Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:33

Тармоқлар ва диний сиёсат. Адлия вазири "жамиятдаги бўлинишлар"дан огоҳлантирди


Ўзбекистон Адлия вазири Русланбек Давлетов.
Ўзбекистон Адлия вазири Русланбек Давлетов.

6 февраль куни Тошкентда журналистларнинг саволларига жавоб берган Ўзбекистон Адлия вазири Русланбек Давлетов “жамиятда бўлинишларга сабаб бўлаётган" дин пешволарини огоҳлантирди.

Вазир фуқароларнинг қонунда белгиланган ҳуқуқларини “инкор қилишга”, мақомидан қатъи назар, ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини таъкидлади.

Вазирнинг огоҳлантириши ижтимоий тармоқларда уламолар ва жамоат фаоллари ўртасида жиддий баҳс ҳамда тортишувлар кузатилаётган бир пайтда янгради.

Айни тортишувлар фонида президентнинг диний масалалар бўйича маслаҳатчиси ҳам алмашди - Шоазим Миноваров ўрнига Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси раисининг ўринбосари Музаффар Комилов тайинланди.

"Ихтилофли" чиқишлар

Адлия вазири Русланбек Давлетов 6 февраль куни оммавий ахборот воситаларига ҳисоботида бошқа масалалар сирасида мамлакатдаги диний жамоа вакиллари, айниқса имомларнинг мунозарали чиқишларига тўхталди.

“Диний ташкилотларнинг айрим вакиллари чиқиб, ‘У ишни қилса, бундай бўлар экан, бу ишни қилса, бундай бўлади. Бу нарсани ичса, бундай бўлади, бу вилоятликлар бундай’, деган гапига ҳуқуқ нуқтаи назаридан биз чидаб туролмаймиз. Чунки бу, биринчидан, жамиятимизнинг бўлинишига олиб келяпти, иккинчидан, диний ташкилотларнинг бундай ихтилоф қилишга ҳаққи йўқ. Биласизларми нимага? Чунки одамларга тамға босиш ҳуқуқи йўқ. Динга хоҳласа, ишонади, хоҳламаса, ишонмайди. Хоҳламаса, умуман таркидунё қилиб яшайди. Бу одамнинг конституциявий ҳуқуқи. Шунинг учун қонунда белгиланган кафолатларни кимлардир чиқиб, мақомидан қатъи назар, инкор қилолмайди”, деди Русланбек Давлетов

Вазирнинг баёноти ижтимоий тармоқларда дин пешволари ва жамоат фаоллари орасидаги мунозара таранглашаётган бир паллада янгради.

“Имомлар кескин чиқишлар қилмоқда”

Сўнгги йирик можаролардан бири Тошкент вилояти Зангиота тумани «Фатҳ» жоме масжидида имом ноиби вазифасида ишлаб келган Солихон домла - Солихон Ортиқхўжаев билан содир бўлди.

Ижтимоий тармоқлардаги чиқишларидан бирида домла шариатда тақиқланган ичкилик ичиш билан машғул кишиларни танқид қиларкан, Хоразм вилояти аҳолисини алоҳида тилга олди.

Имомнинг бир вилоят аҳлини умумлаштириб қоралаши тармоқларда кескин норозиликка сабаб бўлди, уламони бу чиқиши учун жавобгарликка тортиш талаблари янгради.

Норозиликлар ортидан Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси имомни вазифасидан четлатди.

Бунга қадар Фарғона вилояти Тошлоқ тумани Бош имом хатиби, Шукрулло Эгамбердиев (Шукрулло домла)нинг тармоқларда аёлларга нисбатан ҳақоратли дея танқид қилинган чиқиши эътирозларга сабаб бўлганди.

Имом уйида қаровсиз ўтирган аёлларни “ўзига қарамайдиган расво” деб атаган ва қаровсизлиги учун аёлларнинг ўзини айблаганди.

Айрим тармоқ фойдаланувчилари аёлни бу ҳолга солган эркаклар эканини айтиб, имомга чора кўрилишини талаб қилишган.

Тармоқлардаги диний контент

Исмини очиқламасликни сўраган фарғоналик журналистлардан бири Адлия вазирининг огоҳлантируви ўринли бўлганини айтади:

“Айрим имомларнинг бу каби кескин чиқишлари кейинги пайтларда кўп учраяпти. Нафақат дунёвий қонунларда, ҳатто Ислом динида ҳам имом ёки диний соҳа мутасаддиси кимгадир ёки қаергадир иддао қилаётганда омматан танқид қилиши қораланади. Бу фитнага сабаб бўлиши мумкин. Худдики, қош қўяман деб кўз чиқариш ҳеч гап эмасдай. Бунақа кескинликни вазир эмас, ўзини ҳурмат қилган оддий зиёли қатлам ҳам ҳазм қилолмаётганди”.

Ўзбекистонда кейинги йилларда диний эркинликларнинг кенгайганини эътироф этган журналистнинг сўзларига кўра, тармоқларда диний контентни таҳлил қилишга эҳтиёж ҳам ортган.

