Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:37

Соғлом турмуш тарзи ва носоғлом вазият: Президент фармони мажбурий меҳнат ва пробкаларга сабаб бўлди


28 ноябрь куни Бухоро шаҳри марказида ўтказилган велопойга
28 ноябрь куни Бухоро шаҳри марказида ўтказилган велопойга

Озодликка кейинги кунларда турли вилоятлардан мурожаат қилган ҳокимият тизими мулозимлари Шавкат Мирзиëевнинг соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳақидаги фармони ижроси жойларда "абсурд даражага" етганини айтмоқда.

Пандемия¸ қолаверда қаттиқ совуқ бошланган айни кунларда вилоят ҳокимлари барча бюджет ташкилоти ходимларини велосипед ва пиëда юриш марафонига чиқармоқда¸ мамлакат бўйлаб поликлиника ҳамширалари уйма-уй юриб¸ бўй¸ вазн ва бел айланмаси ҳақидаги маълумотлар киритилган “саломатлик картаси” очмоқда.

Айни пайтда айрим мулозимлар бюджет ташкилотлари “тепадан тушган буйруқ” асосида Namangan moto bike қўшма корхонасида йиғилаëтган Хитой велосипедларини бозор нархидан қимматга сотиб олишга мажбур бўлаëтганини иддао қилди.

Марафонларни уюштиришда бевосита қатнашган айрим ИИБ ходимлари¸ ҳар шанба куни ўтказиладиган бундай тадбирлар боис шаҳар ва туман марказларидаги йўлларнинг ëпилиб¸ икки соатга чўзилаëтган транспорт тиқини пайдо қилаëтганини айтмоқда.

Оддий ўзбекистонликлар¸ Ўзбекистонда пандемия даврида бошланган бу кампанияни қўшни Туркманистон президентининг “саломатлик массовкалари”га қиëсламоқда.

Ҳокимлар бюджет ходимларини велопойгага мажбурламоқда

Озодликка нусхаси юборилган ҳужжат Бухоро вилояти ҳокимлигининг вилоятдаги барча корхона ва ташкилотлар раҳбарлари¸ шунингдек туман¸ шаҳар ҳокимликларига йўллаган “Шошилинч телефонограммаси”дир.

27 ноябрь куни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Б.Зарипов имзолаган бу “шошилинч” буйруқ президентнинг 30 октябрь кунги қарори ижросига оид.

Телефонограммада вилоят миқëсидаги барча корхона ва ташкилот¸ шунингдек ҳокимият тизими раҳбар ва мулозимларининг 28 ноябрь¸ шанба кундан бошлаб ҳар шанба куни “шахсий намуна тамойили асосида “велосипедда ҳаракатланиш куни”да қатнашиши буюрилган.

Бизга шу ҳужжат асосида велопойгага чиқасан¸ деб буйруқ беришди. Бош вазир ўринбосари берган топшириқни рўкач қилишяпти. Ҳаво совуқ пайтда велик ҳайдаш ахмоқликку, ўпкани тамом қилади. Буëғи пандемия¸ пневмония бўлмаган одам кам¸ уларни ҳозир совуқ ҳавода велосипед ҳайдатиб¸ коронавирусдан ўлмаганларни қириш акциясими бу?”, - дейди шахси очиқланмаслигини сўраган Бухоро вилояти ҳокимлик тизимида ишловчи мулозим.

Фарғона вилоятидаги туманлардан бири бошқарув тизимида ишловчи расмийга кўра¸ бундай тадбирлар нафақат Бухоро¸ балки бутун мамлакат миқëсида бошланган.

Вилоятдаги барча бюджет ташкилотлардан ходимлар шанба¸ 28 ноябрь куни вилоят ҳокимияти биносига эрталаб 9:00 га чақириб олиниб, сўнг уларга бир соат кўчада-совуқда мажлис ўтказилди. Сўнг вилоят ҳокимияти олдидан бошлаб А. Фарғоний кўчаси бўйлаб 3 км масофадаги марафон ўтказилди. Велосипед марафони билан бир пайтда 1000 қадам ва 5000 қадам марафонлариям ўтказилиб, навбатдаги ўзбўямачилик билан шуғулландик”¸- дейди фарғоналик мулозим.

Бу суҳбатдош ҳам¸ велосипедда ҳаракатланиш ва пиëда юриш тадбирларининг пандемия ва қиш-қировли кунларга қарамай¸ ҳар шанба ўтказилиши мажбурий қилиб белгиланганини таъкидлади.

