Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:27

Соқолга қарши рейдлар: Нишонда диндорлар, олимпия чемпионлари ва хорижлик сайёҳ


Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги.

Маҳаллий нашрларнинг хабарига кўра, сўнгги бир неча кунда Ўзбекистонда соқолга қарши амалиётлар яна авж олган. “Подробно.уз” сайти Тошкентда бир неча эркак соқол қўйгани учун маъмурий жавобгарликка тортилгани ҳақида ёзди.

Хабарда айтилишича, сўнгги бир неча кунда маъмурий ишларни кўрувчи судларда “жамоат жойларида шахсни аниқлашга имкон бермайдиган даражада юзи ёпилган”ликка оид ишлар кўрилган ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг тўғридан-тўғри кўрсатмаси билан соқол қўйган шахсларнинг соқоли олиб ташланган.

Озодлик ўрганган кейслардан маълум бўлишича, соқоли мажбурий олдирилган ёки қиртишлаш тавсияси берилганларнинг аксариятини расмий диний рутбага эга бўлмаган диндорлар, жамоатчилик фаоллари, санъаткорлар ташкил қилади.

Соқолни қиртишлаш тавсиясига нишон бўлганлар орасида ҳатто сайёҳлар, Париж Олимпиадаси чемпионлари ҳам бор.

Исми сир қолишини сўраган Париж олимпиадаси чемпионларидан бирининг Озодликка айтишича, Олимпиада ўйинлари даврида соқоли бўлган спортчиларга президент билан видеомулоқот олдидан соқолларини қиртишлаш ҳақида кўрсатма берилган.

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонга сафар қилган Германия ватандоши 3 йил давомида ўстирган соқолини Тошкентда ички ишлар ходимлари мажбуран олдириб ташланганини иддао қилди.

Германиялик сайёҳ Ўзбекистон ички ишлар ходимлари уни соқолини олишга мажбурлагани ҳақида тармоқларда пост қолдирган.
Германиялик сайёҳ Ўзбекистон ички ишлар ходимлари уни соқолини олишга мажбурлагани ҳақида тармоқларда пост қолдирган.

“Балки бугун жума намоз куни бўлгани учунми? Кўчада полиция ходимлари кўп эди. Улар мени тўхтатишди. Мен ўзбек тилини билмайман. Улар билан чала рус тилида сўзлашдим. Улар бирон изоҳ бермасдан мени полиция идорасига олиб боришди. Сўнг соқолимни олдиришим ёки ўзлари олиб ташлашини айтишди”, деб ёзди хорижлик.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ходимига кўра, санъаткорларнинг ҳам соқол билан экранда кўринишига норасмий тақиқ қўйилган. Бу қоида нодавлат телеканалларига ҳам қўлланади.

“ЗўрТВнинг “Артист” лойиҳасига келган хонанда Шоҳжаҳон Жўраевни июлда эфирга соқоли борлиги учун чиқаришмади. Кейинчалик у соқолини қиртишлаб келиб, шоунинг ҳакамлари қаторидан ўрин олди”, дейди Ўзбекистон МТРК ходими.

Хонанда Жўраевнинг ўзи: “Соқол сизга ярашади, қўйиб юраверинг дейдиган мухлисларга таъкидлаб айтаман: энг асосий муаммо - телевидение санъаткорларни соқол билан қўймайди”,- деб ёзганди аввалроқ.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мазкур жараённи "Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонуни" талаби билан изоҳлашга уринмоқда. 2023 йилнинг 31 октябридаги мазкур қонунга кўра, жамоат жойларида шахсни аниқлашга имкон бермайдиган шахсларга нисбатан шундай чора кўриш мумкин.

Ўзбекистон Олий судининг расмий сайтида суд қарорлари тўпламидан худди шу хилда жавобгарликка тортилган камида 789 та иш ҳужжатлари жойлаштирилган. Уларнинг аксарияти ҳижоб, бурқа ва соқолга қарши амалиётни ўзида акс эттиради.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунни бузиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 дан 15 бараваригача (3,4 миллиондан 5,1 миллионгача миқдорда) жарима солишга сабаб бўлади.

Амалиётга кўра, шахс ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимининг соқол олиш талабини рад қилса ёки бундан бош тортса, эркаклар безориликда ва ички ишлар ходимларининг “қонуний талаблари”га қарши чиққанликда айбланади.

Тошкентда соқол ва ҳижобга қарши рейдлар, диндорларга тегишли емакхоналар ёпилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:15 0:00

Диний рамз

Шотландиядаги Сент-Эндрю университети Терроризм ва сиёсий зўравонлик масалаларини ўргануви Ханда маркази тадқиқотчиси, профессор Ноах Такер фикрича, Ўзбекистонда Мирзиёев президентлиги даврида диний эркинлик бобида илгарилаш кузатилган эса-да мамлакат Каримов давридаги эски режим сарқитларидан тўлиқ қутилгани йўқ.

"Мен сўнгги марта Ўзбекистонда бўлганимда Тошкент кўчаларида, Андижон ёки Бухорода соқол қўйган ёки рўмол ўраган одамлар кўпроқ кўзга ташланди, Тошкентнинг Эски шаҳарида масалан. Қизлар ҳижобда мактабга боряпти, гарчи бунга қонунда чеклов бўлса-да. Чунки, қонунни ўзи тушунарсиз. Нима демоқчиман, одамларнинг Ўзбекистонда илгарига қараганда озми-кўпми эркинроқ юриши яхши ва буни олға силжиш деган бўлардим. Лекин, айни пайтда соқол қўйганларни соқолини олишга мажбурланаётгани ҳақидаги алоҳида холатларга ҳам кўз юмиб бўлмайди", - дейди Такер.

Ўзбекистон расмийлари ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг диний рамз деб кўриладиган соқол ва ҳижобга қарши кампаниялари халқаро жамоатчилик, жумладан, АҚШ Давлат департаменти томонидан танқид қилиб келинади.

Ўтган йил июнидаги ҳисоботида Америка Қўшма Штатлари Давлат департаменти мамлакатда ҳамон диний эркинликни чеклаш амалиёти кузатилаётгани, жумладан, эркакларнинг соқолини мажбуран қирдириш , аёлларнинг ҳижобини ечтириш, рўмолли ўқувчи ва талабаларнинг таълим даргоҳларига киритмаслик ҳоллари кузатилганини қайд этганди.

Форум

XS
SM
MD
LG