Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:32

"Давлат шифохоналарида аҳвол яхшимас". Ўзбекистонда тиббий туризм


Ўзбекистондаги туризм ташкилотлари сайтларида тиббий туризмни реклама қилган фотосуратлардан бири.
Ўзбекистондаги туризм ташкилотлари сайтларида тиббий туризмни реклама қилган фотосуратлардан бири.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларга қарамасдан, Ўзбекистон минтақада тиббий туризм марказига айланмоқчи.

Айни пайтда ҳукуматнинг “бизга даволанишга келаётган хорижликлар кўпайди” деган баёнотини баъзи қўшнилар савол остига олишган.

Чегараларнинг очилиши тиббий туризмнинг жонланишига сабаб бўлган, аммо тиббиёт тизимидаги муаммолар, жумладан коррупция сақланиб қолмоқда.

Кўплаб ўзбекистонликлар ҳануз мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун хорижга сафар қилишади.

Яқинда эълон қилинган рақамлар мамлакат аҳолиси тиббий харажатларнинг 60 фоизини ўз ҳисобидан қоплаётганини кўрсатган, бу эса бепул тиббий хизмат қанчалик бепуллигини савол остига олади.

Статистика бўрттирилганми?

Ўзбекистон давлат Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январь-август ойларида Тожикистондан Ўзбекистонга бир миллиондан ортиқ одам ташриф буюрган. Уларнинг 57 380 нафари даволанишга келганлар.

Ўзбек ҳукуматининг ҳисобича, бу сон ўтган йилгидан деярли 15 мингга кўп. Лекин расмий Душанбе ушбу ҳисоб-китобга маъқул эмаслигини, ўзбек тарафи статистикани бўрттириб ташлаганини айтган. Бу масалага сал кейинроқ тўхталамиз.

Тожикистон фуқароси, сўғдлик Раънохон Бурхонова катарактадан халос бўлиш мақсадида Тошкентда даволанган.

Тожикистонда ҳам бундай операцияларни амалга оширувчи шифохоналар кўп. Aммо 59 ёшли собиқ ҳамшира жарроҳлик амалиётини ўташ учун қўшни Ўзбекистонга боришни тўғри кўрган:

“Сентябрь охирида Тошкентда операцияга 800 доллар тўладим. Тожикистонда ҳам яхши шифокорлар бор. Лекин кўзим учун таваккал қилишни хоҳламадим”.

Бурхонова олти ҳафтадан сўнг яна Тошкентдаги шифохонага бориб, бир текширувдан ўтади.

Сўғд вилоятининг яна бир турғуни, 34 яшар Фотима Ашурова Ўзбекистонга ўпкасини даволашга келиб, кутилган натижа бўлмаган. Бу ҳақида унинг онаси Холида Ашурова “Озодлик"нинг тожик хизматига сўзлаб берган:

“Бизга Тошкентда даволаниш яхшироқ эканини айтишганди. Икки йилдан бери вақти-вақти билан келиб даволаниб турамиз. Ростини айтсам, тошкентлик шифокорлар Тожикистондаги ҳамкасбларидан унчалик фарқ қилмас экан”.

2018 йилда Тошкент қўшни давлат учун уч ойлик визасиз режим жорий қилганидан сўнг тожикистонликлар хусусий шифохоналарга кўп кела бошлаган.

Лекин, мутахассисларга кўра, Ўзбекистонда тиббиёт ривожланиб кетди, деб айтишга ҳозирча эрта. Чунки юқори даражадаги тиббий кўрик ёки операциялар учун беморлар Ўзбекистонни танламайди.

Зарифбой Ибодуллаев
Зарифбой Ибодуллаев

Тиббиёт фанлари доктори Зарифбой Ибодуллаев ўзбек тиббиёти ҳозирча мақтанарли даражада эмаслигини айтмоқда:

“Тиббиёт ҳар қандай давлатда уч тоифага бўлинади - паст, ўрта ва юқори даражада ёрдам кўрсатиш. Беморлар бизга ўрта тиббиёт учун келишяпти. Юқори даражаги операцияларга ҳам келганлар бор. Лекин қўшни Қозоғистон юқори технологик операцияларни кўпроқ қилишга 10 йил олдин ҳаракат бошлаган. Бу борада агар биз бўшашсак, Қозоғистондан ортда қоламиз. Давлат клиникаларимизда аҳвол яхшимас”.

Айрим фикрларга кўра, хорижлик беморларни Ўзбекистонда ижара ҳақи, озиқ-овқатнинг нисбатан арзонлиги ўзига тортмоқда.

Масалан, тожикистонлик журналистларнинг кузатишларича, Ўзбекистонга мурожаат қилаётганларнинг аксарияти топиш-тутишига кўра ўрта қатлам вакилларидир. Пули борлар эса Хитой, Эрон ва Россиядаги шифохоналарни танлашади.

