Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:31

Термиз "Ҳайвонот боғи"да Қизил китобга кирган икки кийик ўлгани юзасидан текширув бошланди


Хонгул кийиги Қизил китобга киритилган
Хонгул кийиги Қизил китобга киритилган

Термиз шаҳар "Ҳайвонот боғи"да 2020 йилнинг 27 декабрь тунида Қизил китобга кирган икки Бухоро кийиги (Хонгул) номаълум сабаб билан сўйилиб, бошқа ҳайвонларга едирилгани борасида Сурхондарë вилоят Термиз шаҳар прокуратураси терговгача суриштирув ўтказмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот хизмати вакили Озодликка маълум қилди.

Жорий йилнинг 2 январида термизлик ҳайвонсевар Элмира Шарифуллиниа "Термиз зоопаркида ҳайвонлар нобуд бўлгани" ҳақида Озодликка хабар берган эди.

Термизлик блогер Отабек Сатторий Қизил китобга кирган кийиклар нобуд бўлгани ҳақида ўзи интернетда юритадиган блогда ëзди.

Элмира Шарифуллинанинг Озодлик билан суҳбатда иддао қилишича, “Зоопарк ишчилари Янги йилда ейиш учун икки кийикни сўйиб, гўштини бўлиб олишган”. Шарифуллина ўз фикрига исбот сифатида сўйилган кийик калласи акс этган суратни тақдим қилди.

Кийик калласи
Кийик калласи

Фотодаги кийик калласининг Термиз "Ҳайвонот боғи"да 2020 йил 27 декабрь тунида сўйилган икки хонгул кийигидан бири эканига аниқ далил йўқ.

Ўзини Термиз шаҳар “Ҳайвонот боғи” раҳбари Шуҳрат Шайдуллаевнинг ëрдамчисиман, дея Озодлик мухбирига таништирган мулозим 26 декабрдан 27 декабрга ўтар кечаси икки кийик ўлганлигини тасдиқлади.

Унга кўра, "озиб-тўзиб кетган кийик ўз ажали билан ўлгач", бошқа ҳайвонларга озуқа сифатида едирилган.

Мулозим Қизил китобга кирган кийикларни зоопарк ходимлари сўйиб еди, деган иддаоларни рад қилди.

Блогер Отабек Сатторий
Блогер Отабек Сатторий

Блогер Отабек Сатторий уз видеоблогида “кийиклар ўлимида ходимлар иштироки ҳақида фактлари борлиги ва зоопаркка ишга кирган пайтда қилтириқ бўлган ходимларнинг сал ўтмай, тўлишиб, семириб кетганини” иддао қилади.

Термизлик Элмира Шарифуллина Озодлик билан суҳбатда иддао қилишича, Янги йил дастурхони учун икки соғлом ва семиз хонгул кийиги танланиб, зоопарк ишчилари тарафидан сўйилган ва гўшти бўлиб олинган.

Хонгул кийиги Ўзбекистоннинг 10 нодир ҳайвонидан бири
Хонгул кийиги Ўзбекистоннинг 10 нодир ҳайвонидан бири

Сурхондарë вилоят прокуратураси мулозимининг дастлабки суриштирув натижаларига таяниб айтишича, зоопарк ишчилари жиноий ниятда кийикни сўйиб емоқчи бўлишган ва уларга "нимадир халақит бериб", кийик гўштини арслонлар турадиган қафасга келтириб ташлаганлар.

Ҳайвонот боғи мутасаддилари эса, икки кийик бир кунда нобуд бўлганини айтмоқда.

Қизил китобга кирган ҳайвонларнинг шубҳали ўлимини прокуратура текширмоқда.

Ҳайвонот боғи қарайдиган Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот химати вакили суриштирув тугаши билан барча маълумот тақдим этилишини билдирди.

Термиз ҳайвонот боғидаги ҳайвонлар очликдан қийналгани айтилади
Термиз ҳайвонот боғидаги ҳайвонлар очликдан қийналгани айтилади

"Хонгулим, жон гулим"

27 декабрь куни шубҳали тарзда нобуд бўлган икки кийик халқаро Қизил китобга ва Ўзбекистонда яшайдиган 10та нодир ҳайвонлар рўйхатига кирган Бухоро хонгул кийиги ҳисобланади. Мутахассисларга кўра, дунëда бу кийиклардан фақат 1400га яқини сақланиб қолган ва шундан 582 донаси Ўзбекистон ҳудудида. Пахта монокультураси ва химикатлар билан дефолиация қилиш оқибатида бу кийиклар камайгани айтилади.

1982 йили СССР ҳукумати Ўзбекистондаги Бадай Тўғай қўриқхонасига 24та кийикни чэт элдан олиб келиб қўйиб юборган ва бу кийиклар тўқайда табиий кўпайгани кузатилган. Бухоро кийигининг йўқолиб бораëтгани ўтган асрнинг 80-йилларидаги ўзбек зиëлиларини ташвишлантирган. Ўзбек шоири Мирзо Кенжабек 1984 йили “Хонгулим, мен сенсиз қандоқ яшайман” деган шеърий марсия ëзган эди.

Хонгул кийиги
Хонгул кийиги

Термиз "Ҳайвонот боғи"

Термиз "Ҳайвонот боғи" Ўзбекистонда илк ташкил қилинган қадим масканлардан бири. У 1938 йилнинг биринчи сентябрида субтропик иқлимли 35 гектар майдонда ташкил қилинган эди. Бухоро амирига оид фил ва товуслар ҳайвонот боғининг илк турғунлари бўлгани айтилади. 2001 йилда Термиз "Ҳайвонот боғи" халқаро андозалар талабига жавоб берадиган тартибда қайта қурилди. Маскан халқаро ҳайвонсеварлар маъқуллайдиган темир қафассиз боғ- роғ шаклига эга. Ҳайвонлар бу ерда табиатдаги ўз ҳаёт тарзига ўта яқин муҳитда яшаëтгани айтилади. "Ҳайвонот боғи"да жониворларнинг 140 тури мавжуд бўлиб, ундан 18 тури Халқаро Қизил китобга киритилган. Масканда балиқларнинг 15 тури; ҳам сувда, ҳам қуруқликда яшовчи ҳайвонларнинг 2 тури; сут эмизувчиларнинг 94 тури мавжуд. Булар орасида шер, йўлбарс, фил¸қоплон, енот, пони, хонгул, қулон, ҳар-хил маймунлар, қўнғир айиқ, оқ тирноқ айиқ ҳамда турли хил ноёб қушлар бор.

Термиз шаҳар "Ҳайвонот боғи"нинг тажриба ботаника участкасида 120 турдан ортиқ ҳар-хил мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда буталар ўстирилади.

Совет кинохроникаси 1979 йилда Термиз "Ҳайвонот боғи" ҳақида суратга олган «Энг жанубий» ҳужжатли фильми халқаро танловда махсус совринга лойиқ кўрилганди.

Термиз "Ҳайвонот боғи" дунëдаги барча ҳайвонот боғлари билан алоқаларга эга.

Термиз шаҳар "Ҳайвонот боғи"
Термиз шаҳар "Ҳайвонот боғи"

XS
SM
MD
LG