Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:13

Таҳлил: Путин нима учун Украина шарқидаги айирмачи ҳудудлар мустақиллигини тан олди?


Куни кеча Россия президенти Владимир Путин узундан-узоқ нутқ сўзлаб, Киев ва Ғарбни кескин қоралади. Нутқи якунида Украина шарқида айрим ҳудудларни назорат қилиб келаётган ва Москва дастаклаётган айирмачи ҳудудларни мустақил давлатлар ўлароқ тан олишини таъкидлади ва буни расмийлаштириш учун фармон имзолади.

Сўнгги йилларда, ҳатто сўнгги ойларда Путин бундай қарор чиқаришдан ўзини тияди, деган фикр кенг тарқалган эди, чунки бундай қарор Москвани Киевга нисбатан кучли таъсир дастаги – Минск келишувларидан маҳрум қилган бўларди. Минск келишувлари 2014 йилдан бери Донбассда 13 200 дан ортиқ одам умрига зомин бўлган урушни тугатишга ҳамда айирмачилар ва Украина ҳукумати ўртасидаги можарони ҳал қилишга қаратилган эди.

Хўш, нега Путин бундай йўл тутди? Қуйида бу саволга айрим жавоблар билан танишишингиз мумкин.

Ботқоққа ботиб қолган Минск келишуви

2015 йил февралида имзоланган ва "Минск-2" ўлароқ маълум бўлган келишув Москва томонидан Украинанинг ички ва ташқи сиёсатига кучли таъсир ўтказиш воситаси ўлароқ кўрилди, чунки шартнома Россия дастаклаб келаётган кучларга кўплаб эркинликларни берди.

Айирмачилар 2014 йилнинг баҳоридан бери Донецк ва Луганск вилоятларини ўз ичига олувчи Донбасс ҳудудини бошқариб келади.

Аммо битимнинг муҳим жиҳатлари, жумладан, унда белгиланган қадамлар бўйича Россия ва Украина ўртасида келишмовчиликлар мавжуд. Путин бугунга келиб келишув Москва шартларига мос равишда амалга оширилишидан умидини узган бўлиши мумкин.

Кенгроқ уруш олдини олиш ёки уни шунчаки кечиктириш?

Путин 21 февраль куни кечқурун халққа қилган мурожаатини тинглар экансиз, президент қўшни давлатга ҳарбий ҳужумни эълон қилишини кутган бўлишингиз мумкин. Россия Украина чегаралари яқинида 130 000 дан ортиқ қўшин тўплангани учун АҚШ Кремль исталган вақтда Украинага ҳужум қилиши мумкинлигини айтиб келади.

Россия Украинага бостириб кириши эҳтимолдан холи эмас: Путин ўз нутқи давомида Украина ҳақидаги шикоятларини яна такрорлади. Россия президенти Украина большевиклар лидери Владимир Лениннинг уйдирмаси эканини иддао қилди. Путиннинг сўзларидан Россия президенти учун Украинанинг икки вилояти мустақиллигини тан олиш етарли эмаслигини хулоса қилиш мумкин.

Бир неча таҳлилчи Луганск ва Донецк мустақиллигини тан олиш Киевдаги ҳукуматни ағдаришга қаратилган йирик ҳарбий кампаниянинг илк қадами эканини тахмин қилмоқда.

Афтидан, Путин бу ҳудудлар мустақиллигини тан олиб, мақтанишга арзигулик ютуқни қўлга киритган бўлиши мумкин. Шунингдек, Донецк ва Луганск мустақиллигини тан олиш Россия президентига икки нарса олдини олишга ёрдам беради: Путин бу қарори билан бир томондан кенг кўламли босқин ва қон тўкилиши олдини олишни, иккинчи томондан, Украина ва Ғарб қатъияти фонида ён бергани ҳақида айбловлардан ўзини ҳимоя қилишни кўзлаган бўлиши мумкин.

Россия бундан нари ҳам Украинага ҳарбий босим ўтказишда давом этиши мумкин. Донбасснинг ўзида бу босим ҳар қачонгидан ҳам кучайиши эҳтимолдан холи эмас: айирмачилар нафақат Донецк ва Луганск вилоятларининг ўз назоратлари остида бўлган қисмига, балки икки вилоятнинг бутун ҳудудига даъво қилмоқда. Шундай экан, Путин уларнинг мустақиллигини тан олгани учун айирмачилар Донецк ва Луганскни бутунлай эгаллаб олишга ҳаракат қилишини кутиш мумкин.