“Қўшни давлатлардан беморлар асосан хусусий клиникаларга келишяпти. Хусусий клиникаларда шароитлар яхши. Лекин шифокорларимиз ўз устида ишлаб, хориждан малака ошириб келишса, тиббиёт туризми янада ривожланарди”, - дейди тармоқ фаоли Дима Қаюм.

Ўзбекистондаги туризм ташкилотлари сайтларида тиббий туризмни реклама қилган фотосуратлардан бири.
Ўзбекистондаги туризм ташкилотлари сайтларида тиббий туризмни реклама қилган фотосуратлардан бири.

Ўзбекистон пойтахтида даволаниб кетганларнинг ҳисоб-китобига кўра, квартира ижараси, еб-ичишни қўшганда бир суткада битта одам ўртача 40-50 АҚШ доллари атрофида чиқим қилади.

Касалхонага ётиб даволанганларнинг бир кунлик ўртача ҳаражати эса 20-25 доллар. Вилоятлардаги нарх-наво Тошкентдан арзонроқ.

Ўзбекистон статистика агентлиги ҳисобича, 2024 йил давомида келган беш миллиондан кўпроқ туристнинг энг кўпи тожикистонликлар. Миллиондан кўпроқ кишининг 60 мингга яқини дардига шифо излаганлар.

Жамолиддин Абдуллозода
Жамолиддин Абдуллозода

Бир йил аввал эса соғлиғи сабабли 43 мингдан кўпроқ тожикистонлик ташриф буюргани айтилганди. Аммо қўшни давлат бу рақамларни “ҳақиқатдан йироқ” дея рад этган.

Тожикистоннинг соғлиқни сақлаш вазири Жамолиддин Aбдуллозода февралда журналистларга изоҳ берганда “бу кўрсаткич ҳақиқатни акс эттирмаслигини” билдирган.

Вазирнинг таъкидлашича, чегарадан ўтаётганлар чегарачиларнинг турли саволларидан қочиш учун Ўзбекистонга сафарининг мақсадини “даволаниш” деб тушунтирадилар.

Касаллик - чегарадаги имтиёз...

Ўзбекистон ҳукуматига кўра, шу йил январ-август ойларида Қозоғистондан 8542, Қирғизистондан 6704, Россиядан 1299, Туркманистондан 672 одам даволаниш учун келган.

Ушбу статистик маълумотлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўлкага келган беморлар сонининг сезиларли даражада ошганини кўрсатади.

Айни дамда Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш тизимида молиявий етишмовчилик долзарб мавзу бўлиб турибди.

Ҳилола Ашурова - Ўзбекистондаги шифокорлорга мурожаат қилган ўнлаб қирғизистонликларнинг бири. У ўғлининг соғлигидаги муаммо туфайли 2023 йили Ўш шаҳридан қўшни Андижон вилоятига шифо излаб борган:

“Мен кўп жойларга кўрсатдим... Ўшда кўрсатдим, Жалолободга, Бишкеккача бордик. Туркияга ҳам ҳаракат қилдик, лекин бора олмадик. Кўпчилик менга Тошкентга боришни маслаҳат беришди. Бир куни Андижонга қариндошимизникига боргандим, менга бир невропатологни маслаҳат берди”.

Андижоннинг Қўрғонтепа туманидаги шахсий касалхонанинг шифокори Ҳилоланинг юриши кечикаётган фарзандини тўрт ойда оёққа турғизишга ваъда берган.

“Мен 40 кунда бир борардим. Ҳар борганимда камида 7-8 минг сом, ёки 100 долларгача пулни дорига ва шифокорга сарфладим. Йўлкирадан ташқари... яна бир плюс томони, Ўзбекистонда хориждан келган беморлар навбатдан ташқари қабул қилинади”, - деган Ҳилола Ўзбекистонда фарзандини даволаш учун икки йилда 2500 АҚШ долларига яқин ҳаражат сарфлади. У ўғли бутунлай соғайиб кетмагани билан, чиндан ҳам тўрт ойда юра бошлаганини айтади.

Қирғизистонликлар асосан Андижон, Фарғона, Наманган вилоятларидаги ва Тошкентдаги шифохоналарга боришади. Аксарияти, бел, оёқ оғриқлари ва кўз ҳасталиклари билан қийналган беморлар.

“Тиббиёт туризми уларга муҳим деб ўйлайман. Муҳим бўлгани учун ҳам шароитлар яратиляпти, фармойишлар чиқяпти. Алоҳида йўлаклар ташкил этиляпти. Чегарадан ўтаётганингизда “даволанишга кетяпман” десангиз, сизга “льгота"лар бор. Навбатсиз ўтишингиз мумкин, сумкангиз текширилмаслиги мумкин. Кичик, лекин муҳим нарсаларга аҳамият қилишяпти. Масалан, мен кичик сумка билан бораман, қаёққа деб сўраса, врачга дейман, ўтказишворади”, - деди Ашурова.

