Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:33

Таҳлил: АҚШ Афғонистон ҳукумат кучларига ваъда қилган 4 млрд доллар ёрдамни ким назорат қилади?


АҚШ ва НАТО 2024 йилга қадар Афғонистоннинг ҳарбий ва хавфсизлик кучларини молиялаш учун йилига 4 миллиард доллар ажратишни ваъда қилди. АҚШ сўнгги 20 йил давомида Афғонистон ҳукумати кучлари малакасини ошириш, қурол-яроғ билан таъминлаш ва ўқитиш учун қарийб 89 миллиард доллар сарфлаган.

Аммо АҚШ ҳукумати кузатувчисига кўра, бу маблағ яқиндан назорат қилинмаган, юз миллионлаб доллар ножўя сарф қилинган ва хавфсизлик аппаратида коррупция чуқур илдиз отган.

31 августгача сўнгги коалиция қўшинлари олиб чиқиб кетилгандан кейин, келажакда ажратиладиган маблағ қандай сарфланишини кузатиш деярли имконсиз бўлиб қолади.

Қуйида ваъда қилинган маблағ назорати билан боғлиқ муаммолар ҳақида “The Associated Press” нашрида чоп этилган мақола таржимаси билан танишишингиз мумкин.

АҚШ 2001 йилдан бери Афғонистонда сарфлаган маблағ

Бугунга қадар ҳарбийлар, миллий полиция ва махсус кучлардан иборат Афғонистон Миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари малакасини ошириш, уларни қурол-яроғ билан таъминлаш, ўқитиш ва қўллаб-қувватлаш учун қарийб 83 миллиард доллар сарфланган.

Бу кўрсаткич турли харажатларни ўз ичига олади. Масалан, АҚШ транспорт воситалари ва самолётлар учун қарийб 10 миллиард доллар сарфлаган. 2010–2020 йилларда Афғонистон ҳарбийлари учун ёқилғига 3.75 миллиард доллар сарфлаган.

Шунингдек, 2001 йилдан буён яна 5.8 миллиард доллар маблағ мамлакат иқтисодиёти ҳамда ҳукуматини ривожлантириш ҳамда инфратузилмани яхшилашга сарфланган. Бундан мақсад жамоатчилик қўлловига эришиш ва Толибон ҳаракати кучайиши олдини олиш бўлган.

Бу рақамларни Афғонистонни қайта тиклаш бўйича махсус инспектор (Special Inspector General on Afghanistan Reconstruction, or SIGAR) Жон Сопко тақдим этди. Инспекторнинг зиммасига АҚШ солиқ тўловчилари маблағлари қандай сарфланганини назорат қилиш вазифаси юкланган.

АҚШ 2022 йилда Афғонистонга 3,3 миллиард доллар ажратмоқчи. Афғонистон ҳаво кучларини дастаклаш учун 1 миллиард доллар; ёқилғи, ўқ-дори ва эҳтиёт қисмлар учун 1 миллиард доллар ҳамда афғон аскарларига иш ҳақи тўлаш учун 700 миллион доллар ажратилади.

Афғонистон ҳукумати 2024 йилдан кейин ўз армиясини сақлаш учун қандай маблағ топишини айтиш қийин.

SIGAR маълумотларига кўра, Афғонистон ҳукумати бюджетининг 80% дан ортиғини АҚШ ва унинг иттифоқчилари тўлаб келади.

Сопко ҳозирлаган ҳисоботга кўра, бугунга қадар Кобул кўпроқ маблағ ажратишга қодир бўлади, деган иқтисодий башоратлар нотўғри ёки ҳаддан ташқари бўрттирилган бўлиб чиққан. Афғонистон иқтисоди 2021 йилда 3.4 фоизга ўсиши башорат қилинган эди, аммо аслида мамлакат иқтисодида 2 фоизга қисқарган.

Сўнгги 7 йилнинг 4 йилида Афғонистон олдига қўйган иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига эриша олмаган.

