Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:03

Яккабоғнинг ёқиб юборилган собиқ ҳоким ўринбосари тадбиркорни дўппослагани иддао қилинмоқда


Камол Норбобоев бозор муассиси ва ўғиллари томонидан "ўласи қилиб калтаклангани"ни иддао қилмоқда.
Камол Норбобоев бозор муассиси ва ўғиллари томонидан "ўласи қилиб калтаклангани"ни иддао қилмоқда.

Қашқадарё вилоят, Яккабоғ туманидаги қурилиш моллари бозорида фаолият юритувчи 39 яшар тадбиркор Камол Норбобоев "бозор муассиси Мансур Туймаев ва унинг ўғиллари томонидан қаттиқ калтаклангани"ни иддао қилмоқда.

Аввал туман ҳокимининг ўринбосари бўлиб ишлаган Мансур Туймаев 2019 йилда бошқа бир тадбиркорнинг дўконини тракторда бузиб ташламоқчи бўлганида тадбиркор унга бензин сепиб ўт ёқиб юборгани ҳодисаси билан танилган.

Камол Норбобоевнинг даъвоси қилишича, у ҳушидан кетган ҳолда касалхонага олиб келинган, амма ҳодисадан саккиз кун ўтган бўлса ҳам экспертиза қилинмаган.

Айни пайтда Камол Норбобоев томонидан калтакланганини иддао қилган Мансур Туймаев ҳам касалхонада эканлигини айтмоқда.

Яккабоғ тумани қурилиш моллари бозорида ёғоч билан савдо қиладиган тадбиркор Камол Норбобоевнинг айтишича, ҳодиса 9 август куни тушдан кейин содир бўлган:

“Бозор катта бир эски тарози бор эди. Ёнбошига биз маҳсулот туширган эдик. Ўша эски тарозини кимлардир кўчириб олиб кетишди, Мансур Туймаевни ҳам, бозор директори Зоҳид Эшмўминовни ҳам, қаранглар олиб кетяпти, деб огоҳлантирган эдик. Лекин айбни бизга қўйиб, ўша куни Туймаев билан Эшмўминов келиб, нега қарамадинглар, деб ҳақорат қилишни бошлади. Мен ҳам жавоб қайтардим. Кейин Туймаев келиб бир мушт солди, жавобини олди. Сўнгра Эшмўминов қўлларимни қайириб ушлаб турди, Туймаев роса урди”.

Тадбиркорнинг айтишича, шундан сўнг у ишхонасидан арматурани олиб чиқиб, ўзини ҳимоя қилмоқчи бўлган:

“Мен ҳам жаҳл устида темирни силтаган эдим, Туймаев қўли билан қайтариб қолди ва бир учи сал бошига тегиб кетди. Туймаев яқинларини телефон қилиб чақирган экан, кўпайишиб кетишди. Кимдир орқамдан келиб, бошимга нима биландир солди, йиқилдим. Кейин ўртага олиб, ҳушимдан кетгунча роса тепишган”.

Камол Норбобоев касалхонада қаровсиз қолганини айтади:

“Мени отам олиб келган экан. Қабул қилган врач қарагани ҳам йўқ. Бошқа дўхтурга илтимос қилиб, жароҳатларни тиктирдик. Улар биздан олдин келиб, ётиб олишган экан. Ўша куни дўхтур ИИБга хабар берган экан. Лекин участковой эртасига тушдан кейин келди. Ариза ёздирди-да, кетди. Терговчи ҳали бирор марта олдимга келмадиям. Бошқа ҳеч ким сўрагани ҳам йўқ. 10 август куни яқинларим мени Шаҳрисабзга олиб бориб, томография қилиб келишди. Иккита қовурғам синганлиги, бошим ёрилгани ҳақида хулоса берди”.

Камол Норбобоевга берилган томография хулосаси
Камол Норбобоевга берилган томография хулосаси

Тадбиркорнинг иддао қилишича, ИИБ терговчиси ҳам, врачлар ҳам Туймаевга ён босишяпти:

“Туймаевнинг пули кўп. Катта бозорнинг эгаси. Биз эса оддий тадбиркор. Улар хоҳласа уради, хоҳласа тепади. Биз жавоб берсак, гуноҳкор бўламиз. Ҳақорат қилди, мен ҳам ҳақорат қилдим. Урди, мен ҳам урдим. Лекин номардлик қилди, кўпчилик бўлиб ўртага олиб тепишди”.

Мансур Туймаев
Мансур Туймаев

Яккабоғ туманидаги қурилиш моллари бозори муассиси Мансур Туймаев Озодлик билан суҳбатда “катталар ходимларига танбеҳ беришга ҳаққи борлиги"ни таъкидлар экан, бу жанжалда ўзи ҳам жароҳат олганини айтди:

“Бу йигит узоқроқ қариндошимиз бўлади, отаси болам бекор юрмасин, деб илтимос қилиб келганда, бозорга ўзимиз киритганмиз. Ўша куни мен Қаршида эдим, телефонини олмади. Келиб, нега тарозига қараб турмадинг, ушлаб турмадинг, дедим. Кейин ўзи сўкиниб кетди, мен сенга қоровулманми, деб. Йигитлар икки-уч марта ундай қилма деб, жойига олиб бориб қўйди. Кейин у монтировка олиб келиб, каллага урди. Каллам ёрилиб кетган, больницада ётибман. Болалари урди, қариндошлари урди, дегани туҳмат”.

Мансур Туймаевнинг айтишича, ҳолат бўйича жиноят иши очилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Озодлик бу жиноят ишини тергов қилаётган Яккабоғ ИИб терговчиси Ғайрат Ўроқовнинг мобил телефонига бир неча бор қўнғироқ қилди, аммо терговчи қўнғироқларга жавоб бермади.

Қашқадарё вилоят ИИБ Ахборот хизмати 10 август куни ушбу воқеа ҳақида шундай маълумот тарқатган эди:

"Ушбу ҳолат туман ИИБ Навбатчилик қисмидан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиб, олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида 2021 йилнинг 9 август куни соат 15.00 ларда Яккабоғ туманидаги қурилиш моллари бозорида якка тартибда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи Н.К. билан фуқаро Т.М. ўзаро келишмовчилик натижасида жанжаллашиб қолиб, жанжал вақтида ҳар иккаласи ҳам тан жароҳати олганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари Яккабоғ тумани ИИБ томонидан олиб борилмоқда. Текширув якуни билан қўшимча маълумот тақдим этилади".


2019 йилнинг 20 июль куни Қашқадарë вилоят Яккабоғ туманидаги тадбиркор кредитга қурилган икки қаватли янги дўкони ва цехини бузишга келган туман ҳокими ўринбосари Мансур Туймаевнинг устига бензин сепиб¸ ëқиб юборган эди.

Қўлидан куйиш жароҳати олган Мансур Туймаев касалхонада даволаниб чиққан ва кейинроқ туман ҳокими ўринбосари вазифасидан озод этилган эди.

Унга ўт қўйган тадбиркор Баҳриддин Исомовга қўйилган "қасддан одам ўлдириш” айблови "кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан одам ўлдириш"га қайта малакаланиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси бекор қилинган эди.

XS
SM
MD
LG