Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:31

ТИВдан аккредитация ололмаган хорижлик журналист аёл вазирлик вакилини шилқимликда айблади


Польшалик журналист Агнешка Пикулицка-Вилчевска
Польшалик журналист Агнешка Пикулицка-Вилчевска

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги The Guardian, Al Jazeera, The Diplomat ва Eurasianet нашрлари билан ҳамкорлик қилиб келган мустақил журналист Агнешка Пикулицка-Вилчевскани аккредитациядан ўтказмаган, вазирлик ходими эса унга шилқимлик қилган. Бу ҳақда польшалик журналист 1 февраль куни Твиттердаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Унга кўра, ТИВ журналистнинг аккредитацияга оид аризасини 6 ой кўрган (ваҳоланки, амалдаги қонунчиликка кўра бу муддат 2 ойдан ошмаслиги лозим эди) ва унинг илтимосини рад этган. Аккредитация талабининг рад этилишига Агнешка Пикулицка-Вилчевсканинг аризада қайд этилганидан бошқа оммавий ахборот воситалари учун ҳам ишлаши сабаб қилиб кўрсатилган.

Журналист ТИВ ходими унга шилқимлик қилганидан ҳам шикоят қилган.

Ўтган йили мен аккредитация олдим ва ТИВ менга Рустам исмли ходимни бириктирди. Аввал-бошда бу фойдалидек кўринди, бироқ тез орада уни ишдан кўра кўпроқ нарса қизиқтираётгани маълум бўлди. У мени ўпмоқчи бўлди ва рад жавобимга қарамай, менга учрашишни таклиф қилишда давом этди”, деб ёзган Агнешка.

Журналистга кўра, жинсий тегажоқлик ортидан ўзига нисбатан босим бошланган. Агнешка ТИВ ходими ундан карантин ҳақида ижобий мақола ёзишини сўраганини, аммо бу илтимосни рад этганини ёзган.

Агнешка Пикулицка ТИВ вакили Telegram’даги ўзаро ёзишмаларни ўчириб юборгани, бироқ унда бир неча скриншот сақланиб қолганини иддао қилган.

Журналист аризаси рад этилиши учун вазирлик томонидан келтирилган расмий сабаб аслида баҳонадан бошқа нарса эмаслигини, аслида Ўзбекистон расмийлари хорижлик журналистлар мамлакатдаги муаммолар ҳақида ёзишларини истамасликларини қайд этган.

“Уларга туризм ва аслида бўлмаган ривожланиш ҳақида мақолалар керак”, деб ёзган Агнешка Пикулицка-Вилчевска.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги польшалик журналистнинг бу иддаолари юзасидан ҳали изоҳ берганича йўқ. Айни пайтда бу шикоятга Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов эътибор қаратган.

Хорижий журналист Агнешка Пикуличканинг шикояти бизда жуда жиддий хавотир уйғотди ва албатта, бу холатга аниқлик киритган холда уни синчковлик билан ўрганиш керак деб ҳисоблаймиз. Биз Агнешка билан эртагаёқ кўришган холда вазиятни муҳокама қилишга тайёрмиз”, деб ёзган К. Алламжонов Телеграмдаги ўз саҳифаси орқали.

XS
SM
MD
LG