Исрофгарчилик ва коррупция

Сўнгги 20 йил ичида Афғонистонга сарфланган миллиардларнинг катта қисми деярли назорат қилинмаган. Натижада Афғонистон ҳукумати ҳам, хорижий пудратчилар ҳам йирик коррупцияга қўл урган.

Сопко исрофгарлик, нотўғри бошқариш ва ошкора коррупция ҳолатлари ҳақида ўнлаб ҳисобот ҳозирлаган.

Масалан, АҚШ Афғонистон ҳаво кучлари учун 20 та G222 ҳарбий транспорт самолётини сотиб олиш ва таъмирлаш учун 547 миллион доллар сарфлаган. Кейинчалик уларнинг 16 таси афғонистонлик олиб-сотарларга 40 257 долларга яроқсиз нарса ўлароқ сотилган, чунки америкалик таъмирловчилар носоз ва хавфли самолётларни етказиб берган экан.

Сопко йил бошида ёзган ҳисоботда айтилишича, истеъфодаги АҚШ ҳаво кучлари генерали қоидаларга зид равишда самолётларни таъмирлаган фирма билан алоқада бўлган.

Ҳисоботда қайд этилишича, 2020 йилнинг май ойида Адлия вазирлиги кузатувчи агентликка G222 дастури бўйича ҳеч қандай жиноят ва фуқаролик ишини қўзғатилмаслигини маълум қилган.

2008 йилдан бери Афғонистон фуқаролик ҳукуматига бино ва транспорт воситалари учун ажратилган 7.8 миллиард доллардан атиги 1.2 миллиард доллар режалаштирилгандек бинолар ва транспорт воситалари учун сарфланган. Сопконинг сўзларига кўра, харид қилинган жиҳозларнинг атиги 343.2 миллион доллар қийматга эга қисми яроқли ҳолатда сақланган.

Афғонистон армияси ва полиция кучлари расман 320 мингга яқин аъзога эга. Аммо SIGAR уларнинг сони аслида 280 мингга яқинлигини айтмоқда.

Ушбу тафовутни "арвоҳ аскарлар" билан изоҳлаш мумкин: порахўр расмийлар пул ишлаб олиш учун ҳарбийлар сонини ошириб кўрсатган.

Сопко ҳозирлаган ҳисоботларнинг бирида қайд этилишича, назорат етарли бўлмагани учун пора олиш, фирибгарлик, товламачилик ва таниш-билишчилик, шунингдек, "зўравон уруш бошлиқлари ва уларнинг қуролли кучларини кучайтиришга" қулай замин яратилган.

"Коррупция Афғонистон ҳукуматининг қонунийлигига путур етказиш, халқнинг исёнчиларга бўлган қўлловини кучайтириш ва моддий ресурсларни исёнчи гуруҳларига йўналтириш орқали АҚШнинг Афғонистондаги миссиясига сезиларли даражада путур етказган", дейилади SIGAR ҳисоботларидан бирида.

Қандай ҳарбийлар қолмоқда?

АҚШ Афғонистон армиясига сарфлаган шунча вақт ва маблағдан кейин, оз сонли қўмондонлик кучлари толибонга қарши туришга қодир ягона бўлим эканини хулоса қилиш мумкин.

Сўнгги ҳафталарда Толибон Афғонистон бўйлаб туманларни босиб олар экан, кўплаб ҳолатларда ҳукумат армияси ва полиция жангариларга таслим бўлиш тўғрисида музокара олиб борди ёки шунчаки иш жойини тарк этди. Кўп ҳолатларда бошлиқлар уларни ўқ-дори, қўшин ва айрим ҳолатларда ҳатто озиқ-овқатсиз ташлаб қўйган.

Уруш давомида АҚШ ҳаводан берган зарбалар жанг майдонида афғон кучлари учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Шундай экан, афғон қўшинларининг ҳаво ҳужумларини амалга ошириш салоҳиятини ошириш жуда муҳим эди.

