Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:42

Самарқанд ва Андижонда талабалар "трол"лик қилишга мажбурланмоқда


Ўзбекистонда троллар гуруҳлари президент сиёсатини танқид қилиб келаётганларга салбий фкир билдириш мақсадида тузилган.
Ўзбекистонда троллар гуруҳлари президент сиёсатини танқид қилиб келаётганларга салбий фкир билдириш мақсадида тузилган.

Самарқанд ва Андижон давлат университетларининг талабаларига ижтимоий тармоқларда президентни мақтаб мақола ёзиш, президент ва у олиб бораётган сиёсатни танқид қилган фикрларга салбий муносабат билдириш ҳақида топшириқ берилди.

Самарқандлик талабаларнинг айтишларича, университет раҳбарияти Facebook ва Youtube ижтимоий тармоғларида президент сиёсати ҳақида негатив фикр билдирган постлар ва шарҳлар рўйхати шакллантириб, филология факультети талабаларига тарқатилган ва улардан салбий шарҳ ёзиш талаб қилинган.

Андижонлик талабалар ва ўқитувчиларга эса президентнинг университетга ташрифидан сўнг уни мақтаб мақолалар ёзиш топшириғи берилган.

Андижон давлат университети проректори бундай топшириқ берилганини инкор қилди.

Биздан сохта ватанпарвар ясашяпти

Самарқанд давлат университетининг филология факультетида ўқийдиган, ўқитувчилар томонидан босим бўлишидан чўчиб, исми сир қолишини сўраган талаба Фейсбук ижтимоий тармоғида Ўзбекистон ва унинг президенти танқид қилинган шарҳлар махсус рўйхатни Озодликка тақдим қилди.

Cалбий шарҳ ёзилиши лозим бўлган постлар рўйхати
Cалбий шарҳ ёзилиши лозим бўлган постлар рўйхати

Бу рўйхатда Facebook ва Youtube ижтимоий тармоқларидаги 20та пост ва шарҳлар келтирилган.

Талабанинг Озодликка айтишича, улардан сохта ватанпарвар ясаш асабларига теккан:

“Бизда кураторимиз Фейсбук очиб баъзи президентга қарши сўзларга салбий коммент ёзишга ундаяптилар. Мен икки кундан бери қилмагандим, яъни бу ишга кўнглим бўлмаганди. Энди мажбурлаяптилар ва мен ҳам ёзишга мажбур бўлдим”.

СамДУ талабаси ёзган хабар
СамДУ талабаси ёзган хабар

Университет домлалари тақдим этган рўйхатда Facebook ва Youtube да ёзилган жумладан, бундай шарҳларга салбий коммент ёзиш сўралган:

"ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ҚЎРҚУВ ОРҚАЛИ ПРЕЗИДЕНТЛИК ТАХТИНИ САҚЛАБ ҚОЛИШ МУМКИН,УСТОЗ"? сўради шогирд "пиру комил" устозидан”.

“СОХТА САЙЛОВГА ҚАРШИМАН!!!

Товуқ ҳар куни тухум туғаркан ва "анави" жойи оғриб ЭНДИ БОШҚА ТУҒМАЙМАН деб қичқираркан ва эртаси куни яна туғиб қўявераркан.

Хулоса шуки, бир неча йилдан бери ҳокимларни халқ сайлаши ҳақида президент ёлғон ваъдаларни бериб келади ва бу ваъда токи ҳозирги ҳукумат ўз ўрнида қолар экан-ҳеч қачон амалга ошмайди. Буни иккита сабаби бор.

Биринчи сабаби-Агар ҳокимларни халқ сайласа, халқ президентгамас,ўзига,яъни халққа садоқатли бўлган ҳокимни сайлайди.

