибатида сўнгги бир ой давомида бир киши оғир яраланди, 35 молу қўй нобуд бўлди. Тоғли тумандаги аҳоли чорвасига ҳужум қилаётган айиқларга қарши курашиш учун махсус овчилар гуруҳи тузилди.

Дарвоз тумани яйловларидан бирида айиқ ва унинг икки боласи чорвасини боқаётган 40 яшар чўпон Маҳмадназар Худоиевга ҳужум қилиб, уни елкаси ва қорнини ярадор қилди.

Маҳмадназар ўша кунни эслаб, шундай дейди:

“Чорвани яйловга ҳайдаб борганимдан сўнг, равоч ва бошқа баҳорий гиёҳлар териш учун тоғнинг тепароғига чиқдим. Баландликда иккита катта арча турарди. Мен арчаларни айланиб ўтмоқчи бўлганимда, мени кузатиб турган улкан жуссали айиқ ҳамлага тайёр турган экан. Мен уни кўрганимда орамиздаги масофа икки метр қолган эди”, дейди чўпон.

Шундан сўнг Маҳмадназар қочиш ҳаракатига тушган:

“Айиқ ортимдан қувиб етиб олди, елкамга панжаларини санчди. Елкаларим қонаб кетди. Мен ҳам айиқнинг томоғидан ушлаб олдим. Лекин бунинг фойдаси йўқ эди. У энди чангали билан юзимга ва қорнимга урди. Ўткир тирноқлари қорнимни ёриб юборди, ичакларим осилиб қолишига озгина қолди. У яна бир зарба билан мени икки метр пастга улоқтирди ва мен орқам билан тошлар устига йиқилдим ва додлай бошладим”, дейди чўпон.

Маҳмадназарнинг айтишича, унинг жон оғриғи ва қўрқувдан қаттиқ бақиришлари айиқ ва унинг болаларини ортга қайтарган.

Дарвоз тумани Нулванд қишлоқ жамоати раиси Аловуддин Афғонов Озодлик билан суҳбатда чўпонга айиқ ҳужум қилганини тасдиқлади:

“Айиқ кетганидан сўнг, Маҳмадназар мошина йўлигача судралиб келади. Йўловчи мошиналардан бири тўхтаб, ҳайдовчи уни касалхонага элтади. У ҳозир анча яхши бўлиб қолди, энди аста-аста юряпти”, деди жамоат раиси.

Унинг айтишича, сўнгги пайтда айиқларнинг аҳоли чорвасига ҳужум қилиш ҳолатлари жуда кўпайди. Аловуддин Афғоновга кўра, айиқлар сўнгги бир ой давомида аҳолининг молхоналарига ҳужум қилиб, 25та қўю эчки ва 10та қорамолни нобуд этган:

“Айиқ қўю молларнинг маърашини эшитганидан сўнг, қўлини дераздан ичкарига киритадида деворни чаппа қилади ва чорвани ўлдиради”, дейди раис.

Айни пайтда қуролланган овчилар гуруҳи ташкил қилиниб, аҳоли чорвасини айиқлардан ҳимоя қилиш чора-тадбирларини кўрмоқда.

Тожикистонда айиқларнинг одамларга ҳужум қилиш ҳолатлари учраб туради. Уч йил бурун Рашт туманида айиқ ҳужумидан тожик ўсмирларидан бири ҳалок бўлган эди.

XS
SM
MD
LG