Мана шу жойда тожикистонлик вазирнинг айтганлари ёдга тушади. Балки чиндан ҳам кўпчилик чегарадан осонроқ ўтиш учун Ўзбекистонга сафарининг мақсадини “даволаниш” деб тушунтирар?

Лекин битта нарса аниқ-ки, Ўзбекистонда тиббий туризмни Марказий Осиёнинг "чорловчи нуқтаси" сифатида тарғиб қилиш бошланган.

“Тиббий ва соғломлаштириш туризмини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори ҳам қабул қилинган.

Шу йил 19 сентябрда президент Шавкат Мирзиёев атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва туризм соҳаларидаги таклифлар тақдимоти билан танишган.

Мирзиёев туризм соҳасига боғлиқ таклифлар тақдимоти билан танишяпти. 19 сентябрь, 2024 йил.
Мирзиёев туризм соҳасига боғлиқ таклифлар тақдимоти билан танишяпти. 19 сентябрь, 2024 йил.

Расмий хабарга кўра, Ўзбекистонда “Тиббий хизматлар меҳмондўстлиги” дастури амалга оширилади.

Лекин сўнгги йилларда Ўзбекистон тиббиёт илмига сезиларли ҳисса қўшгани йўқ, аксинча дори-дармон билан боғлиқ муаммолар кўпайди. Бундай шароитда даволаш сифатига ишонч қай даражада? деган савол туғилади.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев масаланинг бошқа жиҳатига эътибор қаратади:

“Тиббий туризмни ривожлантиришда локомотив бўладиган марказлар - Илмий тиббий марказлардир. Улар 20 тадан ошиб қолди. У ерда фан номзодлари бор, у ерда илмий иш қилиняпти. Қани натижа? Исроилдагидек, Германиядагидек... Нега янги дориларни яратиб, технологияларни ўйлаб, тиббий туризмни ривожлантирмаяпсан? Мана масала қаерда?”

Соғлиқни сақлашга ажратилган ҳаражат нега қисқаряпти?

Мутахассислар фикрича, Ўзбекистонда тиббий туризмга катта эътибор қаратилган бўлса-да, баъзи бир йўналишларда хизмат кўрсатиш сифати етарли даражада эмас. Масалан, айрим касалхоналарда малакали кадрлар етишмаслиги муаммоси мавжуд. Айниқса, психиатр, реаниматолог, невролог, клиник психологлар каби тор доирадаги мутахассислар етишмаяпти. Кўплаб ўзбекистонликлар мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун хорижга сафар қилишади.

“Бизда 10 йиллар олдин, 20 йиллар олдин умумий амалиёт шифокорини тайёрлашга катта урғу бериб юборилди. Хатто илмий кенгашда “эсингизда тутинг, биз тор доирадаги мутахассисларни эмас, умумий амалиёт врачини тайёрловчи институтмиз" деганди ректор. Хўп, майли, дедик. Озгина кулги ҳам кўтарилди. Мен бир профессорга "10 йил ўтиб реаниматолог излаб юрмасак бўлди" дегандим. Ҳозир мутахассислар етмаяпти. Бизнинг ўлкада мингтача психиатр бор. Неврологлар бир ярим мингта. Кам. Уларнинг сонини икки баробарга ошириш керак. Клиник психологлар бизга камида 3000 та керак, бизда ўн баробар кам - 300 та”, - дейди Зарифбой Ибодуллаев.

2030 йилга келиб соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришни икки баравар ошириш режаларига қарамай, бу соҳа бир қатор муаммоларга дуч келишда давом этяпти.

ЮНИСЕФнинг шу йил октябрь ойида эълон қилган баёнотида Ўзбекистоннинг Соғлиқни сақлаш тизимида молиявий етишмовчилик ҳали ҳам долзарб муаммо экани таъкидланган:

"Соғлиқни сақлаш учун бюджет харажатлари 2020 йилдаги умумий бюджет харажатларининг 13,5 фоизидан 2024 йилда 10,7 фоизгача қисқарди”.

Газета.уз нашри эса Ўзбекистонда тиббий хизматлар учун ҳаражатларнинг 60 фоиздан ортиғи аҳолининг ўз маблағлари ҳисобидан қопланишига эътибор қаратган.

Сурат иллюстрация учун ишлатилди.
Сурат иллюстрация учун ишлатилди.

Қўшни республикаларда Ўзбекистондаги турли шифохоналарнинг рекламаси кўп кўрсатилади. Бу ҳам шифо излаб келаётганларнинг кўпайишига бир сабаб.