Иккинчи сабаби-Ҳаммага маълумки, ҳокимлик мансаби ҳукумат тепасида ўтирган бир тўда порахўрлар томонидан катта пулларга СОТИЛАДИ.Нафақат ҳокимлик мансаби,балки бошқа мансаблар,СУДЬЯ, ПРОКУРОР, СОЛИҚ ва шунга ўхшаган ЁҒЛИ жойлардаги мансаблар ҳам катта пулларга сотилади ва сотиб олинади.

Токи халқ ташаббусни ўз қўлига олмас экан, ҳеч қайси порахўр амалдор ҳар куни тилла тухум туғадиган товуқни халқни қўлига шундайига бериб қўймайди”.

“ХУРМАТЛИ ПРЕЗИДЕНТ Ш.М.МИРЗИЁЕВ АХОЛИГА КИММАТ ФОЙИЗДАГИ КРЕДИТЛАР АЖРАТИБ КАШШОКЛИКГА МАХКУМ КИЛМАСДАН АХОЛИНИ УЙ ЖОЙЛАР ХАМДА КАТТА МАОШЛИ ИШ УРИНЛАР БИЛАН ТАМИНЛАНГ БОЖХОНАДАГИ БОЖ ТУЛОВЛАРИНИ ЙУКОТИНГ ХАЛКНИНГ ДАРДИНИ ХИС КИЛМАГАН ХАЛК НОРОЗИ БУЛГАН БАРЧА АМАЛДОРЛАРДАН ВОЗ КЕЧИНГ.ХАЛКИМИЗ СИЗДАН РОЗИ БУЛСИН”.(шарҳлардаги орфография ва пунктуация таҳрир қилинмади – таҳририят).

Исми сир қолишини сўраган талабанинг айтишича, уларга бу рўйхатни декан ўринбосари олиб келиб берган:

“Биздан троллар армиясини қилишмоқчи. Биров эркин фикр билдирган бўлса, нега биз унга қарши ясама шарҳ ёзишимиз керак. Халқ ўзи кўриб турибдику нима бўлаётганини. Ҳамманинг ҳам калласи бор, ақли етади. Ёзмаймиз десак, декан ўринбосари Миржалол Боботаев ўқишдан ҳайдаш билан таҳдид қилмоқда. Мажбур виждонимизни ютиб бўлса ҳам ёзяпмиз”.

Самарқанд давлат университетининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Зебинисо Рустамова 25 июнь куни Озодлик билан суҳбатда бу воқеадан хабари йўқлиги ва суриштириб ўрганишини, 26 июнь куни боғланишимизни сўради. Аммо 26 июнь кунги Озодлик қўнғироқларига проректор жавоб бермади.

"Президентни мақташ керак экан!"

Айни шундай талаб Андижон давлат университетида ҳам қўйилаётгани ҳақида исми сир қолишини сўраган ўқитувчилардан бири Озодликка хабар берди:

“Президент унвиерситетимизга келиб кетганидан сўнг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректоримиз Аъзамжон Ҳамроқулов ўзининг телефонидан махсус хабар юбориб, талаба ва ўқитувчиларга президентни мақташни буюрди. Яна ватандан ташқарида Ўзбекистонни таниқд қилаётганларни ҳам савашимиз керак экан. Кимдир ёзяпти, кимдир хўп деб ўз ишини қиляпти. Мана мен сизга проректор жанобларининг хатини жўнатяпман”, деган ўқитувчи СМС хабарни илова қилди.

Андижон давлат университети проректори ёзган деб айтилаётган хабар
Андижон давлат университети проректори ёзган деб айтилаётган хабар

“Ассалому алайкум ҳурматли мураббийлар. Юртбошимизга Андижон вилоятига қилган ташрифларидаги институтимизга қилган эътиборлари учунижтимоий тармоқларда миннатдорчилик билдиришимиз керак. Қаерда ёзилган бўлса ссилкасини яъни ҳаволасини Абдураҳмонга юборинглар шу ҳафта ичида ишлаймиз. Қанча кўп устозлар ва талабалар ёритса шунча яхши. Қўшимча равишда Ватан мустақиллиги ҳақида, тинчлигимизни кўролмаётган ватандан ташқарида туриб, сиёсатимизга қарши сиёсат юргизаётган, турли иғво в бўҳтонлар тарқатаётган...”(проректор хабари стилистикаси, орфографияси ва пунктуацияси асл ҳолида чоп қилинмоқда – таҳририят).

