Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:22

МХХ текшируви ортидан “Ўзметкомбинат” раҳбарлари ишдан олиняпти


Темир эритиш цехи.
Темир эритиш цехи.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг қарийб йигирма нафар ходими Бекободдаги металлургия комбинатида комплекс текширув ўтказишга киришганидан сўнг бир неча амалдор ишдан бўшатилди. Озодлик манбасига кўра, бу амалдорлар катта миқдордаги давлат пулини ўзлаштирганликда айбланган. Uzmetronom.com интернет газетасининг ёзишича, инвестицион лойиҳалардан ўғирланган маблағ тахминан 20 миллиард сўмни ташкил қилмоқда.

Бекободдаги Ўзбекистон металлургия комбинатида ишлайдиган Озодлик манбасига кўра, сўнгги ўн кун ичида комбинатнинг юқори лавозимда ишлайдиган бир неча раҳбари ишдан бўшатилиб, баъзиларининг устидан жиноят иши қўзғатилган.

Манбага кўра, бу Миллий хавфсизлик хизматининг қарийб икки ой аввал ташланган 18 кишидан иборат терговчилар гуруҳи қилган иш натижаларидир:

“МХХ” комбинатнинг қурилиш-монтаж бўлинмасини қаттиқ текширди. Аввал, бўлинма бошлиғи Азиз Холматов ҳисбга олиниб, унинг уйида тинтув ўтказди. МХХ десанти келиши билан комбинат бош директори Азиз Холматовни зудлик билан ишдан бўшатилган эди. Комбинат қурилиш-монтаж бўлинмаси бош инженери Давлат Дўстматов ҳам ҳибсга олинган эди. Энди эса бош муҳандис ўринбосари, Олий Мажлис сенатори Рашид Пирматов ишдан олинди”, деди текширув натижаларидан яхши хабардор манба.

Унга кўра комбинатнинг истиқболли ривожлантириш ва инвестиция бўйича директори Баҳодир Юсупов ҳам вазифасидан бўшатилган:

“Мен олган маълумотларга кўра, Баҳодир Юсуповнинг тақдири ҳали маълум эмас. Уни комбинатда кўриб тураман. Айтишларича вазифасидан анча пастлатилган. МХХ тергови натижалари бўйича, бу амалдорлар ғайриқонуний металл сотиш ва катта миқдордаги давлат маблағини ўзлаштиришга алоқадорликда гумонланмоқда. Комбинат шаҳар касалхонаси ҳудудида силга қарши дори воситалари ишлаб чиқаришга мўлжалланган завод қурилишини бошлаш керак эди. Ҳозирча бу иш ҳам тўхтаб турибди”, деди манба.

Uzmetronom.com интернет газетасининг ёзишича, инвестицион лойиҳалардан ўғирланган маблағ тахминан 20 миллиард сўмни ташкил қилмоқда.

Исми сир қолишини сўраган комбинат ишчиларидан бирининг айтишича, сўнгги пайтда маошнинг кечикиши сурункали тус олган:

“Комбинат ўтириб қолганга ўхшаяпти. Маошларимиз бир ойлаб кечикяпти. Ишчиларга иш кийимлари, совун берилмай қўйди. Комбинат касалхонаси ҳам пуллик бўлди. Боғчага, Чорвоқдаги дам олиш уйида нархлар оширилди. Ҳамма жойда нарх-наво ошиб боряптию, лекин бизнинг маошларимиз тўрт йил аввалгидек турибди. Ҳеч ким ҳеч нарса дея олмайди. Чунки биздан “ҳеч қандай сирни ошкор қилмаймиз, норозилик билдирмаймиз”, деган қоғозга қўл қўйдириб олишган. Норозилик билдирсак ишдан ажраб қоламиз”, деди комбинат ишчиларидан бири.

Озодлик бу воқеаларга муносабат олиш учун "Ўзметкомбинат" раҳбарияти билан боғланди. Бироқ, Озодлик билан гаплашган мулозим телефон орқали ҳеч қандай маълумот беролмаслигнини айтди.

Сўнгги пайтда, “Ўзметкомбинат” раҳбарияти ва мулозимларининг ғайриқонуний ишлари ҳақидаги маълумотлар “Озодлик”, “Фергана”, “Узметроном” каби ахборот сайтларига сиздирилмоқда.

Бу хабарларни сиздираётган кучлар, комбинат мулозимларими ёки комбинат раҳбарларининг рақиблари, буниси Озодликка маълум эмас.

Жумладан, 31 май куни кечқурун, Бекобод туманида Ўзбекистон металлургия комбинати раҳбарининг хизмат машинаси катта тезликда йўл чеккасида кетаётган пиёдани уриб юборгани ҳақидаги хабар ҳам Озодликка юборилган эди.

Озодликнинг Тошкент ҳуқуқ-тартибот тизимларига яқин манбаси пиëда ўлимига сабаб бўлган Toyota Camry машинаси рулида "Ўзметкомбинат" раҳбари эмас, балки унинг ҳайдовчиси Ж.А. ўтиргани ва у аллақачон эҳтиëт чораси сифатида суддан олдин қамоққа олингани ва ҳодиса юзасидан жиноят иши очилганини билдирган эди.​

XS
SM
MD
LG