Озодликнинг қирғиз ва тожик хизматлари Украинадаги уруш Россиянинг Тожикистон ва Қирғизистондаги ҳарбий базаларига аҳволига қандай таъсир қилганини аниқлаш мақсадида ҳамкорликда кичик суриштирув ўтказди. Биринчи мақолада Тожикистондаги 201-база, иккинчисида эса Қирғизистондаги “Кант” базаси ҳақида сўз боради.
Россия Тожикистондаги ҳарбий базасидан Украинадаги урушга кўп миқдорда аскар жўнатган. Озодлик тожик хизмати манбалари берган маълумотга кўра, урушга йўлланганларнинг аксарини 201-дивизиянинг Душанбе ва Бохтар шаҳарларига жойлаштирилган ҳарбий хизматчилари ташкил қилади.
Олти ярим ойдан бери давом этаётган урушга ушбу дивизиядан анчагина ҳарбий жўнатилган. Мазкур маълумотни ҳарбий базанинг ўзидаги ва ташқаридаги камида тўрт манба тасдиқлади.
Россияга қарашли 201-дивизия ахборот бўлими бошлиғи Василий Маховой Озодликнинг 28 августдаги сўровига жавобан ушбу база ҳарбий хизматчилари Украина урушига йўлланганига доир маълумотни тасдиқламади, айни чоғда инкор этгани ҳам йўқ. Ушбу мавзуда суҳбатлашиш учун у Озодлик радиосидан расмий хат сўраган эди. Ҳолбуки Озодлик Украинадаги уруш мазкур базанинг Тожикистон хавфсизлигини тўлақонли таъминлаш имкониятларига қанчалик таъсир этгани юзасидан изоҳ сўраб 5 август куни йўллаган расмий мактубига ҳам ҳануз жавоб олган эмас.
Озодлик ихтиёридаги аудиоёзувларга кўра хулоса қилинадиган бўлса, Россиянинг 201-дивизиясидан 1000 нафардан 1500 нафаргача аскар ва офицер Украинага ташланган. Ушбу базада хизмат қилувчи аскарлардан бири 27 август куни исми сир қолиши шарти билан Озодликка “яқин кунларда яна 600 киши Украинага жўнатилади”, деб айтди. База ҳарбий хизматчиларидан бошқа бири маълумотни тасдиқлар экан, урушга аввалроқ ҳам 600 кишилик гуруҳ жўнатилганини, унда кўплаб хизматдошлари бўлганини қўшимча қилди.
База расмийлари Тожикистондан Украинага ташланган ҳарбийлар мавзусида очиқча сўзлашишдан ўзларини тийишди. Улардан Озодлик суҳбатлашишга муваффақ бўлган бир неча киши эса “Украинага кўп одам жўнатилган”ини тасдиқлаш билангина чекланди, аммо аниқ бир санани келтиришмади, балки буни ўзлари ҳам билишмас.
Душанбедаги Жаббор Расулов кўчасида 201-дивизиянинг озиқ-овқат ва айрим яроқсиз жиҳозлар сақланадиган омбори бор. Омбор биноси катта йўл томондан кўзга ташланмайди. Бино деворларига, дарвозага “Хавфли ҳудуд” деган огоҳлантиришдан ўзга бирон пешлавҳа осилмаган.
Ушбу омбор ходимларидан бири Озодликка Россия ширкатлари дивизия қўмондонлиги фармойишига мувофиқ омборга айрим молларни етказиб бераётганини билдирди. Яна унинг сўзларига кўра, Украинадаги уруш туфайли Душанбедаги 201-дивизия ҳарбий хизматчилари сони камайиб кетган ва шу муносабат билан озиқ-овқат таъминоти сезиларли даражада қисқарган.
“2012 йилгача бу ер улкан омбор эди. Кейин маҳсулотларни сақлаш участкаси деб атала бошланди, ижарага олинган айрим омборларда ҳарбийларга мўлжалланган моллар ва озиқ-овқат сақланади, лекин уларнинг миқдори кўп эмас”, дея қўшимча қилди у.
Озодлик суҳбатдоши ҳарбий эмаслигини, аммо маҳсулотларни сақлаш соҳасида кўп йиллардан бери ишлашини ва Украинага жўнатилган ҳарбийлар хусусида баъзи маълумотлардан воқифлигини таъкидлади.
“Ушбу базадан мингдан зиёд, тўғрироғи, бир ярим мингга яқин ҳарбий урушга олиб кетилди. Эҳтимол яна жўнатилгандир, хабарим йўқ. Билишимча, ҳарбийлар тўрт ой Украинадаги махсус ҳарбий амалиётда иштирок этиши ва сўнгра қайтиб келиши керак эди. Лекин шу чоққача қайтишмади. Айтишларича, тўрт ойдан сўнг уларга таътил берилган эмиш”, дейди у ўзига маълум тафсилотларни ўртоқлашар экан.
Душанбе шаҳридаги Россия ҳарбий базаси жойлашган жой “ҳарбий шаҳарча” номи билан машҳур. Савдо-сотиқ ва киракашлик билан шуғулланувчи турғунлар Озодликка базада хизмат қилувчи мижозлари анча камайиб кетганини айтишди.
“Илгари улар кўп келишарди, атрофда айланиб юришганини тез-тез кўрардик. Лекин ҳозир камнамо бўлиб қолишган. Сўнгги ойларда ул-бул харид қилгани чиқадиган россиялик аскарлар жуда сийрак, мижозларимизнинг бир қисмини Украинага урушга олиб кетишган”, дейди исмини очиқлашни истамаган шу ерлик бир ёймачи савдогар.
