Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:39

Наманганда фермернинг похол ва сомонига ҳам солиқ солинди


Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси фермерларга "сомон солиғи"ни тасдиқлади. Иллюстратив сурат. (Gazeta.uz)
Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси фермерларга "сомон солиғи"ни тасдиқлади. Иллюстратив сурат. (Gazeta.uz)

Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси фермерларга уларнинг шоли ва буғдойидан қолган похол ва сомони ҳам солиққа тортилиши ҳақида хабарнома юборди.

Хабарномада айтилишича, фермер йиғиштириб олган ҳар бир той похол ва сомоннинг ўн минг сўм эканлигидан келиб чиқиб, солиқ тўлаши шарт.

Республиканинг бошқа ҳеч бир ҳудудида кузатилмаган бундай ҳолатнинг Наманганда жорий этилиши, фермерларга кўра, вилоят бюджетининг жуда хароб аҳволда эканлиги билан боғлиқ.

Иккиламчи маҳсулотга ҳам солиқ юклатилиши, пахта ва ғалла пулини ўз вақтида ололмай ишлаётган наманганлик фермерларнинг иқтисодий аҳволини янада оғирлаштиришга, гўшт ва сутнинг қимматлашишига сабаб бўлиши мумкин.

Наманган вилоятидаги “Муқаддас замин саховати” фермер хўжалиги номига вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Орзибаев номидан юборилган хабарномада похол ва сомон ҳам солиққа тортилиши ҳақида гап боради:

Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси хабарномаси
Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси хабарномаси

“Олинган маълумотларга асосан 1 гектар ердан ўртача 180 дона ғалла похоли ва сомони етиштирилиши ва ҳозирги кунга келиб 1 дона ғалла похоли ва сомоннинг нархи 10 минг сўмлиги маълум бўлди”.

Хабарномада фермер қанча ерга ғалла эккани ва қанча бундан солиқ тўлагани қайд қилинган.

“Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, сиз томонингиздан белгиланган тартибда ғалла похоли ва сомони юзасидан “Электрон ҳисоблаш фактуралар” дастурий маҳсуллари орқали ушбу қийматлар бўйича товар реализация қилинган кундан кечиктирмай ҳисоб фактуралари расмийлаштириши лозимлигини маълум қиламиз. Сиз ушбу даврда олинган даромадларни қўшилган қиймат солиғи ҳисоботларида кўрстаиб беришингиз мақсадга мувофиқ бўлади”, дейилади хабарномада.

Фермерларга кўра, бу “қанча сомон сотганингизни ҳам маълумотга киритинг ва унга солиқ тўланг”, деганидир.

Агар бу ишни қилмаса фермерлар “камерал солиқ текшируви” ўтказилишидан огоҳлантирилган.

Наманганлик фермер Қосимжон Мамасолиевнинг сўзларига кўра, у учун бу “кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайдиган” кутилмаган янгилик бўлган:

“Сомон бу отход нарса бўлса, дунёнинг бирор мамлакатида сомон солиққа тортилмайди. Америка комбайнлари ўрса майдалаб ташлайди, уни олиб ҳам бўлмайди. Сомонни асосан ерни тозалаб, такрорий экин экиш учун йиғиштириб оламиз. Такрорий экин экмаса ҳозирги шароитда деҳқоннинг қорни тўймайди. Чунки Россия ва Қозоғистон таъсирида буғдойнинг нархи тушиб кетган. Буғдойга қилинган харажат зўрға ўзини қоплайди ёки йўқ. Сомонни асосан аҳоли олади. Аҳолига счёт-фактура билан сотасан деяпти. Қайси ақлли калла ўйлаб чиқди бу нарсани, ҳайронмиз”.

Бошқа бир наманганлик фермер Адҳам Мамажоновнинг айтишича, ҳозирги шароитда сомонни ҳам солиққа тортиш мантиққа тўгри келмайди:

“Бугунги кунда қишлоқ хўжалигидаги вазият бундай солиқларни кўтармайди. Йил бўйи ечимини топмаган масалалар кўп. Пахтани пули ва нархи, ғалланинг таннархи, сомон солиғини ошиқча ташвиш деса хам бўлаверади. Сомон пресс таҳлили ўртача соф даромад беш минг сўмга тўғри келади. Ҳозирги республика бўйича ўртача нархи тўққиз минг сўмга тўғри келади. Шундан икки минг сўм боғлаш харажати ва икки минг сўм юклаб етказиб бериш харажатига кетади. Соф фойда беш минг сўмни ташкил қилади. Сомонни устида хам кўплаб кўзда тутилмаган харажатлар бор. Шундоқ хам чорвачиликда ем хашак қиммат. Гўшт етиштириш таннархи қимматга тушмоқда. Сомонни аҳоли олади. Бу солиқ асосий гўшт сут маҳсулотлари етиштирувчи бўлган аҳолини чорвачиликдан юз ўгиришига олиб келади. Сабаби асосий чорва аҳоли қўлида тўпланган. Фермерларни тинглайдиган мутасадди раҳбарлар йўқ. Фаолиятни таҳлил қилиб ҳукумат олдига камчиликларни бартараф этишдан иборат лойиҳа ва таклифлар берилмайди. Бўлмаса Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ўзини экспортини юз миллиард долларга етказиш имкони бор”.

