“Чегарасиз дарёлар” халқаро жамоатчилик фонди етакчи эксперти Евгений Симонов Сирдарёнинг экологик муаммолари ва уларнинг муҳтамал ечимлари ҳақида сўзлаб берди.
Марказий Осиёнинг энг йирик сув артерияси бўлмиш Сирдарё тўрт мамлакат – Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон бўйлаб оқиб ўтиб, йўли адоғида Орол денгизига қуйилади. Озодлик журналисти ва фотографи Пётр Троценко Сирдарё ва унинг ирмоқлари ёқалаб сафарга чиқиб, оддий инсонлар – балиқчилар, бозорчилар, деҳқонлар ҳаёти орқали дарёнинг бугунги аҳволини ўрганди. Шунингдек, Сирдарё ҳавзаси муаммоларини ўрганаётган ва уларнинг ечимларини излаётган экспертлар билан суҳбатлашди.
Евгений Симонов – чучук сувли экотизимларни асраш, глобаллашувнинг атроф муҳитга таъсири ҳамда чегаралар оша табиати асраш учун фуқаролик жамияти ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга ихтисослашган эколог. У билан интервью “Сирдарё: бошидан этагига қадар” махсус лойиҳасининг илк материалидир.
"ГЭСлар – бу шунчаки коррупцион лойиҳаларга ўхшаяпти"
Пётр Троценко: Сизнингча Сирдарёнинг энг катта муаммолари нима?
Евгений Симонов: Энг яққол муаммо шуки, Сирдарё ресурслари бебилиска сарфланмоқда. Дарёдан бир неча мамлакат фойдаланади, улар ўртасида дарёни бошқаришга доир қандайдир келишувлар бор, аммо бу келишувлар жуда ҳам узуқ-юлуқ ва чала. Айни чоғда ҳеч ким дарё экотизими яхши сақланишини эътиборга олмаяпти. Натижада Сирдарё ресурслари энг кўп сарфланаётган дарё экани билан бирга, тармоғи максимал даражада фрагментлаштирилган дарё ҳам бўлиб қолаётир. Соддароқ айтганда, унда жуда кўп гидротехника иншоотлари қурилган – мен бутун Сирдарё ҳавзасини назарда тутяпман, барча ирмоқлари билан бирга. Дарё ҳавзасида 100 дан зиёд йирик тўғонлар бор.
Нормал экотизим жараёнларини ва дарёда яшовчи турли жонзотларни, айниқса, кўчиб юрадиган балиқларни асраб қолиш нуқтаи назаридан катта муаммо бу. Оқибатда бир пайтлар Сирдарё ва унинг ирмоқларида яшаган тирик организмларнинг айримлари ё қирилиб кетди, ё қирилиб кетиш арафасида. Масалан, Сирдарё бакрабалиғини кўрмаганимизга жуда кўп йил бўлди, ҳолбуки ушбу ноёб балиқ мана шу дарёда яшарди. Табиийки, тўғонлар қурилиши ва чўкиндилар оқими ўзгариши унга ҳалокатли зарба бўлди.
Пётр Троценко: Сирдарёнинг ҳозирги аҳволи, хусусан, уни бошқариш билан боғлиқ айни вазият Марказий Осиё мамлакатларига Совет Иттифоқидан қолган меросми ёки мазкур муаммо мустақиллик йилларида тўлиқ юзага чиқдими?
Евгений Симонов: Турли мамлакатларда бир оз фарқлар билан, лекин, умумият-ла ушбу муаммо советлар даврида яратилган. Афсуски, Марказий Осиё мамлакатлари ўтмишдан сабоқ олишмади. Ҳозирнинг ўзида улар яқин келажакда қурмоқчи бўлаётган 70 дан ортиқ янги тўғонлар лойиҳаси бизга маълум. Яъни, минтақа давлатлари муаммони бадтар чуқурлаштирмоқчи. Лойиҳаларнинг аксари ГЭС тўғонлари қуришга оид бўлиб, улар шунчаки коррупцион лойиҳаларга ўхшайди.
