Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:39

Солиқ қўмитаси банкларни картасига 30 млн+ тушганларга оид маълумот беришга мажбурламоқчи. Жамоатчилик қарши


Янги лойиҳа билан Солиқ қўмитаси картадан картага ўтказилаëтган пул маблағлари ҳақида бевосита маълумот олишга уринмоқда.
Янги лойиҳа билан Солиқ қўмитаси картадан картага ўтказилаëтган пул маблағлари ҳақида бевосита маълумот олишга уринмоқда.

6 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасига қўйиладиган regulation.gov.uz сайтига янги лойиҳа қўйилди.

Муаллифи Давлат солиқ қўмитаси бўлган бу ҳужжат Солиқ қўмитаси ва Марказий банк қарори лойиҳасидир. У қабул қилинган тақдирда Ўзбекистон банкларида ҳисобрақами ва унга боғланган картаси бор ҳар бир ўзбекистонликнинг пул айланмасига бевосита дахл қилади.

Қарор лойиҳасига кўра¸ бир ой давомида жисмоний шахсларнинг барча банк карталарига келиб тушган пул маблағлари айланмаси 30 млн.сўмдан¸ транзакциялар сони эса 10 тадан ошган P2P (картадан-картага) тақдирда тижорат банклари бу ҳақда солиқ идорасига хабар бериши лозим.

Ўтган уч кун ичида бу лойиҳа “Банк сири “ тўғрисидаги Ўзбекистон қонуни¸ қолаверса¸ халқаро стандартларга зид ҳужжат сифатида ҳам банк мутахассислари¸ ҳам тадбиркорлар¸ ҳам оддий солиқ тўловчиларнинг кескин эътирозига учради.

Солиқ қўмитаси томонидан “яширин иқтисодга барҳам бериш чораси” сифатида тақдим этилаëтган бу лойиҳа мухолифлари унинг айнан яширин иқтисод кучайишига хизмат қилишини айтмоқда.

Ҳужжат лойиҳаси нима ҳақда?

21 апрелга қадар муҳокамага қўйилган ҳужжат “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банклари томонидан банк ҳисобварақларига оид ахборотларни Давлат солиқ қўмитасига электрон узатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” деб номланади.

Ҳужжат лойиҳаси¸ Марказий банк ва мамлакатдаги барча тижорат банкларига солиқ органларига ўз мижозлари¸ хусусан уларнинг ҳисоб варақлари бўйича амалга оширилган операциялар ҳақидаги ахборотни тақдим этиш мажбуриятини юклайди.

Лойиҳани соддалаштирилган шаклда тақдим этаëтган таҳлилчиларга кўра¸ унинг муҳим жиҳати “бир ой давомида жисмоний шахсларнинг барча банк карталарига келиб тушган пул маблағлари айланмаси 30 млн.сўмдан (шу жумладан, чет эл валютаси миллий валюта эквивалентида бўлган тақдирда) ва транзакциялар сони 10 тадан ошган P2P операциялари тўғрисидаги ахборотларни ДСҚ сўровига кўра уч иш кунида тақдим этиш” ҳақидаги бандидир.

Ўз картасидан бошқа бировнинг картасига бир ойда 30 миллион сўмдан кўпроқ пул ўтказган¸ ëки бир ойда картадан картага 10 мартадан кўпроқ пул ўтказган исталган шахс¸ ҳужжат лойиҳасига кўра¸ солиқчилар назоратига ўтказилиши лозим.

Асосий вазифаси мижозларини ўз ҳисоб рақамига кўпроқ пул қўйиб¸ уни кўпроқ айлантиришга рағбатлантириш бўлган тижорат банклари¸ бу лойиҳа қабул қилинса¸ солиқ тизими жосусига айланиши ва ҳар бир мижознинг 30 миллион сўмдан ошиқ айланмаси ҳақида “қизил байроқ” кўтариб¸ солиқчиларни дарҳол хабардор қилиши шарт бўлади.

Эътирозлар мазмуни нима?

Муҳокамага қўйилганидан 9 апрелга қадар ўтган уч кун ичида лойиҳага 251 та таклиф қўйилган ва уларнинг барчасида бу лойиҳа кескин танқид қилинган¸ унга қарши “овоз берилган”.

Бирламчи эътирозлар¸ бу қарорнинг 2003 йили қабул қилинган “Банк сири тўғрисида”ги қонун¸ хусусан¸ унинг 3 ва 9-моддаларига зид экани билан боғлиқ.

Бу қонуннинг 9-моддасига кўра¸ “банк сирини ташкил этувчи маълумотлар прокуратура, тергов ва суриштирув органларига мазкур банк мижозига (вакилига) нисбатан қўзғатилган жиноят иши мавжуд бўлган тақдирда, етказилган зарар ундириб олинишини ёки унинг мол-мулки хатланишини таъминлаш мақсадида терговчи ёхуд суриштирувчининг асослантирилган қарорига биноан прокурор санкцияси билан тақдим этилади”.

