Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:28

"Ўзбекнаво" хонанда Тамилага психологга боришни тавсия қилди


"Ўзбекнаво" эстрада концерт бирлашмаси раҳбарияти бир неча "ҳаёсиз" фото ва видеолари билан баҳсларга сабаб бўлган хонанда Тамиланинг (Эсмеральда Раҳматова) лицензиясини бутунлай бекор қилди. Қатор нашрларда бирлашма бош директори Фарҳод Жўраевнинг хонандага саҳнага чиқиш эмас, шифокорга боришни тавсия қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Podrobno.uz ахборот агентлиги мухбирига интервью берган Фарҳод Жўраев: "Тамила ҳеч қачон лицензия олмайди ва сиз бунинг сабабини биласиз. Унда, афтидан, болалигидан нарциссизм аломатларb бўлган, хуллас, унинг авҳоли яхши эмаслиги шундоқ кўриниб турибди. У саҳнага эмас, поликлиника психологига учраши керак", деган.

Бирлашма раҳбари яқинда хонанда билан саҳнага қайтиши ҳақида суҳбатлашгани, аммо, руҳий аҳволи яхши бўлмагани учун уни саҳнага қайтаришга ҳожат йўқ, деган қарорга келганини таъкидлаган.

Озодлик "Ўзбекнаво" бирлашмасига қўнғироқ қилиб, Фарҳод Жўраевнинг ўзидан изоҳ олишга уринди. Аммо, "директор шу кунда Мустақиллик байрамининг 25 йиллигига тайёргарлик ишлари билан бандлиги" ҳақида жавоб олди.

Ҳозирча бирлашма расмий сайтида хонандаТамилланинг (Эсмеральда Раҳматова) лицензияси бутунлай бекор қилингани ҳақида бирор хабар берилмади.

Бирлашмадаги Озодлик манбасининг 11 июль куни хабар қилишича, Тамиланинг маъмури Нажот Аъзамов ҳам бу борада бирор изоҳ беришдан тийилмоқда. У февраль ойида хонанданинг лицензияси бекор қилинганидан буён у билан ишламаётир ва ишлаш ниятида эмаслигини ҳам айтмоқда.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Тамилани (асли исми Раҳматова Эсмеральда Нажмиддиновна​) Telegram ижтимоий тармоғида тарқалган "беҳаё видеолар" ортидан 2016 йилнинг 1 февралида лицензиядан маҳрум этган. Бу видеоларда Тамилга қиёс берилган аёл ярим-яланғоч ҳолда кўринган.

Бирлашма хонанда билан тузилган лицензия битимида назарда тутилган "талаблар ва шартларни бузгани сабабли" лицензия бекор қилинганини билдирган. Аммо, Тамила "беҳаё" видеоларда кўринган аёл у эмаслигини айтиб, видеомурожаат эълон қилган эди.

Ижтимоий тармоқларда эса “Тамила бу ишни жамоатчилик олдида қилмадику, нега хос суҳбат давомида олинган ва унинг изнисиз чиқариб юборилган видео учун уни тарқатган одам эмас, қўшиқчи жазоланиши керак” мазмунидаги фикрлар ҳам айтилди.

Эстрада бирлашмасининг бу ҳаракати Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддасида қайд этилган дахлсизлик ҳуқуқига зид экани урғуланди, Тамиланинг ҳимоячилари Facebook ижтимоий тармоғида “Je suis Tamila” гуруҳини тузишди.

Ўшанда Ўзбекнаво эстрада бирлашмаси Тамила ҳимоясига чиққан қўшиқчиларни кескин қоралаб, яна бир баёнот тарқатган.

Бирлашманинг лицензия бериш бўлими бошлиғи Одил Абдуқаҳҳоров хонандалар Лола Йўлдошева билан Азиза Низомова Instagram тармоғи орқали Тамилани ҳимоя қилганини қоралаб, бу ҳолатларга йўл қўйилмасликдан огоҳлантирган.

"Тамилани тартибга чақириш ўрнига унинг ҳимоясига ўтишди. Биз бу каби аҳлоқсизликни қаътий тақиқлаймиз", деган эди Абдуқаҳҳаров маҳаллий матбуотга берган интервьюсида.

"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси раҳбарининг тавсиясига хонанда Тамиланинг бирор муносабат билдиргани ҳозирча Озодликка маълум эмас. Сўнгги норасмий маълумотларга кўра, саҳнага чиқиши тақиқланган Тамилага оид кўрилган фото-видеолар ҳануз ижтимоий тармоқлар, хусусан, Telegram тармоғида қўлма-қўл бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG