Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:25

Суриядан қайтганлардан бири терговга тортилди, қолганлари реабилитациядан ўтмоқда (ВИДЕО)


Суриядан қайтарилган 156 кишининг 154 нафари Тошкент вилоятидаги “Бўстон” санаториясида сақланмоқда. Маҳаллий нашрларнинг бу ҳақдаги хабарларидан уларнинг ДХХ назорати остида эканлиги англашилади.

Маҳаллий ахборот воситларига интервью бераётган аёллар ҳозирча хавфсизлик хизматлари томонидан сўроқ-саволга тутилмагани, асосан руҳий ва жисмоний соғлиқни тиклаш жараёнидан ўтаётганини айтмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси, Озодликнинг қўшимча маълумотлар учун қилган мурожаатига жавобан, Суриядан кайтарилганларнинг шаъни ва шахсий дахлсизлигига таъсир курсатмаслик учун уларга оид маълумотлар ошкор этилмаслигини билдирди.

Санаторийдаги байрам

“Бўстон” санаторийсидан туриб, маҳаллий ахборот нашрларига интервью бераётган аёллар қайтганидан буён уларга жуда яхши муносабатда бўлишаётганини айтиб, президент Мирзиёевга миннатдорлик билдирмоқдалар.

- Келганимиздан бери ДХХ томонидан ҳали бизни сўроқ-саволга тортишмади, босим бўлмади... Келганимиздан жуда бахтиёрман, буни сизга сўз билан айтиб беролмайман, - дейди жумладан Kun.uz нашрига интервью берган аёллардан бири.

Ушбу нашр ҳозирлаган видеолавҳадан кўринишича, аёллар ва болалар билан махсус ҳозирланган шифокор ва психиологлар ишламоқда.

“Ўзбекистон24” телеканали эса 1 июнь куни бу сиҳатгоҳда қайтарилганлар учун байрам тадбири уюштирилгани ва унга президентнинг кичик қизи Шаҳноза Мирзиёева боргани ҳақидаги видеорепортажни узатди.

Маҳаллий ахборот воситаларида берилган видеоматериалларда, асосан, айни аёллар интервью бераётгани, бундан ташқари аёллардан фақат баъзиларига яқинлари билан кўришиш учун рухсат берилганини кўриш мумкин.

Махсус комиссия баёноти

Суриядан қайтарилганлар билан ишлаётган Махсус ҳукумат комиссияси тарқатган баёнотга кўра, қайтарилганлардан икки нафари – ҳозирда бу сиҳатгоҳда эмас.

Булардан бири – сил касаллигига чалингани учун шифохонага ётқизилган, яна бири эса Суриядаги қамоқхонадан олиб келингани учун тергов-суриштирув ишлари доирасида ДХХ назоратига олинган.

Махсус комиссия баёнотида қайтарилганлар “хорижий жангари-террористлар билан алоқадор ҳамда терроризм қурбонлари бўлиши мумкин бўлган аёллар ва болалар”, деб таърифланган.

Шунингдек, бу баёнотда қайтарилган 156 кишининг 48 нафари аёл, 107 нафари вояга етмаган бола (жами 155 киши) экани айтилди.

Озодликнинг “Яна бир фуқаро – эркак кишими ва айнан шу эркак қамоқхонадан олиб келинган ҳамда ҳозирда терговга тортилган кишими?” деган саволини эса ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳозирча очиқ қолдирмоқда.

Шунингдек, Озодликнинг бу аёллар билан интервью қилиш сўрови ҳам қондирилмади.

Курдлар лагеридан қайтганлар

Маҳаллий нашрларга интервью бераётган аёлларнинг айтишича, уларнинг аксарияти Суриянинг Хасака вилоятига яқин ҳудудда жойлашган Сурия демократик кучлар (СДК) назорати остидаги лагердан олиб келинган.

Айни пайтда, СДК – Суриянинг шимоли-шарқида ИШИД ("Ислом давлати" экстермистик гуруҳи - таҳр.) га қарши курашган қуролли гуруҳларни бирлаштирган иттифоқдир. Бу иттифоқнинг раҳбарияти, асосан Курд қуролли гуруҳлари қўлидадир.

Ушбу гурҳ назоратидаги “Ал-Хол” лагерида эса дунёнинг 43 мамлакатидан бориб, ИШИД сафида жанг қилган ёки ИШИД назорати остидаги ҳудудларда яшаган чет элликлар ва уларнинг оилалар сақланмоқда.

Маҳаллий ахборот воситаларига интервью бераётган аёллар бу лагерда яна кўплаб ватандошлари қолганини айтмоқдалар.