Душанбедаги ҳарбий база дарвозаси яқинида савдогарлардан ташқари мижоз кутиб турган киракашлар ҳам бўлади. Анча йилдан бери таксичилик қиладиган бир ҳайдовчи Озодлик билан суҳбатда ушбу ҳарбий базадан Украинага 500-600 нафардан уч марта аскар жўнатилганини айтди: “Бу гапни ўзим яхши танийдиган ҳарбий мижозларимдан эшитганман. Ҳарбийлар орасида доимий мижозларим кўп эди, ҳозир анча сийраклашиб қолишди. Хизматдошларидан сўрасам “Уларни Украинага ташлашди, эрта-индин биз ҳам кетамиз”, дейишади. Хуллас, кун сайин мижозларнинг баракаси қочяпти”.
“База теварагидан уй ва квартираларни ижара олган россиялик ҳарбийлар оз эмасди. Улар яхши ҳақ тўлашарди”, дейди Россия офицерларига квартирасини ижарага берадиган Абдураҳим Солиҳов ва икки ойдан бери янги ижарачи топа олмаганидан шикоят қилади. “Илгари нафақат офицерлар, балки шартнома асосида хизмат қиладиган ҳарбийлар ҳам кўп келишарди. Ҳозир бўлса ҳеч ким келмай қўйди”, қўшимча қилади у.
Маҳаллий аҳоли вакилларига кўра, Россия Украинага босқин қилганидан сўнг нафақат Душанбеда, балки Бохтар шаҳрида ҳам россиялик ҳарбийлар камнамо бўлиб қолишган.
Россиянинг Бохтардаги ҳарбий базаси атрофида киракашлик билан шуғулланувчи Авазали “илгари Россия ҳарбийларини дам олиш кунлари бозорга, ресторанларга, чўмилиш ҳавзаларига олиб борардим. Ҳозир эса бир нечта рус хотин ва уларнинг болаларидан бошқа ҳеч кимни учратмаяпман”, дейди.
Россиялик ҳарбийларнинг севимли маконларидан бири бўлган “Эҳсон” ресторани официанти Намозали базадан Украинага 200 кишини жўнатишгани ҳақида эшитганини айтди.
Бохтардаги бошқа ресторанда официантлик қилувчи Саша эса 28 июль куни Озодлик билан сўзлашганида “икки кун бурун Россия ҳарбий базасида ишлайдиган мижозларим Украинага кетишаётганини айтиб мен билан хайрлашишди”, деди.
Бохтар шаҳрининг Айний кўчасидаги тижорат дўкони эгаси Рухсора Ганжиева шундай деди: “Россия ҳарбийлари, айниқса аскарлар нега камайиб кетганидан хабарим йўқ, улар ростдан ҳам дўконимга кам кирадиган бўлиб қолишди, шу сабабдан тушум анчагина камайди. Улар одатда турли яхна ичимликлар ва пиво сотиб олишарди”.
Украинада уруш бошланганига ярим йилдан ошган бўлса, шу вақт ичида Тожикистонда Россия қўшинлари билан бирон марта қўшма ҳарбий машқлар ўтказилгани йўқ. Ҳолбуки 2021 йилда Россия ва унинг КХШТдаги иттифоқчилари Тожикистонда бир неча марта ҳарбий машқлар ташкил қилишган эди.
Душанбе расмийлари яқин ойларда ҳарбий машқлар бўладими ёки йўқми деган саволга жавоб беришни хоҳлашмаяпти, аммо Душанбедаги 201-ҳарбий база вакили октябрда Тожикистонда Россия қуролли кучлари иштирокида машқлар ўтказилишини маълум қилди.
“Октябрда Ҳарбмайдонда машқлар бўлиши кутиляпти. Машқлар Қозоғистонда бошланиб, Қирғизистонда давом этади ва октябрнинг ўрталарида Тожикистонга кўчади”, дея қўшимча қилди у. Суҳбатдошимиз бошқа тафсилотларни очиқламади.
Шунақа ҳарбий машқлар ўтказиладиган бўлса, бу Россиянинг Украина билан уруш бошланганидан бери Тожикистонда ўтказган илк ҳарбий машқлари бўлади.
201-базага яқин манба Тожикистонда Россия билан ҳамкорликда машқлар ўтказилмаётгани Украина уруши билан боғлиқлигини айтди.
База вакиллари мавзу бўйича расмий изоҳ беришдан бош тортаётган бўлишса-да, Озодлик суҳбатдошлари Украинадаги вазият Россиянинг нафақат Тожикистондаги, балки бошқа мамлакатлардаги базалари фаолиятига жиддий таъсир этганини таъкидлашмоқда.
201-дивизия Россиянинг чет элдаги энг йирик қуруқлик қўшинлари базаси ҳисобланади. Унинг бўлинмалари Душанбе ва Бохтар шаҳарларига жойлаштирилган, 2012 йилда эса икки мамлакат базанинг Тожикистонда бўлиши муддатини 2042 йилгача узайтириш тўғрисида шартнома имзолаган. 2015 йилда дивизия Кўлоб туманидан Рўдакий туманига кўчирилган. Олдинроқ 201-дивизия ҳарбийлари сони 6-7 минг киши деб кўрсатиларди, бироқ базада аскарлар ва ҳарбий техника сони мунтазам ўзгариб туради.
Форум