Сирдарё ҳавзасини ўзлаштириш бўйича лойиҳалар Қирғизистонда ҳам бор. Улар 40 та йирик ва 80 га яқин кичик тўғонлар қурмоқчи. Ўзбекистон эса ҳавзада камида бир неча ўнта йирик тўғонлар қуришни режаламоқда. Мени энг ҳайратга солгани Норин дарёсида, Қирғизистондаги ГЭСнинг эски каскадидан қуйироқда олтита тўғон қуриш лойиҳаси бўлди. Ҳолбуки, 10 йил муқаддам ноёб балиқ турлари яшаши сабабли айни шу участкани муҳим биохилма-хиллик ҳудуди деб эътироф этишганди.
Қозоғистонга келсак, Сирдарё бу ерда асосан текисликлардан оқиб ўтиши сабабли мамлакатнинг унда ГЭСлар қуриш имконияти чекланган. Лекин бошқа тарафдан, улар Арис дарёси (Қозоғистон жанубидаги дарё, Сирдарёнинг ўнг ирмоғи) ҳавзасида камида 20 та кичик ГЭСлар қуришмоқчи. Яна-тағин, қўриқланадиган табиий ҳудудларда ёки уларга жуда яқин жойларда. Угом трансчегаравий дарёси билан боғлиқ вазият янада хавотирли: у ерда ГЭСни Сайрам-Угом миллий боғининг қоқ ўртасида қуришни мўлжаллашяпти. Афсуски, Қозоғистонда “яшил энергия” харидига давлат кафолатлари берилиши кам самарали кичик ГЭСлар қуриш авж олишига олиб келмоқда.
Пётр Троценко: Тожикистонда Сирдарё билан боғлиқ аҳвол қандай? Билишимча, тожикларда янги ГЭСлар қуриш режаси йўқ.
Евгений Симонов: Тожикистонда вазият ростдан ҳам бошқача. Уларда иккита тўғон мавжуд – Қайроққум ва Фарҳод, – бирон янги тўғон қуриш ниятлари йўқ. Дарёга раҳмлари келганидан эмас, шунчаки уларнинг дарёни гидроэнергетик ўзлаштириш ресурслари сарфлаб бўлинган, мамлакатда ГЭС қуришга яроқли йирик ирмоқлар йўқ.
Дарё “кўпдан бери оғир хаста”. Унинг дардини енгиллатиш имкони борми?
Пётр Троценко: ГЭСлар қурилиши туфайли Сирдарёда қанақа муаммолар вужудга келиши мумкин?
Евгений Симонов: Биринчидан, сув омборларида лойқа кўпаяди ва қуйи оқимда эрозия жараёнлари тубдан ўзгаради. Қолаверса, гидроқурилишлар натижасида сув ресурсларидан фойдаланиш ортади, бу тушунарли. Демакки, муайян мавсумларда дарёда сув тобора камаяди. Ҳолбуки, бутун сув каналларга оқаётгани сабабли деярли қуриган участкалар бор. Масалан, Чирчиқ дарёсига қаранг. Унинг ўзини тиклаш имкониятлари жуда паст деб ўйлайман. Барча оқава сувлар дарёга қуйилади, тозалаш иншоотлари талабга жавоб бермайди, кўп жойларда шу ҳам йўқ. Бинобарин, унинг суви санитария жиҳатидан жуда ёмон, боз устига қуйи оқимда дарёга кимёвий моддалар аралашган дренаж сувлари ҳам ташланяпти.
Мен гидрокимё бўйича мутахассис эмасман, шу боис муайян участкалардаги вазиятни акс эттирувчи маълумотлар менда йўқ. Бироқ шуниси аниқки, булар бари жиддий муаммо, Сирдарё анчадан бери оғир хаста. Яқин 20 йилга мўлжалланган анави лойиҳалар амалга ошириладиган бўлса, бутун бир ҳавзада ақалли 100 километрлик табиий дарё участкаси, шу жумладан қўриқланадиган ва қурилиш қилиш тақиқланган жойлар қолмайди.