- 5 ой лагерда жуда қийналдик. Охири бизга Ўзбекистонга депортга рухсат тегди, деб хабар тарқатишди. Ўшанда биз бориб, рўйхатга турдик. Лекин, эшитмай қолганлар ҳам бўлди. Улар кейин келиб рўйхатга туришди. Лекин уларни тезда чиқаришмас экан, улар қолишди, - дейди Kun.uz нашрига интервью берган аёллардан бири.

Аёлларнинг айтишича, айни пайтда лагерда ортга қайтишни истамаган ўзбекистонлик аёллар ҳам бор.

Озодликда 30 майга қадар мавжуд маълумотга кўра, Суриянинг шимоли-шарқидаги биргина "Ал-Хол" лагерида 150 нафардан 500 нафарга қадар ўзбекистонлик сақланаётган эди.

Хавотирлар

"Ал-Хол" лагери раҳбарияти берган маълумотга кўра, ҳозирда ушбу лагерда йиғилган 80 мингга яқин одамнинг катта қисми Боғуз шаҳри – ИШИД ("Ислом давлати" экстермистик гуруҳи - таҳр) жангарилари билан СДК қуролли иттифоқи ўртасидаги охирги оғир жанглар борган ҳудуддан чиққан.​

Ироқда ишлаётган хориж гуманитар ташкилотларидан бирининг вакили бу минтақадаги сўнгги жангларда аёллар ҳам эркаклар билан бир сафда туриб, жанг қилгани ҳақидаги маълумотга эга эканини айтмоқда.

(Бу вакил муқаддам ИШИД сафида бўлган жангариларни юртига жўнатиш бўйича ҳокимиятлар ўртасидаги муносабатларнинг ўта конфиденциал ўтаётгани боис, шахсини ошкор қилмасликни сўради.)​

“Мендаги маълумотларга кўра, эркакларнинг кўпи жангларда ўлиб кетгач, айрим аёллар ҳам фаол жангда қатнашган ва СДК кучларига қаршилик кўрсатган. Аммо, уруш бой берилгач, жанг ҳудудларини тарк этиб, курдлар бошқариб турган “Ал-Хол” лагерига келишган. Шу боис, мен бу лагердан бораётган фуқароларга ҳукуматлар жуда ҳушёрлик билан муносабатда бўлиш керак, деб ҳисоблайман”, дейди Суриядаги Марказий осиёликларнинг юртига қайтариш жараёнидан хабардор эксперт.

Президент баёноти

Тошкент вилояти фаоллари билан йиғилишда президент Мирзиёев Суриядаги аёллар ва болаларни қайтариш учун махсус ташкил қилинган “Меҳр” операциясини амалга ошириш қийин бўлганини таъкилади.

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, Мирзиёев ўзбекистонликларнинг Яқин Шарқдаги уруш бўлаётган ҳудудларга кетиб қолиш сабабини Ўзбекистондаги оғир ижтимоий-иқтисодий аҳвол билан боғлаган ва қайтарилганларга "чора кўрмаслигини" айтган.

"Мана, 156 нафар юртдошимизни Яқин Шарқда уруш бўлаётган жойдан олиб келдик. Хўш, улар нима учун кетган? Аҳволимиз ҳароб бўлгани учун, шароит бўлмагани учун кетган. Лекин у ерда нима бўлди? Хотин-қизларимизни сотишди, бешта бола бешта отадан, 14 ёшли қиз туққан. Шу ҳолат бизга ярашадими? Мен конституцияга кўра, уларга чора кўришим керак, аслида. Лекин мен ундай қилмайман. Чунки, улар ўзбек, бизнинг Ватандошларимиз!..​ Уларни Ватанга олиб келиш жуда қийин бўлди. Қанча давлатлар билан гаплашдик. Самолётни у ёққа қўндириш, террористларни қўлидан олиб чиқиш осон эмас. Лекин қайтардик - нима бўлгандаям улар бизнинг ватандошимиз. Энди нима қилиш керак? Нуронийлар, жамоатчилик қаёққа қараяпти? Ким буни тушунтиради? Бундай нарсалар ҳаммамизни ўйлантириши, қийнаши керак", деди президент.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева Яқин Шарқдаги низоли ҳудудлардан аёллар ва болаларни олиб келиш амалиёти давом этишини билдирган.

Айни пайтда, Сурияда яна қанча ўзбекистонлик қолмоқда, уларнинг қанчаси аёллар-болалар ва яна қанчаси эркаклар, деган саволни ҳам Ўзбекистон расмий идоралари келгуси қутқарув амалиётлари хавфсизлигини таъминлаш важи билан жавобсиз қолдирмоқда.

XS
SM
MD
LG