Фермерлар: Кластер бизни қул қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:08 0:00

Исми сир қолишини сўраган қорақалпоғистонлик фермернинг айтишича, фермернинг таланмагани биргина шу сомони қолган эди:

“Ғалланинг сомони учун солиқ олиш, бу-фермерни талаш. Кўпчилик фермерлар сомонни йиғиб олмайдилар ва шудгор қилиб юборадилар, сабаби кейинги йилга чиринди бўлиб ерга куч бўлади. Америкадан олинган CASE комбайнлар сомонни майдалаб ерга сочиб кетади. КЛААС комбайнлар изидан сомонни пресслаб олиш учун ҳар бир "пресс"га фермер 5000 сўм пул сарфлайди, бу пулни сомон сотиб олувчидан олдиндан олади. Давлат сотиб олган ғалласига қарор буйича пулни 14 кун ичида тўлаши керак, бироқ жамғармада пул йўқ бўлса керак, тўлаб беролмаяпти. Ғаллани сотганимизга бир ой бўлди, ҳисоб рақамимизга бир сўм хам пул ташланмади. Бу "эркин" пул дегани фақат Ўзбекистонимизда шундай номланса керак. Бюджетни тўлдирамиз деб шу сабабли сомонга солиқ солинаётган бўлса керак”.

Фермерлар муаммоси билан шуғулланувчи, исми сир қолишини сўраган ҳуқушунослардан бирининг айтишича, бу иш ғариб аҳволда бўлган вилоят бюджетини тўлдириш учун қилинган бўлиши мумкин:

“Мени билишимча, яқинда Наманганда қарийб бир ой “Гуллар фестивали” қилинди ва унга жуда катта пул сарфланди. Ўша хизмат қилганларнинг харажатини қоплаш учун фермерларга солиқ солиб юборади. Лекин похол ва сомонга солиқ солиш ҳеч кимнинг хаёлига келмаган эди. Қойил қолмасдан бошқа илож йўқ!”

Телеграмдаги Республика фермерлар гуруҳи аъзолари ҳам бу қарорни ўзига хос тарзда шарҳлади:

“Наманган вилояти, уятмасми эй, чорвадорларга молни гўнгигаям солиқ солинглар унда, ғўзапоя солиғи, ҳаво солиғи...”

“Шунақасиям чиққан бўлса, чорвадорлар, хушёр бўлинг, қорамолдан бир кунда неча кг гўнг чиқишини ва уни сотганда ҚҚС ёки минерал ўғит ўрнига фойдаланганда фойда солиғи хисобини сўрашлари мумкин. Нафас оволинглар фермерлар, ҳозирча шу текин!!!”

Республика фермерлар Кенгаши Ўзбекистон Солиқ қўмитасига, Бош прокуратурага ва Бизнес Омбудсманга мурожаат қилиб, бу масалани кўриб чиқишни сўраган, аммо шу пайтгача жавоб олмаган.

Озодлик Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Синамов билан боғланиб, бошқарманинг бу “хабарномаси”га изоҳ беришни сўради. Матбуот котиби раҳбарлар билан маслаҳатлашиб, қуйидаги жавобни юборди:

"Наманган вилоят солиқ бошқармаси ушбу орқали вилоятда фаолият юритаётган фермер хўжаликларига 2023-йил июнь ойида етиштирилган ғалла ҳосили ўримидан кейин ҳосил бўладиган ғалла похоли ва сомони (МХИК код 01213001001000000)ни сотишдан олинган пул тушумлари даромад деб эътироф этилиб, белгиланган тартибда солиққа тортиш бўйича хабарномалар юборилган.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 45-моддаси, 1-қисмига асосан Табиатнинг ёки инсон фаолиятининг (шу жумладан интеллектуал фаолиятнинг) қиймат баҳосига эга бўлган ва реализация қилиш учун мўлжалланган ҳар қандай предмети товар деб эътироф этилади деб белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, вилоятда фаолият кўрсатиб келаётган Ғаллачиликка ихтисослашган жами 2174 та қишлоқ хўжалиги (шу жумладан, фермер хўжаликлари) товар ишлаб чиқарувчи корхоналарга уларнинг ғалла ҳосили етиштирилиши режалаштирилган ер майдонидан келиб чиқиб, таҳминий (гектарига 180 тадан, нарҳи 10,0 минг.сўмдан, ҚҚС билан) ҳисоб китоб қилинган ва Солиқ кодексининг 247-моддасига асосан қўшилган қиймат солиғи солиқ солиш базаси ҳисобланиши назарда тутилган ҳолда кодекснинг 83-моддаси, 1-қисмига яъни ўзи илгари тақдим этган солиқ ҳисоботида ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси камайишига (ўзгаришига) олиб келган нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган маълумотларни ва (ёки) хатоларни аниқлаган солиқ тўловчи ушбу солиқ ҳисоботига зарур тузатишларни киритиши ва солиқ органига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши шартлиги белгиланганлигидан келиб чиқиб, илгари тақдим этилган солиқ ҳисоботига ўзгартириш киритиб қайта аниқлаштирилган ҳисобот ёки асослантирувчи хужжатлар тақдим этилиши юзасидан хабарномалар юборилганлигини маълум қилади".

Форум

XS
SM
MD
LG