Пётр Троценко: Сирдарё ҳавзасида гидроэнергетика объектлари бу қадар кўплигига сабаб нима?
Евгений Симонов: Минтақа мамлакатларидаги ижтимоий-сиёсий шарт-шароит, бошқарув ва қарор қабул қилиш сифатининг пастлиги, сийқаси чиққан коррупция. Гап шундаки, бугунги кунда гидроэнергетика объектларини яратиш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламайди. Улар шундоқ ҳам кўп, янгиларини қуриш эса жуда қимматга тушади. Масалан, битта ГЭС қуришга кетадиган пулга 3-4 та қуёш электр станциясини қуриш мумкин. Сирдарё ҳавзаси эса жуда қуёшли ҳудуд. Шундай экан, гидроэнергетика иншоотларининг рентабеллиги пастлигини тушуниш учун мутахассис бўлиш шарт эмас. ГЭСларда ишлаб чиқариладиган энергия таннархи ошаётган бўлса, қуёш станциясининг энергияси жадаллик билан арзонлашмоқда.
У ҳолда гидроэлектр станцияси нимага керак бўлиши мумкин? Ростдан ҳам унинг баъзи афзалликлари бор: фаразан, ГЭС бошқа манбалардан энергия келмай қолган соатларда уни сизга етказиб бериши мумкин. Дейлик, шамол ва қуёш йўқ, сув омбори эса бор ва сиз унинг сувидан электр ишлаб чиқара оласиз. Бироқ ҳукуматлар рационал йўл тутганларида эди, мавжуд ГЭСлар салоҳиятини қуёш ва шамол станцияларидаги ишлаб чиқариш номунтазамлигини мувозанатга келтиришга йўналтирган бўлур эдилар.
Ёнимизда Хитой ҳамма ёқни қуёш панелларига тўлдириб ташлаганига қаранг, бундан фойдаланиб қолиш керак: янгиланадиган энергия манбаларини яратиш учун энг қулай пайт ҳозир. Мулозимларга ёқмайдиган битта “қусур” бор: қуёш электр станциясидан кўп ўғирлаб бўлмайди. Чунки у жуда оддий, иқтисодий яхши ҳисобланадиган модул тизимидир. Агар унинг ҳар киловатт қуввати 1 минг доллар бўлса, қурилиш учун режаланган ва амалда сарфланган суммалар орасида тафовут 10 фоиздан ошмайди. ГЭС эса қанча пул бўлса ютиб юборадиган ўпқон. ГЭС лойиҳаси бюджети урилиш бошланганидан то тугагунига қадар ўртача 80 фоизга “семиради”. Бу дунё бўйича ўртача кўрсаткич. Собиқ СССР ҳудудида янада катта рақамларни кузатиш мумкин. Чунончи, Тожикистонда Роғун ГЭС қурилиши қиймати 2009 йилдан бери 3 млрд доллардан 11 млрд долларга етди, ҳали яна ошади, ишонаверинг.
Бундан ташқари, маълум бўлдики, ГЭСларнинг энергия ишлаб чиқариши иқлимга ва дарёлардаги сув оқимига боғлиқ экан. Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми айрим мавсум ва йилларда катта бўлса, баъзи йилларда қурғоқчилик туфайли кескин камайиб кетади. Шартли олганда, агар мамлакат энергия ишлаб чиқаришнинг 80 фоизини ГЭСлар ҳисобига қоплаётган бўлса, билингки, у ўз иқтисодиётини ўлдирмоқда ва истеъмолчиларни азобга қўймоқда. Буни биз ҳар йили сув ва энергия етишмаётгани ҳақида бонг урадиган Қирғизистон ва Тожикистон мисолида кўряпмиз. Бу мамлакатлар, айниқса, Қирғизистон энерготизимдаги манбаларни диверсификация қилиш ўрнига халқаро ҳамжамият ва тадбиркордан янги ГЭСлар қурилишига маблағ ундиришга уринмоқда.
