Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:51

Тошкентда 21 киши “Тавҳид ва жиҳод катибаси”га алоқадорликда гумон қилиниб қўлга олинди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

19 февралда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси пойтахт ҳудудида “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилотининг бир гуруҳ тарафдор ва аъзолари - 21 киши қўлга олинганини хабар қилди.

Бу Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти этиб сайланганидан буён халқаро террористик ташкилотга алоқадорликда гумон қилиниб бир вақтда қўлга олинган энг йирик гуруҳдир.

ИИББ маълумотига кўра, қўлга олинган шахслар ҳозирда Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти сафида фаолият юритаётган тошкентлик 23 ёшли А. Шодибековнинг ғоявий таъсирига тушиб, унинг жиноий фаолиятига яқиндан кўмак бериш мақсадида моддий томондан ёрдам кўрсатиб, катиба таркибига бориб кўшилишни режалаштириб келган.

“Юқоридагиларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1552-моддаси 1-қисмига (Террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш) асосан қўзғатилган жиноят иши доирасида пойтахт ҳудудидаги 18 та манзилда тинтув тадбирлари ўтказилиб, 21 нафар шахслар қўлга олинди”, дейилади ИИББ хабарномасида.

Урғуланишича, ушланган шахсларнинг яшаш манзилларидан жиноятга алоқадор бўлган ашёвий далиллар топилиб, қонуний тартибда расмийлаштирилиб олинган. Ҳозирда тергов-суриштирув тадбирлари давом этмоқда.

Олий суднинг 2016 йил 26 сентябридаги қарори билан “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти фаолияти Ўзбекистон ҳудудида тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.

Бундан олдин (жорий йилнинг 7 январида) Тошкент шаҳрида ИИВ-ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда 7 январь куни ўтказилган тадбирлар натижасида республикада фаолияти таъқиқланган “Жиҳодчилар” диний-экстремистик оқимининг бир гуруҳ аъзоси қўлга олингани хабар қилинган эди. Неча киши қўлга олингани айтилмаган.

Бу ҳақда хабар қилган Ички ишлар вазирлигининг Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бош бошқармаси маълумотига кўра, “ушбу шахслар Ўзбекистон ҳудудида Сурияда паноҳ топган террористик уюшма аъзоларининг топшириқларини бажариб келишган ва аҳоли орасида қонунга хилоф равишда тарғибот олиб бориб, “Жиҳодчилар” ДЭО ғояларини тарқатганлар ҳамда шу йўл билан сафларини кенгайтиришга қаратилган ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этганлар”.

2019 йилнинг октябрида исми сир тутилишини сўраган ўзбекистонлик суд мулозими Озодликка "икки йиллик танаффусдан кейин судлар яна диний айблов билан боғлиқ ишларни кўра бошлаган"ини маълум қилганди.

Бу воқеаларнинг барчаси Ўзбекистон президентининг 2019 йил 4 сентябрь куни 4437м сони билан расмийлаштирилган махфий қарори чиққанидан кейинги даврга тўғри келди.

XS
SM
MD
LG