Путин ўз нутқи давомида Украинанинг баъзи ҳудудлари ҳақли равишда Россияга тегишли бўлиши кераклигига шама қилди. Россия президенти бу билан Донецк ва Луганск ҳудудларини тўлалигича айирмачилар қўлига ўтказишни назарда тутган бўлиши мумкин.

Россия Донбассни расман ўз ҳудудига қўшиб олиши хавфи ҳам бор. Путиннинг кечаги мурожаатидан олдин Кремль Хавфсизлик кенгаши ўтказган йиғинда икки Россия ҳарбийси айнан шундай бўлишини таъкидлади, аммо кейинчалик бу ҳарбийлар хатога йўл қўйгани иддао қилинди.

Ички ташвишлар

Путиннинг нутқидан унинг мақсади россияликларни келажакда Украинани бўйсундириш учун янада тажовузкор ҳаракатларга тайёрлаш эканини хулоса қилиш мумкин. Путин фуқаролик жамияти ва мухолифатга нисбатан давомли ва мисли кўрилмаган тазйиқлар уни заифлаштирганини ҳамда россияликлар норозилик намойишларига чиқиши эҳтимолини йўқ қилганини яхши билса-да, COVID пандемияси ва иқтисодий қийинчиликлар билан курашаётган кўпчилик россиялик учун Луганск ва Донецк мустақиллигини тан олиш қўшни мамлакат билан йирик уруш бошлашдан кўра яхшироқ туҳфа бўлишини тушуниб тургани шубҳасиз.

Киевни заифлаштириб...

Кремль назарида Луганск Халқ Республикаси (ЛХР) ва Донецк Халқ Республикаси (ДХР) мустақиллигини тан олиш тўғрисидаги фармон Россияга Украина ҳудудининг яна бир қисмини қўлга киритиш имконини беради. Бундан саккиз йил олдин Кремль Қрим яриморолини Украинадан тортиб олганди.

Путин ўз фармони Украина президенти Владимир Зеленскийни заифлаштиришига умид қилаётган бўлиши мумкин. 2019 йилда президент этиб сайланган Зеленский ўз сайловолди кампанияси давомида асосий мақсади Украинани ҳудудини бериб қўймасдан Донбассдаги урушни тугатиш эканлигини айтган.

...Ғарбни бўлиш

Россия Украинага бостириб кирса, бу Ғарбда бирликни кучайтириб, АҚШ ва Европа Иттифоқининг бир ёқадан бош чиқарган ҳолда жавоб қайтариши эҳтимолини кучайтирган бўларди.

Путин Луганск ва Донецк мустақиллигини тан олса, Ғарб давлатларини қандай жавоб бериш ва қандай санкция қўллаш борасида келиша олмаслигига умид қилаётган бўлиши мумкин, айниқса, агар Россия ва айирмачилар Донбассда ҳукумат назорати остидаги ҳудудга бостириб киришга интилмаса ва Москва ўз ҳарбийларини Украина чегараси яқинида олиб кетишни бошласа.

Аммо, афтидан, Россия ҳали-бери ўз қўшинларини Украина яқинидан олиб кетмоқчи эмас.

Провокация?

Путиннинг Луганск ва Донецк мустақиллигини тан олиш тўғрисидаги фармонидан Россия яқин орада ушбу ҳудудларга ҳарбий юбориши мумкинлигини хулоса қилиш мумкин. Россия ҳарбийлари сўнгги саккиз йил давомида Донбассда фаолият юритиб келаётганини кўрсатувчи кўп сонли далиллар бўлишига қарамай, Москва ҳудудга ҳарбий ёрдам кўрсатаётганини зўр бериб рад этиб келади.

Шунингдек, Путин ўз фармонига бирор ҳарбий жавоб кутаётган бўлиши мумкин, чунки бундай жавоб унга Украинада ўз мақсадларига эришиш йўлида куч ишлатишига яхши баҳона бўларди.

RAND Corportaion таҳлилий маркази катта сиёсатшуноси Самуэл Чарап "Twitter"да Путин нутқи ҳақида шундай фикр билдирди:

"Мазкур драматик нутқдан асосий хулоса шуки, Россияда эндиликда ДНР ва ЛНРга "ҳужумларга" айирмачиларга тўғридан-тўғри ҳарбий ёрдам кўрсатаётганини яширмай жавоб қайтаришига баҳона бор".

"Россияда ҳатто ўз қонунларига биноан очиқчасига ҳарбий аралашув бошлашга асос йўқ эди, аммо эндиликда мамлакатда бундай асос бор", деб ёзди Чарап.

XS
SM
MD
LG