Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:40

Таҳлил: Афғонистондаги “Исломий давлат” нақадар хавфли?


Америкаликлар Кобул аэропорти ташқарисида содир этилган худкушлик ҳужумида “Исломий давлат” экстремистик гуруҳининг Афғонистондаги тармоғини айбламоқда. “Исломий давлат – Хуросон” номи билан танилган гуруҳ бундан олти йил олдин мамлакат шарқида тузилган. Гуруҳ тез орада дунёдаги энг хавфли террор таҳдидларидан бирига айланди.

АҚШ бошчилигидаги коалиция кўп йиллар давомида гуруҳни нишонга олган бўлишига қарамай, у бутунлай йўқ бўлмади ва Афғонистондан АҚШ ва НАТО қўшинлари олиб чиқиб кетилаётган бир пайтда йирик ҳужумни амалга оширишга муваффақ бўлди.

Президент Жо Байден пайшанба куни амалга оширилган ҳужумда “Исломий давлат – Хуросон” гуруҳини айблади. Портлашни америкалик ҳарбий хизматчилар назорати остидаги аэропорт дарвозаси яқинидаги оломон ичига кириб борган худкуш ҳужумчи амалга оширган.

“Исломий давлат – Хуросон” ўта ҳалокатли ҳужумларни амалга ошириб ном чиқарган. Қуйида гуруҳ Кобулдан хорижликларни ва таҳдид остидаги афғонистонликларни эвакуация қилиш амалиётида ҳамда АҚШ ҳаракатларига қандай таъсир кўрсатаётгани ҳақида “Associated Press” агентлиги нашр этган мақола таржимаси билан танишишингиз мумкин.

“Исломий давлат – Хуросон” гуруҳи ҳақида

“Исломий давлат” гуруҳининг Марказий Осиёдаги бўлинмаси гуруҳнинг асосий жангчилари 2014 йилнинг ёзида Сурия ва Ироқни босиб олиб, ўзларига хос халифаликни ташкил этганидан бир неча ой ўтгач пайдо бўлган эди. Сурия ва Ироқда гуруҳни сиқиб чиқариш учун маҳаллий ва халқаро қўшинлар беш йил курашди.

Афғонистондаги бўлим номи Ўрта асрларда Афғонистон, Эрон ва Марказий Осиёнинг кўп қисмини қамраб олган тарихий Хуросон вилояти номидан олинган.

Гуруҳ “ИШИДХ” ёки “ИШИД – Х” номи билан ҳам танилган. ИШИД эса, ўз навбатида, “Ироқ ва Шом исломий давлати” атамаси қисқартмасидир.

“Исломий давлат – Хуросон” жангарилари кимлар?

Гуруҳ бошида Покистондаги ҳарбий амалиётлар ортидан Афғонистондан бошпана топган бир неча юз покистонлик Толибон жангарилари турган. Йиллар давомида уларнинг сафига бошқа ҳамфикр экстремистлар, жумладан, Толибонни ошиқча мўътадил ва тинч деб билган толиблар қўшилган.

Сўнгги йилларда Толибон АҚШ билан тинчлик музокараларини олиб борар экан, норози толиблар янада экстремистик ғояларга эга “Исломий давлат” гуруҳига ўтди, натижада гуруҳ кенгайди. Кўпчиликнинг Толибон АҚШ билан музокара олиб бораётганидан ҳафсаласи пир бўлди, чунки улар Толибон ҳарбий ғалабага эришиш йўлида, деган хулосага келган эдилар.

Гуруҳ, шунингдек, “Ўзбекистон исломий ҳаракати” аъзолари, Эроннинг суннийлар яшайдиган ягона вилоятидан келган жангчилар ҳамда Хитойнинг шимоли-шарқидаги уйғурлар тузган “Туркистон Ислом партияси” аъзоларини ўзига жалб қилди.

“Исломий давлат” гуруҳининг зўравон ва ўта мафкуравий қарашлари, жумладан, Ислом оламини бирлаштириб, халифалик тузиш ваъдалари кўпчиликни ўзига тортди.

