Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:31

Тожикистон расмийлари тўй дастурхонига қўйилган егуликларни мусодара қилди


Душанбе шаҳрида ўтказилган тўйда куёв-келин машинага ўтирмоқда. (Озодлик архивидан олинган бу суратнинг мақолада тилга олинган оилага алоқаси йўқ)
Душанбе шаҳрида ўтказилган тўйда куёв-келин машинага ўтирмоқда. (Озодлик архивидан олинган бу суратнинг мақолада тилга олинган оилага алоқаси йўқ)

Тожикистоннинг жанубида яшовчи Зайдулло Худоёров тўнғич қизини турмушга узатишга барча тайёргарликларини кўриб қўйган эди. Аммо қиз базми бошланишидан бир неча соат олдин бир гуруҳ расмий унинг уйини тинтув қилиб, маросим учун тайёрлаб қўйилган егуликларнинг катта қисмини мусодара қилди.

Расмийлар базм учун тайёрланган емишлар исрофгарчиликка олиб келишини ҳамда Худоёровлар оиласи турли тадбирларга қанча маблағ сарфлаш белгилаб қўйилган қонунни бузганини таъкидлашди.

26 август куни ўтказилган рейдда иштирок этган Даҳана қишлоғи расмийси Холмурод Иброҳимов: “Қишлоқда қоннунбузарлик олдини олишга эришдик”, деди.

Ўтган ойда ўтказилган рейд ҳақида хабар тарқала бошлаганидан кейин, 18 сентябрь куни Иброҳимов: “Рейд давомида оила қиз базми учун ошиқча егулик, жумладан, патир нонлар ва ҳолва тайёрлаганини аниқладик. Биз егуликларни тортиб олиб, Кўлоб руҳий касаллар шифохонасига топширдик”, деди.

Иборҳимов яна егуликлар учун сарфланган маблағ Худоёровлар оиласи тушумига мутаносиб бўлмаганини таъкидлади.

Тожикистонликлар орасида “танзим” номи билан маълум бўлган қонун дастлаб 2007 йилда қабул қилинган. Ўшанда президент Эмомали Раҳмон дабдабали тўйлар ва йирик азалар учун сарфланадиган маблағ қашшоқ мамлакат халқини оғир аҳволга солаётганини таъкидлаган эди.

Етти фарзанднинг отаси бўлган Худоёровнинг доимий иши йўқ. У мардикорлик қилиб ҳамда ҳовлисида эккан сабзавотларни сотиб кун кечиради.

Худоёров рафиқасига куёвга овқат юбормасликни айтганини таъкидлади. Маҳаллий анъанага кўра, тўйдан аввал келин тараф куёвникига егулик юборади.

Худоёров қонунни бузганига қарамасдан, жаримага тортилмаганидан мамнун.

Маросимларга сарфланадиган маблағларни чекловчи қонунларда уларни бузганларга 4 минг долларгача жарима солиш белгиланган. Қонунни қайта-қайта бузганларга эса 5700 доллар жарима солиниши мумкин. Расмийларнинг айтишича, бунчалик катта жарима белгилашдан мақсад аҳолини қонунга риоя қилишга чақиришдир. Мамлакатда ўқитувчилар ва бошқа ҳукумат ишчилари ойига тахминан 150 доллар маош олади.

Август ойининг охирида Тожикистон парламенти қонунни ўзгартиришга қарор қилди ва янги чекловларни жорий қилди. Янги ўзгаришларга биноан, ҳукумат ишчилари ёки уларнинг оила аъзолари ушбу қонунни бузишса, улар ишдан ҳайдалиши мумкин.

Киритилган ўзгаришлар яна янги чақалоққа исм қўйиш, боланинг сочини илк марта олиш ёки хатна қилиш маросимларини дабдабали ўтказишни ман этади.

Бунинг ўрнига оилалар ўз фарзандлари учун банк ҳисобларини очиб, тўпланган маблағни уларнинг билим олиши ва соғлиғини сақлаш учун сарфлашга чақирилади.

Бундан ташқари, яқини вафот этган оилаларга айрим тадбирлар, жумладан, етти кунда ёки олти олда худойи қилиш ман этилади.

Тожикистонда ишсизлик ва камбағаллик кенг тарқалган бўлса-да, мамлакат аҳолисида баъзан дабдабали тўйлар қилади. Оилалар одатда узоқ йиллар давомида тўйга маблағ тўплайди.

Август ойида Раҳмон маҳаллий расмийларни ҳар бир оилага қонун нусхасини беришга чақирди.

Даҳаналик Худоёров эса, ўз бошидан кечиргани бошқаларга ўрнак бўлишидан умидвор.

XS
SM
MD
LG