“Бизда кескин маърузалар оммага чиқиб бўлганидан кейин вазиятга қараб чора кўриш тажрибаси бор ва ҳозирга қадар шу тажрибага таянилмоқда. Битта имом ишдан олинган, лекин маърузалари тарқалиб ётибди. Бунақа маърузаларни ўз тафаккури билан синтез қиладиган, таҳлиллаб ўзига керагини олиб, керакмасини ташлаб юборадиганлар эмас, асосан тўғридан-тўғри қабул қиладиган ёшлар эшитяпти”, - дейди журналист.

Президент маслаҳатчиси ўзгарди

2 февраль куни Ўзбекистон президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Шоазим Миноваров лавозимдан четлатилди. Унинг ўрнини Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов эгаллади.

Ислом цивилизацияси маркази раҳбари сифатида фаолиятини давом эттириши айтилган Миноваров аввалроқ Facebook тармоғидаги чиқишида “шариат билан бошқариладиган ислом давлатини орзу қиладиганлар” ни қоралаб чиққанди.

"Таассуф. Шу мамлакатнинг нонини еб, сувини ичиб, "Шариат билан бошқариладиган ислом давлати" орзусида юрганлар тўғрисида эшитсам, хафа бўлиб кетаман. Ироқда, Сурияда, қўшни давлатда нималар бўлганини кўриб, билиб туриб, наҳотки ана шундай тузумни орзу қилсалар?”

...Нега оила бошлиғи топиб келган ва болалар тарбияси-таъминотига ишлатилиши керак бўлган маблағни "гаплар"га, дунёнинг аллақаерларидан олиб келинаётган қора либосларга ишлатиб, энг катта неъматимиз - тинчликка рахна солишни ўйлайдилар айрим юртдошларимиз?”, деб ёзган президент маслаҳатчиси.

Тармоқ фойдаланувчиларининг бир қисми президент маслаҳатчисининг чиқишини "ҳаддан ошган диний қатламга огоҳлик сигнали" сифатида талқин қилган бўлса, бошқалар томонидан "динга советча ёндашув" дея танқид қилинди.

Таҳлилчи Сардор Салимга кўра, Миноваровнинг баҳсли пости Ўзбекистондаги "ҳукмрон секуляр элита нафақат ҳозирги ўзбек жамияти нима билан яшаётганидан, балки дунёдаги тренд ва тенденциялардан буткул бехабарлигини ҳам намоён қилган".

Ўзбекистон Президент администрациясига яқин манбадан олинган маълумотга кўра, шу пайтгача ҳам “раҳбарлик қобилияти ва иродасини кўрсата олмаган” Миноваров ишидан президент қониқмаётган эди.

Манбанинг айтишича, Миноваровга “тармоққа пост қўйишдан бошқа иш қўлингиздан келмайдими?” деган эътироз бўлган. Унинг ўрнига тайинланган Музаффар Комилов эса “бу тизимни қандай назорат қилишни биладиган куч ишлатар тузилма кадридир”

54 яшар Музаффар Комилов Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада узоқ йиллар йиллардан буён ишлаб келган. Айни пайтда у Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори лавозимини ҳам сақлаб қолган.

Диний сиёсат

Мустақил журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, Адлия вазирининг баёноти ва унгача ўтган қисқа вақт ичида юз берган воқеалар кетма-кетлиги ҳукуматнинг диний сиёсатидаги ўзгаришлардан дарак бўлиши мумкин.

“Дин ишлари бўйича собиқ Давлат маслаҳатчиси Шоазим Миноваров ҳар ҳолда олим сифатида ҳам, жамоат арбоби сифатида ҳам секуляр жамият тарафдори эди. Буни унинг чиқишлари, мақолаларида кўрганмиз. Аммо кўпчилик у кишини қаттиққўл раҳбар сифатида эмас, дипломат сифатида билади. Балки диндорларнинг мўътадилликдан оғишаётганига у кишини айбдор сифатида кўришгандир. Бу истеъфо ва Адлия вазири Давлетовнинг диний уламолар борасидаги чиқишида ўзаро боғлиқлик бўлиши мумкин. Янги маслаҳатчи Музаффар Комилов эса диний қўмита вакили сифатида уламоларга бирмунча яқин ва қаттиққўлроқ одам”, - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Адлия вазирининг баёноти тармоқларда дунёвий институтлар ва тоқатлиликнинг аҳамиятини таъкидлаб келадиган блогер ва мутахассислар томонидан олқишланди. Тилшунос олим ва блогер Элдор Асановга кўра, вазир кўплаб фаоллар, эксперт ва блогерларнинг хавотирларини тилга келтирган, холос.

"Фақат Давлетов эмас, жуда кўп фаоллар, экспертлар, блогерлар неччи ойлардан буён буни таъкидлаб келади. Бу муаммони аллақачон пайқаб бўлишган, вазир Америка очгани йўқ. Давлетов шу каби кейсларни назарда тутяпти, умуман динга ёки диний тарғиботга тақиқ қўйгани йўқ", - деб ёзди у ўзининг "Асанов формати" Телеграм-каналида.

XS
SM
MD
LG