Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:53

Таҳлил: ЕИ Қозоғистондаги ҳодисаларга қандай жавоб бериши керак?


Европа ташқи алоқалар кенгаши (ЕТАК) таҳлил марказининг “Кенг Европа” дастури директори Мари Дюмулен Қозоғистондаги ҳодисаларга Европа Иттифоқи қандай жавоб қайтариши кераклиги ҳақида мақола ёзди.

ЕИ Қозоғистондаги воқеаларни яқиндан кузатмоқда. Аммо иттифоққа аъзо мамлакатлар январь воқеаларига турлича муносабат билдирди: Венгрия ҳукумати президент Қaсим-Жомарт Тоқаев кўрган чораларни қўллашини билдирди, бошқа аъзо давлатлар эса репрессияларни қоралаб, Қозоғистонга қурол етказиб бериш тўхтатилганини эълон қилди.

Дюмулен Қозоғистоннинг Марказий Осиёдаги аҳамияти ва ЕИнинг минтақадаги фаолиятини кенгайтириш ниятини эътиборга олган ҳолда, блок январь инқирози ортидан қандай йўл тутишни обдон ўйлаб кўриши кераклигини таъкидлади.

Ҳозирча Қозоғистондаги тартибсизликларнинг ЕИ учун геосиёсий оқибатлари ноаниқ, чунки содир бўлган воқеаларнинг тўлиқ моҳияти номаълум бўлиб қолмоқда.

Кузатувчилар норозиликлар давомида тўрт гуруҳ қатнашганини қайд этмоқда: ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар тарафдорлари; мамлакат бошқарувини ўзгартириш истагидаги сиёсий гуруҳлар; ижтимоий дискриминация ва адолатсизликдан ҳафсаласи пир бўлган ёшлар; Олмаотадаги жамоат бинолари ва муҳим инфратузилмани қўлга олишни кўзлаган уюшган қуролли гуруҳлар.

Тоқаев фавқулодда ҳолат тартибини жорий этиб, кучишлатар тизимлар ходимларига намойишчиларни “огоҳлантиришсиз отиш”га буйруқ берган пайтга келиб илк икки гуруҳнинг кўплаб аъзоси Олмаота кўчаларини аллақачон тарк этган эди.

Дюмулен ўз мақоласида Қозоғистон ҳукумати намойишлардан кейинги кунларда блогерлар ва журналистларга босим ўтказа бошлагани авторитар тузум демократик ўзгаришлар талаби билан ўтказилган тинч намойишларни бостирганидан далолат беради, деб ёзди. Шунингдек, у ҳалок бўлганлар сони ва улар ким экани тўлиқ очиқланмаса, расмий билдирувларга шубҳа билан қаралишини урғулади.

Намойишлар бутун мамлакат бўйлаб тарқалаётган бир пайтда Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ва унинг вориси Тоқаев тарафдорлари ўртасида тўқнашув юзага келгани айтилмоқда.

Назарбоевлар оиласи юқори лавозимлардан четлатилиб, кўп нарсалардан маҳрум қилинаётгани Тоқаев ва унинг тарафдорлари қўли баланд келганини кўрсатса ҳам, ҳукумат таркибида ким қайси томонда эканлиги ҳақида ҳали ҳам аниқ гап айтиш қийин.

Тоқаев мамлакатнинг “ҳудудий яхлитлигига таҳдид” важидан КХШТдан ёрдам сўради. Россия раҳбарлигидаги альянс ўз тарихида биринчи марта аъзо мамлакат “ички ишларига” аралашиб, Қозоғистонга бир неча минг ҳарбийни йўллади. Мутахассисларнинг айтишича, КХШТ қўшинлари Қозоғистонга киритилиши туфайли Тоқаев ҳокимиятни ўз қўлида жамлашга муваффақ бўлди.

Дюмулен бу ҳодисалар фонида ЕИ содир бўлган воқеаларни яқиндан ўрганиши ва уларни бошқа постсовет мамлакатларидаги норозилик ҳаракатларига қиёсламаслиги кераклигини урғулади.

“Қозоғистон Беларусь эмас, Арманистон ёки Қирғизистон эмас”, деб ёзди у.

Унинг сўзларига кўра, ЕИ намойишлар давомида содир бўлган тартибсизликлар ҳамда улар аёвсиз бостирилганини тўлиқ ўрганилишини талаб қилиши керак. Шунингдек, блок журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаоллар аҳволини диққат билан кузатиб бориши керак.

Айни дамда, ЕИ Қозоғистон ҳукумати билан алоқаларни эҳтиёткорлик билан давом эттириши ва ислоҳотларни амалга оширишга чорлашда давом этиши керак.

Ниҳоят, ЕИ қозоғистонлик элиталарнинг ўз ҳудудида қўлга киритган мулкларини текшириши лозим. Дюмулен фикрича, агар блок жиноий йўл билан қўлга киритилган бойликлар қонунийлаштирилишини чекласа, Қозоғистонда адолатли ва шаффофроқ тизим яратилишига ёрдам берган бўлади.

XS
SM
MD
LG