Энергетика инқирози бунақа ёндашувни даволай олмайди. Устига-устак, Қирғизистонда ГЭСларга, айниқса кичик ГЭСларга негадир майнинг фермаларини боғлаб қўйишади. Яъни, ГЭСлар расман электр тақчиллигини бартараф этиш мақсадида қурилаётгани айтиладию амалда улар майнингчиларга хизмат қилади.
Шунча уринишларга қарамай, сув сарфи камайгани сезилмаяпти
Пётр Троценко: Яна бир катта муаммо бу қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланилмаётганидир.
Евгений Симонов: Бу сув ресурслари танқислиги нуқтаи назаридан энг йирик муаммо, чунки Сирдарё ҳавзасида қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш усуллари совет давридагидан айтарли фарқ қилмайди. Ҳолбуки, советларнинг ирригация сиёсати Орол денгизи фожиасига олиб келган эди.
Албатта, Марказий Осиё мамлакатлари аҳволни яхшилаш учун катта куч сарфламоқда, лекин бу саъй-ҳаракатлар кутилган самарани беряпти, деб айтиш қийин. Мана, Ўзбекистон маҳсулот бирлигига нисбатан сув сарфини камайтириш учун жон-жаҳди билан тиришмоқда, қишлоқ хўжалигининг қатор тармоқларида бунга муваффақ бўляпти ҳам. Лекин умуман олганда сув сарфи камайгани сезилмаяпти, аксинча, ошишда давом этмоқда. Самарали технологияларга ўтиш ва кўп сув талаб қилувчи экинлардан воз кечиш – минтақанинг ҳаёт-мамоти масаласидир. Қишлоқ хўжалиги аҳолининг катта қисмини банд қилган консерватив соҳа эканини назардан қочирмаслик лозим.
Пётр Троценко: Суҳбатимиз якунида ташкилотингиз ҳақида сўзлаб берсангиз. “Чегарасиз дарёлар” Марказий Осиёда ҳозир қандай ишлар билан шуғулланмоқда ва уни минтақада қандай истиқбол кутяпти?
Евгений Симонов: “Чегарасиз дарёлар” Марказий Осиёга яқинда келган. Ҳозирда биз маҳаллий ташкилотлар билан биргаликда, дарё экотизимлари бузилиши даражасини ва ақалли баъзи жойларда уларни сақлаб қолиш имкониятларини баҳолашга уриняпмиз. Шунингдек, дарё ҳавзаларида хўжалик юритиш талафотларини бир қадар камайтиришга ёрдам берадиган чора-тадбирлар устида иш олиб боряпмиз. Бу биринчи галда св хўжалиги инфратузилмасини пухтароқ ўйлаб режалашни ва табиат учун муҳтамал оқибатларни яхшироқ баҳолашни назарда тутади.
Ҳозиргача Марказий Осиё дарёларининг қатор субҳавзаларида бир қанча таҳлиллар қилдик, шунингдек мавжуд ва режаланаётган тўғонлар табиат муҳофазаси қадриятларига қанчалик уйғунлигини визуаллаштириш мақсадида барча учун очиқ маълумотлар базасини яратдик. Атроф муҳитга таъсирни баҳолашнинг замонавий усулларини жорий ишга ҳаракат қиляпмиз, энг қийматли табиат участкалари – Бутунжаҳон ЮНЕСКО мероси объектлари ва қўриқхоналарга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари, Марказий Осиёдаги дарё экотизимларини ўзлаштириш ва қўриқлашга, энг аввало тўғон ва сув омборларини қуриш ва эксплуатация қилишга доир барча очиқ маълумотларни ўз веб-сайтимизда йиғиб боряпмиз.