Биринчи раҳбарлар шахсий намуна кўрсатиб¸ ўзлари велосипедда юришни кўрсатсин¸ дейилган. Аслида катта раҳбарлар шуба ва пальтода туришди, уларнинг ишчилари велосипед ва пиёда юришди. Кейин ютган давлат идорасига вилоят ҳокими номидан ёрлиқ ва совғалар берилди. Умуман ахмоқгарчилик! Ундан кўра ўша пулларни кам таъминланган оилаларнинг газ ва светдан қарздорлиги учун тўлашсин! Раҳбарларнинг намуна кўрсатгиси керак бўлса¸ қишлоқларда одамларнинг совуқда қандай кун кечираëтганини тушуниш учун¸ бир кун-бир кун бориб¸ камбағалнинг уйида яшаб кўришсин!”, - дейди Озодлик гаплашган фарғоналик мулозим.

Бухоро ҳокими юборган “Шошилинч телефонограмма” “Соғлом турмуш трази” дастури доирасида “Велосипедда ҳаракатланиш” бўйича шахсий намуна тамойили тадбирлари оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ëритилиши ташкил этилади” деган жумла билан тугаган.

29-30 ноябрь кунлари нафақат Бухоро¸ балки республика бўйлаб ҳокимликлар расмий сайти ва ижтимоий тармоқдаги каналларида “Соғлом турмуш тарзи” тадбири ўтказилгани кенг ëритилди.

Қарши марказида ўтказилган шанба кунги велопойга
Қарши марказида ўтказилган шанба кунги велопойга

Бу хабарларга илова қилинган сурат ва видеоларда марказий кўчаларнинг велосипедчилар учун ëпилгани¸ совуқ боис қалин кийинган бир неча ўн велосипедчининг олдинда Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари¸ орқада эса “Тез ëрдам” машинаси ҳамроҳлигида ҳаракатланаëтгани кўрилади.

Республиканинг каттаю кичик шаҳарларида ўтказилган бундай тадбир боис Озодлик гаплашган ИИВ мулозимига кўра¸ йўлларда узун тиқинлар пайдо бўлган.

"Марафон вақтида кўчаларни ГАИлар ёпгани учун бошқа кўчаларда час пик вақтида автомашиналар узун пробка бўлиб қолди¸ пробкалар 1,5-2 соат давом этди. Ўзи бензин¸ метан газ проблема бўлиб турган пайтда¸ бунақа кўзбўямачилик учун яна халқнинг чўнтаги ва асаби қақшади”¸ - дейди мазкур пойганини ташкиллаштиришда қатнашган ИИБ инспекторларидан бири.

Namangan мото bike МЧЖнинг бозори қизиди...

Озодлик билан суҳбатлашган бюджет ташкилотида ишловчи мулозимлар президентнинг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонидан кейин маъмурий-буйруқбозлик асосида уюштирилаëтган “велосипедда ҳаракатланиш” тадбирлари янги монополия ва коррупцияга йўл очганини айтади.

Бюджет ташкилотлари ходимларига ўз ҳисобидан велосипед олиш буюрилди. Ҳозир дўконларда велик қолмади, ҳисоб. Кимлардир ўтмаган молини ўтказиб олди баҳонада”¸- дейди бухоролик мулозим.

Водийлик ҳокимият тизимида ишловчи Озодлик суҳбатдоши давлатга қарашли корхона ва ташкилот¸ шунингдек ҳокимлик раҳбарлари ўзларига давлат маблағи ҳисобидан велосипед сотиб олишни бошлаганини иддао қилди.

Тепадан Намангандаги “Namangan moto bike” заводида ишлаб чиқарилган велосипедларни сотиб олиш айтилган. Велосипед Наманганда ишлаб чиқарилган, лекин бюджет ташкилотларига АҚШда ишлаб чиқарилган велосипедни нархидан ҳам баланд нархда ўтказилаяпти”¸ - деди шундай харид бошланганини билдирган мулозимлардан бири.

Ҳозирча Озодлик ихтиëрида давлат маблағи ҳисобидан Наманганда йиғилаëтган велосипедларни сотиб олиш буюрилганини тасдиқловчи ҳужжат йўқ.

2019 йил 27 февралида ишлаб чиқаришни бошлагани хабар қилинган Норин туманидаги Namangan moto bike заводи “Ўзавтосаноат” АЖ ва Хитойнинг Lifan Group компанияси ўртасидаги келишув асосида ташкил этилган. Расмий маълумотга кўра¸ корхонада ишлаб чиқариш ҳажми йилига 150 мингни ташкил қилади.

Давлат реестридаги ҳужжатда¸ бу МЧЖнинг асл эгаси кимлиги очиқланмаган.

“Уч кундан бери 10 соатдан ошиқ уйма-уй юришга мажбурлашди”

30 ноябрь куни Озодликка бир-биридан мустақил ҳолда боғланган айрим тиббиëт ходимлари президентнинг қиш ва пандемия давридаги мажбурий велопойгага асос бўлган айни фармони соҳа хизматчиларининг мажбурий меҳнатига ҳам йўл очганини билдирди.