Нима учун ушбу гуруҳ ўта хавфли?

Асосан Афғонистон ичида фаолият юритиб келаётган Толибондан фарқли ўлароқ, Афғонистон ва Покистондаги “Исломий давлат” гуруҳи асосий гуруҳнинг бутун дунё бўйлаб ғайримусулмонларга қарши жиҳод қилиш чақириғини қабул қилган.

Халқаро ва стратегик тадқиқотлар маркази (The Center for International and Strategic Studies) “Исломий давлат” жангарилари Афғонистон ва Покистонда тинч аҳолига, жумладан, озчилик шиа мусулмонларига қарши уюштирган ўнлаб ҳужумни қайд этган. Шунингдек, 2017 йилнинг январидан буён жангарилар Афғонистон, Покистон ва АҚШ бошчилигидаги коалиция кучлари билан юзлаб марта тўқнашган. Гуруҳ ҳали АҚШ ҳудудида ҳужум уюштирмаган бўлса-да, Вашингтон жангари гуруҳ АҚШ ҳамда унинг Жанубий ва Марказий Осиёдаги иттифоқчилари учун доимий таҳдид деб ҳисоблайди.

Уларнинг Толибон билан муносабатлари қандай?

“Исломий давлат” ва Толибон бир-бирига душман. Разведка ходимлари “ал-Қоида” жангчилари Толибон сафига қўшилган, деб ҳисоблайди. Толибон эса, ўз навбатида, Афғонистонда “Исломий давлат” гуруҳига қарши йирик, мувофиқлаштирилган ҳужумларни уюштириб келади. Толибон жангарилари АҚШ ва АҚШ дастаклаган Афғонистон ҳукумати кучлари билан ҳамкорликда Афғонистоннинг шимоли-шарқий ҳудудларида “Исломий давлат” жангариларига қарши курашган ҳолатлар ҳам бўлган.

АҚШ Мудофаа вазирлиги ходими “Associated Press” агентлигига исмини ошкор қилмаслик шарти билан берган интервьюсида Трамп маъмурияти Толибон билан 2020 йилги келишувни қисман “Исломий давлат” гуруҳига қарши курашда куч бирлаштириш мақсадида таклиф қилганини айтди. Трамп маъмурияти “Исломий давлат” гуруҳини Америка учун жиддий хавф деб билган.

Гуруҳ ҳозирги кунда нақадар хавфли?

Ҳатто АҚШ Афғонистонда “Исломий давлат” гуруҳини кузатиш ва унга зарба бериш учун жанговар қўшинлар, самолётлар ва қуролли дронларга эга бўлган пайтда ҳам “Исломий давлат” АҚШга қарши ҳужум қилишда давом этди. Уэст-Пойнт академияси қошидаги Терроризмга қарши кураш маркази (Combating Terrorism Center) учун ҳозирланган ҳисоботда жангарилар бу ҳужумларни амалга ошириш учун минглаб аъзосини қурбон қилгани айтилди.

АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетгани учун мамлакат ҳудудида зарба бериш имкониятидан маҳрум бўлмоқда. Шунингдек, бундан нари Вашингтоннинг “Исломий давлат” гуруҳини кузатиб бориш қобилияти заифлашади. Байден маъмурияти расмийлари “Исломий давлат” гуруҳи АҚШ бутун жаҳон бўйлаб курашаётган кўплаб террор таҳдидларидан фақат биттаси эканини айтмоқда. Улар гуруҳ соладиган таҳдидни Форс кўрфазида ёки бошқа ерда жойлашган ҳарбий базалардаги учоқлар ёрдамида бартараф эта олишларини иддао қилишмоқда.

АҚШни энг қаттиқ ташвишлантираётган масалалардан бири Афғонистоннинг Толибон ҳукмронлиги остида Ғарбга ҳужум уюштиришни режалаштираётган экстремистлар учун таянч нуқтасига айланиш эҳтимолидир.

Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ўтган ҳафта CNN телеканалига берган интервьюсида АҚШ “бисотидаги барча воситалар билан” бу таҳдидга қарши чора кўраётганини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG