Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:53

Суриштирув: Путинга оидлиги айтилаётган суперяхта экипажи ФҚХ ходимларидан тузилган


140 метрлик Scheherazade яхтаси Тосканадаги Марина-ди-Каррара портида лангар ташлаган.
140 метрлик Scheherazade яхтаси Тосканадаги Марина-ди-Каррара портида лангар ташлаган.

Озодлик радиоси ўтказган суриштирув Кремль мухолифлари Россия президенти Владимир Путинга тегишли деб даъво қилиб келаётган суперяхта ҳақида янги тафсилотларни ошкор қилди.

Маълум бўлишича, Путинники экани айтиладиган Scheherazade (“Шаҳризода”) яхтасини бошқарган менежер ва унда ишлаган европалик ишчилар Ғарб ҳукуматлари мусодара қилган ёки санкция киритган россиялик магнатларга тегишли бир нечта бошқа яхтада ҳам ишлаган.

Озодлик радиоси, шунингдек, қиймати 700 миллион долларга баҳоланаётган Scheherazade яхтаси экипажининг юқори мартабали россиялик аъзоси илгари Кремль хавфсизлик хизмати билан миллионлаб доллар қийматга эга шартномаларни имзолаган рус яхта ширкатида ишлаганини аниқлади.

Суриштирув 21 март куни қамоқдаги россиялик мухолифатчи Алексей Навальний жамоаси томониданэълон қилинган Scheherazade экипажи рўйхатига таянади. Айни дамда Италия расмийлари яхта кимга тегишли эканини аниқлаш учун тергов ўтказмоқда.

Италияда тергов бошланиши ортидан Тосканадаги Марина-ди-Каррара портида лангар ташлаган 140 метрлик кема кимга тегишли эканлигига қизиқиш кучаймоқда. Россия ўтган ой Украинага бостириб киргани учун Ғарб давлатлари Россияга ҳамда россиялик олигархларга қарши мисли кўрилмаган санкцияларни жорий қилмоқда.

Навальний жамоаси бир нечта экипаж аъзоси Путин хавфсизлиги учун масъул бўлган Россия Федерал қўриқлаш хизмати (ФҚХ) зобитлари эканини аниқланган. Бу эса кема Россия президентига алоқадор экани ҳақидаги тахминлар учун қўшимча асос бўлди.

Scheherazade бортида ишлаган манба Озодликка кема экипаж учун ҳам сир бўлиб қолганини айтди. Хавфсизлик нуқтаи назаридан ўз исмини ошкор қилмаслик шарти билан сўзлаган манбанинг айтишича, яхтанинг номи ва регистрация қилинган порти бўлмаган ва “жуда ғайриоддий” ҳолатдир. Экипаж аъзолари кема ҳақида гапирганда унинг номини эмас, балки рақамли код ишлатган.

“Бу жуда катта сир эди”, – деди манба.

Олигархларнинг яхталари

Scheherazade кемасини 2020 йилда Германиянинг Lurssen компанияси қуриб битказган. Кема қурилишига Монакода жойлашган Imperial Yachts компанияси бош-қош бўлиб турган. Айни ширкат Путиннинг яқини, Россия давлат нефть гиганти “Роснефть” раҳбари Игорь Сечин ҳамда Оқ уй “Путиннинг яқин иттифоқчиси” деб таърифлайдиган, асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновга алоқадор ҳашаматли кемалар қурилишини бошқарган.

Март ойи бошларида Франция ҳукумати Сечинга тегишли экани гумон қилинаётган Amore Vero кемасини қўлга олди. АҚШ эса Усмоновга тегишли Dilbar яхтасига қарши санкция киритди.

Scheherazade экипажи рўйхатида тилга олинган камида икки киши Imperial Yachts компаниясида ишлаган. Уларнинг бири Янги Зеландияда туғилган дурадгор Николас Снукс бўлиб, у Усмоновнинг яхтасида ҳам ишлаган. Снукс ҳам, экипажнинг иккинчи аъзоси – Imperial Yachts билан алоқадор британиялик аёл Эсме Лэйланд ҳам Навальний жамоаси томонидан эълон қилинган экипаж рўйхатида “қўшимча ишчилар” ўлароқ тилга олинган.

Озодлик радиосининг кема экипажи аъзолари билан боғланиш уринишлари самара бермади.

Imperial Yachts вакили Озодликка компания Scheherazade кемасини 2020 йилнинг июнь ойида етказиб берганидан кейин ўз ишини тугатганини айтди. Унинг сўзларига кўра, компания яхта эгаси кимлигидан хабардор, бироқ “саноатда одатга айланганидек, мижознинг исмини сир сақлаш жуда муҳим саналади”.

Котиб компания “матбуотдаги сўнгги миш-мишларидан” хабардор эканини, аммо яхтанинг “[Путинга] алоқаси борлиги ҳақида ҳеч қандай маълумоти йўқлигини” таъкидлади.

Кеманинг британиялик капитани Гай Беннетт-Пирс жорий ойда The New York Times газетасига берган интервьюсида Путин ҳеч қачон Scheherazadeга эгалик қилмагани ёки унга қадам қўймаганини айтди. Капитан италиялик терговчилар кема ҳужжатларини текшираётганини қўшимча қилди.

Scheherazade кемасининг биринчи капитани – Александр Шчербаков исмли АҚШ фуқароси Путин ҳамкорларига алоқадор экани айтилаётган ҳамда Ғарб санкцияларига йўлиққан бошқа яхталарда ҳам ишлаган. Шчербаковнинг LinkedIn тармоғидаги профилига кўра, у Scheherazade қуриб битирилганидан кейин кемани икки ой давомида бошқарган.

Профилда қайд этилишича, 2017–19 йилларда Шчербаков 65 метрли Rahil суперяхтасида капитан бўлиб хизмат қилган. Яхта эса Путиннинг азалий дўсти, АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан санкцияга учраган Аркадий Ротенбергнинг бизнес ҳамкори Григорий Баевскийга тегишли бўлган.

Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази (OCCRP) томонидан 2016 йилда ўтказилган суриштирув шуни кўрсатдики, Путиннинг қизи Екатерина Тихонова ўзининг расмий қароргоҳи ўлароқ Москва ташқарисида жойлашган ва Баевскийга тегишли квартирани кўрсатган.

Шербаковнинг LinkedIn профилига кўра, у 2014 йилнинг ёзида Кремлга алоқадор магнат Евгений Пригожинга тегишли St. Vitamin яхтасида ишлаган. 2019 йилда АҚШ St. Vitamin ва Пригожинга тегишли бошқа активларга қарши санкция жорий қилган.

Яхта ғазначиси

Навальний жамоаси эълон қилган экипаж рўйхатида ФҚХ билан миллионлаб долларлик давлат шартномаларини имзолаган таниқли рус яхтасозлик компанияси ҳам тилга олинган. Навальний жамоасига кўра, Scheherazade экипажи аъзолари орасида ФҚХнинг амалдаги ходимлари бор.

Виктория Куликова Scheherazade кемасининг ғазначиси ўлароқ кўрсатилган. Кема ғазначиси кема фаолиятининг турли жиҳатлари, жумладан, молиявий операциялари учун масъул шахсдир. Айни исмли ва ёшдаги аёл номига Facebook тармоғида очилган ҳисобда профиль эгаси Burevestnik Group холдингида ишлаши кўрсатилган. 2017 йилда Куликова Burevestnik компаниясининг савдо менежери сифатида рўйхатга олинган.

Burevestnik компаниясига 2003 йилда таниқли россиялик тадбиркор Андрей Бойко асос солган бўлиб, Burevestnik Россия яхтачилик саноатида энг таниқли компания ҳисобланади. Бойко 2009 йилда контрабанда айблови билан ҳибсга олинган аммо пировардида оқланган. Ўшандан бери унинг компанияси мўмай даромад олиб келадиган давлат лойиҳаларида иштирок этиб келади.

2018 йилда Россиянинг “Совcомфлот” давлат кемасозлик компанияси Burevestnikка Россия жанубидаги Сочи курорт шаҳрида 2014 йилги Қишки Олимпиада ўйинлари учун қурилган Sochi Grand Marina яхта гаванини бошқариш ҳуқуқини берган.

Озодлик радиоси рус хизмати давлат тендерларини кўриб чиқиб, 2008 – 12 йиллар оралиғида Бойконинг Burevestnik Group савдо белгисига эгалик қилувчи AG Marin компанияси ФҚХга умумий қиймати 507,6 миллион рублга (ўша даврдаги ўртача курс бўйича 17,2 миллион доллар) тенг бўлган патруль қайиқлари ва тегишли материалларни етказиб бериш бўйича жами 38 та шартномани қўлга киритганини аниқлади.

Куликова Scheherazade учун ишлагани ҳақидаги саволларга жавоб бермади. Burevestnik Group холдингида гўшакни кўтарган шахс Куликова бошқа у ерда ишламаслигини айтди.

На Burevestnik, на ФҚХ Scheherazade билан алоқаси бор ёки йўқлиги ҳақидаги сўровларга жавоб бермади.

22 март куни Британиянинг The Sun газетасида Scheherazade кемасининг ичида олингани айтилаётган суратлар чоп этилди. Уларда яхтанинг чайқалишига қараб, автоматик тарзда сатҳи текисланувчи биллиард столи, палубада жойлашган жакузи ҳамда рамкага солинган дзюдо формаси тасвирларини кўриш мумкин. Шу ўринда айтиш жоизки, дзюдо Путиннинг севимли спортидир.

Навальний жамоаси эълон қилган ҳужжатларга кўра, яхта қоғозда Маршалл оролларида рўйхатдан ўтган Bielor Asset Ltd. аноним компаниясига тегишлидир.

Imperial Yachts матбуот котиби Озодликка ширкатнинг на Bielor, на ФҚХ билан ҳеч қандай бизнес алоқаси йўқлигини айтди.

XS
SM
MD
LG