Иккинчи тоифа эътирозлар¸ бу лойиҳанинг банклар айланмаси ва солиқдан четда яшаб келган “яширин иқтисодиëт”ни қайтадан кучайтиришга хизмат қилиши ҳақида.

Нимеймиш, бу ҳужжат яширин иқтисодиётга қарши кураш мақсадида тайёрланганмуш. Масалан, январ ойида 6.3 млрд.сўм савдо тушуми қайд этилмай, Р2Р схемаси орқали картадан картага ўтиб кетганмуш. Майли, 6,3 млрд.сўм шундай схема орқали солиқдан қочирилгандур, лекин таклиф этилаётган механизм 630 млрд.сўмни яширин иқтисодиётга кўчиб ўтишига олиб келади-ку, бунинг маъмурчилиги қанчага тушади, дейдиган одам йўқ буларга. Ғалати замон бўлди роса: Яширин иқтисодиёт яратадиган жараёнларни кўзни лўқ қилиб яширин иқтисодиётга қарши кураш, деб турилса. Оқни қора, қора оқ дейишдек гап бу”¸ деб муносабат билдирди иқтисодчи блогер Отабек Бакиров.

Нега 30 млн? Нега 10та транзакция? Демак миллионлаб оддий фуқароларнинг банкдаги операциялари лупа остида текширилади, ҳамма "под колпаком" бўлади, банк тизимидан яна пул қочади. Яширин иқтисодиёт айримлар истаганидек яна гуллаб-яшнайди”¸ дейилади яна 48 киши томонидан маъқулланган шарҳлардан бирида.

Мен қаршиман бу лойиҳага. Банк сири бўлмаса клиентлар қочишни бошлайди банклардан шундоқ ҳам электрон нақд пулсиз муомалага давлат одамларимизни ўргатолмаяпган даврда одамлар яна нақд пул билан олди берди қилишни бошлайди. Нима кераги бор бунақа тушунарсиз қонунларни чиқармокчи бўлишни? Бу орқага қўйилган биринчи қадам бўладику. Ундан кўра нақд пулсиз муомалани кучайтириш керак. Одамлар нақд пул билан муомала қилмайдиган қилиб бозорларгача терминал қўйиб ташлаш керак”¸ дейди лойиҳа муҳокамасига қўшилганлардан яна бири.

Муаллиф – Солиқ қўмитаси нима дейди?

Жамоатчилик томонидан қонун¸ қолаверса¸ Шавкат Мирзиëев бошлаган ислоҳотларга зид ҳаракат сифатида кескин қаршиликка учраган лойиҳа муаллифи – Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати Озодликнинг бу эътирозларга жавоб бериш сўровини рад этди.

Матбуот хизмати мулозими лойиҳанинг нега айнан ҳозир ва нима мақсадда ишлаб чиқилганига оид саволларга "сайтимиздан жавоб топасиз”¸ деганига қарамай¸ қўмита расмий сайтида на бу лойиҳа ва на унга берилган шарҳ топилди.

Озодлик билан шахсини очиқламасдан гаплашган қўмита мутахассиси¸ бу лойиҳага нисбатан бўлаëтган қаршилик ҳовурини туширишга уринди.

Бу янги ҳуқуқ нормалари эмас. Олдин ҳам мавжуд бўлган. Бу ҳақда президентнинг 1843-сонли қарори бор. Шу қарорга асосан 43 га яқин давлат органлари бизга маълумот беради солиқ маъмуриятчилигини амалга ошириш учун. Бутун дунëда бундай тартиб бор. Бизда ҳам бу ҳуқуқ нормаси бор эди¸ аммо унчалик даражада чуқурлашиб кетмаган эди. Янги солиқ кодекси киритилгани муносабати билан янги лойиҳа киритилди. Бирорта нормаси янгилик эмас бунинг. Фақат 30 миллион сўм деб белгиланмаган эди. Шу информация бор эди. 30 миллион ¸ солиқ соҳасида содир этилган ҳуқуқбузарликлар натижасида бу рақам киритилди. Чунки электрон тижорат ривожланиб кетган¸ солиқдан қочиш ҳоллари жуда кўп”¸ деди Солиқ қўмитасининг Озодлик изоҳ сўраган мутахассиси.

Бу мулозим¸ “айниқса ҳозирги вазиятда онлайн савдонинг кучайиб¸ одамлар харид учун картадан картага пул ўтказиш йўли билан тўлаëтгани¸ бундай тадбиркорликни солиққа тортиш эҳтиëжини кучайтиргани”ни таъкидлади.

Бундай амалиëтнинг бутун дунëда борлигини иддао қилган солиқ мутахассиси¸ бу иддаосини қўлловчи бирор давлат тажрибасини келтириш сўровини жавобсиз қолдирди.

Бу “қонунга зид” қарорга шерик Марказий банк нима дейди?

