Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:50

САМАРҚАНД – “Ҳокимият 4 йилдан буён имтиёзли уй кутаётган ёшларнинг умидини чиппакка чиқарди”


САМАРҚАНД. “Самарқандлик бир гуруҳ ёшлар номидан мактуб йўлламоқдамиз. Президентга ёзган мурожаатларимиз етиб бормаслиги мумкин. Шу боис давлатимиз раҳбарига “Сиздан Телеграм” орқали мурожаат қилмоқдамиз.

Мамлакатимизда юқори натижаларга эришган ёшларга имтиёзли кредит асосида уй-жой бериш анъанага айланган эди. Аммо сўнгги йилларда ушбу масалага эътибор камайиб кетди. Масалан, Самарқанд шаҳрида 2015 йилдан бошлаб 200 дан ошиқ ёшлар имтиёз асосида уй олиш ҳуқуқини қўлга киритган. Аммо 2015-2019 йиллар мобайнида ушбу ёшлардан атиги 30 тасига хонадон ажратилди.Бу – 5 йилда атиги 1 дона кўп қаватли уй қурилди, деганидир. Яна бир кўп қаватли уй эса ҳокимият вакиллари ва тадбиркор ўртасидаги низо сабаб аросатда.

Нақд 4 йиллик кутишларимиздан кейин 2 апрель куни Ёшлар иттифоқидан “йиғилишга келинглар, уй масаласи ҳал бўлaяпти” деб қўнғироқ қилишди. Хурсанд бўлиб, Ёшлар иттифоқи Самарқанд вилоят бўлимига бордик. Афсуски, хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади.

Йиғилишни ўтказаётган раҳбарлар, яъни вилоят ҳокими ўринбосари ва Ёшлар иттифоқи мутасаддилари “Имтиёзли кредит асосидаги уйлар қачон берилиши номаълум. Рози бўлсангиз, Самарқанд тумани Қорасув масканида турклар томонидан қурилаётган 16 этажли кўп қаватли уйдан ажратиб берамиз. Дастлаб 5 йил мобайнида 16 фоиздан кредит тўлайсизлар, кейинчалик 7 фоизга тушиши мумкин” дейишди.

Шунча йилдан бери имтиёзли уй кутаётган ёшларнинг (айримлари қариб ҳам қолган!) баъзилари шундан ҳам қуруқ қолмайлик деб, розилик хати ёзиб беришди. Лекин аксариятининг тарвузи қўлтиғидан тушди.

Нега имтиёзли кредит асосида уй олиш ҳуқуқини қўлга киритган ёшлар 7 фоиз эмас, 16 фоиздан кредит тўлаши керак? Ахир худди шу 16 қаватли уйлар ҳокимият томонидан “кам таъминланган” дея эътироф этилган фуқароларга 7 фоиздан кредитга берилaяпти-ку!

Биз ёш оила бўлсак, Ёшлар иттифоқидан имтиёз олган бўлсак! Масъуллар ўйлаб кўрмайдими, ҳамма ҳам ойига 2,2 миллион сўм кредит тўлай олмайди-ку! Бола-чақамиз ўзи кийинмайдими, овқат емайдими?!

Катта умидлар билан ташкил этилган Ёшлар иттифоқи эса бу масалада томошабин бўлиб турибди. Давлатимиз раҳбари ёшлар муаммосини ҳал қилиб беради, деган умиддамиз”.

(Бу хабар Озодликка 3 апрель куни келган.)​

​Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!

******************************************************************************

Резюме

"Sizdan Telegram" лойиҳасида Сиздан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади. Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди. ******************************************************************************

Илтимос, "Sizdan Telegram" лойиҳасига юбораётган хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилинг!​

XS
SM
MD
LG