АҚШ Афғонистон ҳаво кучлари ва "Қанот" махсус миссиясини (Special Mission Wing) қўллаб-қувватлаш учун 8.5 миллиард доллардан кўпроқ маблағ сарфлаган.

Бироқ, коалиция қўшинлари мамлакатдан чиқиб кетгандан кейин, Афғонистон ҳаво кучлари фаолияти тўхтаб қолиши эҳтимоли катта.

Афғонларнинг қирувчи самолётлар паркини таъмирлаш билан АҚШ пудратчилари шуғулланиб келади. Бу пудратчилар эса коалиция қўшинлари билан Афғонистонни тарк этмоқда.

Афғонистон расмийларининг айтишича, коалиция техник хизматларни афғонистонликларнинг ўзлари кўрсатишлари учун ҳеч қандай тренинг ўтказмаган ёки керакли инфратузилмани қуриб бермаган.

Америкаликлар афғон ҳарбийларига қолдираётган зирҳли техника ва оғир қуролларнинг кўп қисми ҳақида ҳам айни хулосани айтиш мумкин.

“The Associated Press” агентлиги билан суҳбатлашган бир неча афғон расмийси АҚШ ва НАТО эҳтиёт қисмлар ҳамда ўқ-дорилар ишлаб чиқарадиган заводларга сармоя ётқизмагани ва малакали афғон механикаларини тайёрлаш учун маблағ ажратмаганини айтиб, танқид қилди.

"Ҳар бир ўқ Америкадан келиши керак эди", деди Афғонистон Мудофаа вазирлигининг собиқ ходими генерал Давлат Вазирий.

"Нега биз уларни бу ерда ишлаб чиқармадик?"

"Демократияларни ҳимоя қилиш" жамғармасининг катта ходими Билл Рожжионинг айтишича, коалиция Афғонистон ҳукумати ва ҳарбийларини Ғарб ёрдамига ҳаддан ташқари қарам қилиб қўйган.

"АҚШ Толибонга қарши курашишга қодир армияни тайёрлаш ўрнига нотўғри армияни – Ғарб услубидаги армияни тайёрлади", деди Рожжио.

"Коммандослар, Махсус кучлар ва Ҳарбий ҳаво кучлари яхши ишладилар, аммо жанговар кучларнинг асосий қисмини ташкил этадиган доимий Афғонистон армияси ўз вазифасини бажаришга қодир эмас", деди у.

Миллиардлаб долларни назорат қилиш

АҚШ расмийлари бир неча йилдан бери АҚШ томонидан молиялаштириладиган лойиҳаларни шахсан кузата олмай келади, чунки бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик вазияти ёмонлашгани учун АҚШ элчихонаси ходимларининг ҳаракатланиши кескин чекланган.

Сопко июль ойида эълон қилган ҳисоботда ёзилишича, 2016 йилга келиб АҚШ маслаҳатчилари Афғонистон хавфсизлик хизмати ходимлари билан Кобулда оғир зирҳли конвойларсиз учраша олмай қолган. Кейинчалик улар фақат вертолётда учрашувга бора бошлаган.

Апрель ойи ўрталаридан бошлаб, АҚШнинг Кобулдаги элчихонаси ходимлари сони қисқартирилган ва фақат қолиши шарт бўлган ходимларгина қолдирилган.

Элчихона ходимларидан бири “The Associated Press” агентлигига берган интервьюсида элчихонада 1 400 нафар америкалик қолганини, улар асосий вақтини элчихона деворлари ичида ўтказаётганини айтган.

Рожжонинг айтишича, АҚШ ва НАТО Афғонистонда бўлган пайтда ҳам кўрсатилаётган ёрдамни машаққат билан кузатган.

Улар мамлакатни тарк этганидан кейин кўрсатилган ёрдамни назорат қилиш эса деярли имконсиз бўлади.

"Бутун мамлакат бўйлаб толиблар ҳамма ерни вайрон қилар экан, афғон расмийлар нақд пулни талон-торож қилишга янада қаттиқроқ ҳаракат қилади", дея хулоса қилди у.

XS
SM
MD
LG