Муҳокамага қўйилган лойиҳа муаллифи Солиқ қўмитаси бўлгани ҳолда¸ у Солиқ қўмитаси ва Марказий банк қарори сифатида тақдим этилган.

Озодлик 9 апрель куни бу лойиҳанинг Марказий банк билан қанчалар мувофиқлаштирилгани¸ банк раҳбарияти унга эътироз билдирган-билдирмаганини ўрганишга уринди.

Озодлик боғланган Марказий банк матбуот хизмати вакили¸ банкнинг бу ҳақдаги расмий баëноти тайëрланаëтгани ва яқинда эълон қилинишини билдиришдан нарига ўтмади.

Аммо бу ҳужжатни ҳозирлаш жараëнидан бевосита хабардор Марказий банк мулозимлари Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда унинг “Банк сири тўғрисида”ги қонунга зидлиги¸ қолаверса¸ яширин иқтисодни кучайтириши ҳақида билдирилаëтган эътирозларга қўшилишини яширмади.

Солиқчилар¸ аввалига бизга картадан картага ўтказиш лимитини 100 миллион сўм қиламиз дейишди. Кейин 50 миллионга туширишди. Эълон қилинган лойиҳада буни 30 миллион қилиб қўйишипти. Пировард мақсад¸ картадан картага 30 миллиондан кўп ўтказувчиларни кузатиб бориб¸ кейин уларни солиқ тўлашга мажбурлаш. Бу лойиҳа фақат солиқ идораси манфаатига хизмат қилишни кўзда тутади. Банкларга нисбатан ишонч камайиши турган гап. Муҳокамалардаги қаршиликни биз ҳам кузатиб турибмиз. Умид қиламиз¸ жамоатчилик фикри инобатга олиниб¸ бу қарор қабул қилинмайди”¸ деди Марказий банкнинг Озодлик гаплашган мутахассисларидан бири.

Озодлик учун мутахассис шарҳи

Озодлик Ўзбекистон банкларида ҳисобрақами бор ҳар бир шахсга тегишли бўлган бу қарор лойиҳасига ҳуқуқий жиҳатдан шарҳ беришни сўраб¸ банк қонунчилиги бўйича ҳуқуқшуносга мурожаат қилди.

Шахси очиқланмаслиги сўраган тижорат банкларидан бирининг юридик бўлими мутасаддиси бўлган суҳбатдош¸ қарор лойиҳасини Каримов даврида солиқчилар томонидан қонунга зид равишда юрғизилган амалиëтни “қарорга айлантириш” уриниши сифатида баҳолади.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг "Банк сири" тўғрисидаги қонунига зиддир. "Банк сири" тўғрисидаги қонуннинг 9-моддасига кўра¸ ҳатто прокуратура ва тергов органлари прокурор санкцияси орқали олиши керак бўлган ҳужжатларни Солиқ идоралари тўғридан-тўғри олиш ваколатига эришмоқчи.

Лойиҳада аниқ механизмлар ва маълумотнинг нима мақсадда олиниши ҳамда қайта ишланишига аниқлик киритилмаган. Бу дегани маълумотни олсам¸ билганимни қиламан дегани. 5-6 йил олдин солиқчилар жисмоний шахсларни солиқ идорасига чақириб олиб "қайси банкдан қанча нақд пул ечдинг, қаердан бу пулни олдинг, пул ечиб берган шахс билан алоқанг қандай, унга неча пул пора бердинг?" деб ўзи ёки МХХ ходимлари иштирокида тазйиқ остида сўроқ қилар эди. Охирги йилларда амалга оширилган қонунчилик ва амалий ислоҳотлар натижасида бундай амалиётлар тўхтаган эди. Ушбу буйруқ ортидан яна босимлар ва ўзбошимча текширувларнинг ҳиди келмоқда.

Бу ўта хатарли ҳисобланиб, "қора - яширин иқтисодиёт" ривожига айнан ҳисса қўшиши аниқ. Энди одамлар ўзаро пластик карта орқали бир-бирига маблағ ўтказса ҳам солиқ органи назорати учун ҳисоб бериши бу жуда репрессив норма.

Пластик карталарга тушган пуллар шундоқ ҳам бир неча марта турли хил солиқларга тортилган бўлади. Солиққа тортилмаган пул массаси жисмоний шахсларнинг пластик картасига тушиб келиши ҳозирда амалда бўлган Ўзбекистон қонунларига кўра имконсиздир.

Бу тижорат банклари фаолияти¸ умуман¸ банк тизимига нисбатан ишончни ўлдиради. Мижозлар яна нақд пулда муомала қилишга ўтади. Президент рақамли банк тизимини ривожлантираман деб турган бир пайтда бу айнан рақамсиз - қоғозли банк тизимини ривожлантиришга ҳисса қўшади»¸ деб изоҳлади Солиқ қўмитасининг муҳокамага қўйилган қарори лойиҳасини банк қонунчилиги бўйича ўзбекистонлик мутахассис.

XS
SM
MD
LG