Кейинги уч кун¸ яъни шанба ва якшанбада ҳам эрталабки 8 дан кечки 6 гача уйма-уй юришга мажбурлашди. Ҳар бир уйга кириб¸ яшовчиларнинг вазни¸ бўйи¸ бел айланмасини ўлчаб¸ алоҳида “Саломатлик картаси” очиб¸ шунга ëзиб чиқдик. Бу карталар поликлиникада сақланадиган история болезнидан бошқа карта. Буни маҳаллақўмларга бердик¸ улар ҳисобида тураркан. Совуқда¸ COVID пайтида бизга қўшимча ҳақ тўламасдан ишлатишаяпти. Одамлар ўзи зўрға кун кўраëтган¸ совуқдан касал бўлиб турган пайтда¸ уларга соғлом турмуш тарзи¸ нима еб, нима ичиш ҳақида ақл ўргатяпмиз”¸ - дейди самарқандлик поликлиника ҳамшираларидан бири.

Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш акцияси давомида аҳолининг тана ўлчамларига оид маълумотнинг олинаëтганини расмий каналлардаги хабар ва суратлар ҳам тасдиқлайди.

Хусусан¸ Озодликка келган суратлардан бирида Сирдарë вилояти Оқ олтин тумани ҳокими Дилмурод Фозиловнинг ҳамширалар томонидан бўйи ва бел айланмаси ўлчанаëтгани акс этган.

Бундай ўлчамларни текшириш¸ президент Шавкат Мирзиëев ҳокимлар ва давлат мулозимларининг семизлиги назоратга олиниши айтгани ортидан бошланди.

Озодлик суҳбатлашган айрим ўзбекистонликлар жорий вазиятда “соғлом турмуш тарзи”ни тарғиб қилиш иддаоси билан ўтказилаëтган кампаниябозликни ҳукумат раҳбарлари халқнинг реал муаммоларидан қанчалик узоқлашиб бораëтганинини кўрсатадиган навбатдаги мисол сифатида шарҳлади.

Оддий халқ нима дардда яшаяптию¸ булар нима билан овора! Бу кетишда итига олтин ҳайкал қўйиб¸ халқни унга сиғинтираëтган Туркманистондан ҳам ўзиб кетамиз, шекилли. Халқ уйимни қандай иситиб¸ қандай ëритаман¸ бола-чақамнинг олдига нима егулик қўяман¸ деб юрган бир пайтда¸ президент¸ вазир ва ҳокимлар кўп овқат еманг¸ спорт билан шуғулланинг деб¸ велопойга уюштириш билан овора”¸ - дейди Озодлик гаплашган навоийлик ўқитувчи.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов ҳар йили мамлакат бўйлаб оммавий велопойга ўтказиб¸ унда ўзи ҳам қатнашиб келади.

Бу тадбирга тайëргарлик доирасида мамлакатнинг каттаю кичик шаҳарларида йўллар ëпилиб¸ аҳоли кундалик турмуш тарзини издан чиқаради.

2020 йилги пандемияга қарамай¸ Бердимуҳамедов ëз ойида велопойга¸ қолаверса¸ жаҳон саломатлик кунида оммавий тадбирлар билан ўтказиш ҳақида буйруқ берди.

Ўзбекистондаги соғлом турмуш тарзи¸ хусусан¸ давлат амалдорларининг велосипедда юришини тарғиб қилиш ташаббусчиси Бош вазир ўринбосари¸ Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов саналади.

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Тошкентда уюштирган велопойга.
Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Тошкентда уюштирган велопойга.

Маҳаллий матбуот ўтган ой Абдуҳакимовнинг "каттакон раҳбарлар машинада юраверса, оддий одамларимиз, фуқаролар пиёда юраётган йўлаклар ёки велойўлаклар қанақа ҳолатда эканини билмайди-да. Улар кўчалардан машинани ванғиллатиб ҳамма ёқни чанг бостириб ўтиб кетади"¸ - деган сўзларидан иқтибос келтирган эди.

Бундай ташаббусни махсус фармонга айлантирган президент Мирзиëев раҳбар ходимлар семизлиги махсус текширилишини билдирди.

1990-йиллар охирида президент Ислом Каримов ҳам вазир ва ҳокимларини соғлом ҳаëт тарзи¸ спорт билан шуғулланишга даъват қилган эди. Бунинг ортидан мамлакат бўйлаб ҳокимлар учун махсус спорт мажмуалари¸ хусусан¸ теннис кортлари қуриш бошланиб кетган.

XS
SM
MD
LG