Мақола бошида “хорижлик беморларни Ўзбекистонда ижара ҳақи, озиқ-овқатнинг нисбатан арзонлиги ўзига тортяпти” деган фикрлар борлигини ёзгандик. Лекин қирғизистонлик яна бир қаҳрамонимизнинг сўзлари Ўзбекистонда даволаниш у қадар ҳам арзон эмаслигини кўрсатмоқда.

Жалолобод вилояти турғуни Лутсия Акашбекова белидаги чуррани даволаш учун ўтган йили Намангандаги хусусий шифохоналарнинг бирига борган.

“У ерда менинг диагнозим чиққанида менда чурра борлигини тушунтиришди. Улар менга “бошқа давлатдан келганингиз учун қимматга тушиб қоласиз, Қирғизистонга бориб кўринг, агар бизникидақа аппаратлар бўлса, ўз юртингизда даволанинг. Кучингиз етса, бизга келиб даволанаверинг, лекин сиз оддий аёл экансиз, пулингиз етмаслиги мумкин” дейишди. Агар Ўзбекистонда даволанадиган бўлсам, бир кунига 250 минг сўм тўлашим керак эди".

Шундан сўнг Лутсияхон ўз юртида даволанишни тўғри кўрган. У Қирғизистоннинг ўзидаги шахсий касалхонада ётиб даволаниш бир кунига ўзбек валютаси билан 200 минг сўмга айланганини таъкидлади:

“Ўзбекистонда диагноз қўйдириш арзон, ётиб даволаниш қиммат. Қирғизистондан кўпчилик Ўзбекистонга бориб диагноз қўйдириб келишади ва ўзимизда даволанишади”.

Ҳал этилмаган муаммолар

Давлат шифохоналари ёки илмий тиббий марказлар ўзбекистонликларга қандай ғамхўрлик қиляпти? Профессор Зарифбой Ибодуллаевнинг бунга фикри қуйидагича:

“Биздаги илмий-тиббий марказлар давлат елкасида ўтирган хусусий клиникаларга айланиб бўлди. Эндокринология институтига борасизми, хирургиягами, гематологиягами, пул тўлайдиган жойлари жуда кўп. Пуллик медицина йўлга қўйилган. Хусусий клиникадан нима фарқи бор? Илмий тиббий марказларда профессорлар ишлайди. Низом бўйича, илм орқали илмий даражали ходимларни кўпайтириш биринчи вазифа, иккинчиси, тиббий туризмни ривожлантириш. Соғлиқни сақлаш вазирлиги светни пулини тўлашимиз керак, дейди. Атрофдаги қардош республикалардан келадиган, узоқ хориждан келадиган беморларни даволаш ҳисобига ўзларининг молиявий муаммоларини ечиши керак. Ўзбек халқининг пули ҳисобига эмас. Хоҳлаган илмий тиббий марказига боринг, бепул хизмат кўрсатиш учун ордер сўрайди. Ордерни олишнинг ўзи азоб”.

Тиббий туризм марказига айланишга уринаётган Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими сўнги йилларда қатор инқирозларни бошдан кечирди. Жумладан, 2022 йил охирида Ҳиндистоннинг Marion Biotech ширкати ишлаб чиқарган дори воситаларидан болалар заҳарланган. Расмий маълумотларга кўра, 68 нафар бола вафот этган, камида 18 та бола ногирон бўлиб қолган. Учта вазир алмашгани билан ҳануз сиёсий жавобгар йўқ.

Жорий йил 1 июлдан дори савдоси устидан назорат амалиёти кучга кирган. Октябрда эса Адлия вазирлиги дори воситаларини ноқонуний равишда давлат рўйхатига олгани сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлигини огоҳлантирган.

Интеллектуал мулк департаменти маълумотига кўра, 2023 йилда 21 та ҳолатда, 2024 йилнинг ўтган даврида 16 та ҳолатда дори воситалари ноқонуний давлат рўйхатига олинган.

“Ана, кўриб турибмиз, ясама дорилар қўлга тушиб ётибди. Агар суғуртали тиббиёт бўлса, давлат назорат қиларди. Суғурта тиббиёт очганларнинг ўзи дорини сифатини назорат қиларди. Қаёққа қараманг, хусусий клиника тўлиб кетди. Демак халқ касал. Мана масала нимада? Ечим бор - суғурта. Миллиард-миллиард пул тежалади, халқ саломати ҳам, тиббий туризм ҳам ривожланади”.

Хуллас, қўшни давлатлардан келаётган беморлар Ўзбекистонни арзон тиббий хизматлар учун манзил сифатида танлаётган бир пайтда сифатни ошириш ҳам муҳим бўлиб турибди.

Қолаверса, мамлакат соғлиқни сақлаш тизимида катта муаммолар мавжуд. Шу билан бирга, кадр танқислигини ҳал қилиш ҳам кун тартибидаги масала.

Форум

XS
SM
MD
LG