Андижон давлат университетининг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Аъзамжон Ҳамроқулов Озодлик билан суҳбатда бундай топшириқ берганини инкор қилди:

“Бўлмаган гап. Мен университет бўйича шундай талабни қўйишга ҳақли бўлган одам, лекин қўйганим йўқ. Бундай деб ёзмаганман, ҳеч қачон ёзмайман ҳам. Айтаман, ёзса ёзади, ёзмаса йўқ”.

Троллинг нима?

Троллинг деганда одатда Интернет форумларига олдиндан белгиланган мақсад (кўпинча ëмон ният) билан қўшилиб¸ форумлардаги баҳслашувчиларни гиж-гижлаш¸ уларни ҳақорат қилиш¸ ғазабини қўзғаш орқали баҳсни бутунлай бошқа йўналишга буриб юбориш¸ махсус ишлов берилган мафкурани ëйиш назарда тутилади.

Бу ишни қилувчилар эса тролл деб аталади ва сўзнинг инглиз тилидаги маъноларидан бири дев¸ яъни баҳайбат ва қўрқинчли¸ лекин аҳмоқ махлуқни англатади.

Интернет троллари кўпинча аноним ҳолда¸ баъзан эса¸ доимий тахаллус билан турли Интернет форумларининг кунда-шундасига айланиб¸ муайян мафкуравий йўналишдаги хабар ва шарҳ тарқатадилар¸ кўпинча буни касбга айлантирадилар. Уларнинг мақсади виртуал ҳудуддаги конструктив мулоқотга йўл бермаслик¸ шундай мулоқот қилувчилар¸ хусусан¸ мустақил ва танқидий фикрловчиларни онлайн форумлардан турли йўллар билан сиқиб чиқаришдир.

Норасмий “Tроллар фабрикаси”нинг уюштирилиши Ўзбекистонда аввал ҳам кузатилган. Бу каби мувофиқлаштирилган кампаниянинг Ёшлар Иттифоқи, Тошкент Ахборот технологиялари университети (ТАТУ), Гулнора Каримованинг "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" жамғармаси (Фонд Форум), Миллий хавфсизлик хизмати, АОКА ва бошқа ташкилотлар томонидан уюштирилгани айтилган.

2018 йилда Ёшлар Иттифоқининг бир гуруҳ фаол аъзолари ҳам Facebook тармоғида фейк аккаунтлар очиб, троллик қилиб келаётгани ошкор бўлган эди.

Шу иш билан шуғулланган ёшларга кўра, улар иттифоқ раҳбарлари буйруғи билан 4-5тадан фейк аккаунт очган ва шу аккаунтлар орқали Ёшлар иттифоқига қарши фикр билдирган шахсларга қарши троллар ҳужумини уюштириб келган.

Ўзбекистонда ички ишлар ходимлари олийгоҳларда ёшларни янги тузилаётган сиёсий партияларга қўшилмасликка даъват этувчи учрашувлар ўтказаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Жумладан, Термиз давлат унверситетига ҳам ички ишлар ходимлари бориб, янги таъсис этилган “Ҳақиқат ва Тараққиёт” ҳамда "Эрк" партиялари “мамлакат аҳолисини бузғунчи ғоялар билан чалғитувчи гуруҳ" экани айтилиб, уларнинг йиғинларига бормаслик ҳақида маслаҳатлар берилган.

Тролликка жалб қилинг талабалар янги тузилаётган партиялар ва уларнинг раҳбарларини ижтимоий тармоқлар орқали обрўсизлантириш учун "негатив маълумотлар" тарқатиш ҳақида топшириқ олганликларини айтишган.

XS
SM
MD
LG