Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:53

Станислав Шушкевич: Каримовни “мустабид” деб атаган Беларусь собиқ раҳбарининг умр йўли


Станислав Шушкевич 1991 йилдан 1994 йилгача Беларусни бошқарган.
Станислав Шушкевич 1991 йилдан 1994 йилгача Беларусни бошқарган.

Беларусь пойтахти Минскда 4 майга ўтар кечаси мамлакат мустақилликни қўлга киритган илк йилларда раҳбар бўлган Станислав Шушкевич вафот этди.

87 ёшли сиёсатчи апрель ойи охирларида COVID-19 асоратлари билан касалхонага ётқизилган эди. Икки кундан сўнг у касалхонадан уйига чиқарилган.

Мазкур мақолада Беларуснинг биринчи раҳбари ҳаётига айрим чизгилар берилган.

“Халқ душмани”нинг ўғли, АҚШ президенти қотилининг ўқитувчиси

Станислав Шушкевич 1934 йилнинг 15 декабрида Минскда туғилган. Унинг онаси Елена Романовская ёзувчи, отаси Станислав Шушкевич шоир бўлган.

Бўлажак сиёсатчининг отаси 1937 йилдаги Сталин қатағонлари пайтида 8 йилга қамалган. 1949 йилда у яна қўлга олинган. Шушкевичнинг отаси 1957 йилда тўлиқ оқланган.

Иккинчи жаҳон уруши пайтида Шушкевич онаси ва бувиси билан нацистлар Германияси ишғоли остидаги Минск шаҳрида яшаган ва улар яҳудий болани ўз уйларида яширишган. Бу ҳолат аниқланиб қолган тақдирда, Шушкевичлар оиласи немис фашистлари томонидан қатл қилиниши мумкин эди.

Станислав Шушкевич 1956 йилда Беларусь давлат университетининг физика-математика факультетини тамомлаган. Шундан сўнг илмий фаолиятини бошлаган.

Озодлик радиоси белорус хизматининг ёзишича, 1960-1961 йилларда Минск радиозаводи конструкторлик бюросида ишлаган Шушкевич бир вақтнинг ўзида АҚШ фуқароси Ли Гарви Освальдга рус тилидан дарс берган.

Кейинроқ ватанига қайтган Освальд 1963 йилнинг 22 ноябрида Техас штатининг Даллас шаҳрида АҚШ президенти Жон Кеннедини отиб ўлдирган шахс қаторида тилга олинади.

Освалднинг кундалигида Шушкевич тўғрисидаги маълумот (ўнг саҳифанинг юқори қисми).
Освалднинг кундалигида Шушкевич тўғрисидаги маълумот (ўнг саҳифанинг юқори қисми).

Олим ва мухолифатчи

1963 йилдан Шушкевич илмий фаолият билан шуғулланган. У қатор кашфиётлари учун СССР Министрлар Советининг мукофотлари ва Беларусь давлат мукофоти билан тақдирланган. Шушкевич Беларусь Фанлар Академияси мухбир аъзоси, физика-математика фанлари доктори, Беларусь ССРда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби унвонларига эга.

Шушкевич 1989 йилда Беларусда ташкил этилган “Возрождения” халқ ҳаракати номзоди сифатида СССР халқ депутати бўлган. У бошқа халқ депутатлари – Алес Адамович, Васил Биков, Александр Добровольский, Виктор Корняенко, Юрий Воронежцев ва Андрей Сахаров билан биргаликда СССР Олий Советида ташкил этилган илк мухолифатчи гуруҳ – Минтақалараро депутатлар гуруҳини ташкил этди.

Шушкевич 1991 йилнинг 19 августида Москвада юз берган давлат тўнтаришига қарши очиқдан-очиқ баёнот берган Беларусдаги беш кишидан бири бўлди.

Шушкевич мухолифатчи депутатлар билан. 1989 йил.
Шушкевич мухолифатчи депутатлар билан. 1989 йил.

Мустақилликка қарши эди, бироқ мустақилликни эълон қилди

Шушкевич 1991 йилнинг 24 августида Беларусь ССР Олий Совети раисининг ўринбосари сифатида мамлакат мустақиллиги декларацияси қабул қилинишига қарши чиқди. У Беларуснинг СССРдан мустақил бўлишини “ақлга сиғмайдиган ҳолат” деб қабул қилган. Аммо Беларусь ССР Олий Совети раиси Дементьев истеъфо бергани ортидан у 25 август куни мамлакат аҳолисини мустақиллик эълон қилингани билан табриклади.

1991 йилнинг 18 сентябрида Олий Совет уни раис лавозимига сайлади. 19 сентябрь куни эса Олий Совет мустақил Беларуснинг байроғи ва гербини тасдиқлади.

1991 йилнинг 8 декабрида Беларусдаги Беловеж ўрмони қўриқхонасидаги давлат резиденциясида Беларусь Олий Совети раиси Станислав Шушкевич, Россия президенти Борис Ельцин, Украина президенти Леонид Кравчук Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани имзолади. Мазкур шартнома СССРнинг тугатилиши ва тарқатилишига асос бўлди.

Беловеж шартномасини имзолаш маросими. 1991 йилнинг 8 декабри.
Беловеж шартномасини имзолаш маросими. 1991 йилнинг 8 декабри.

Президентлик сайлови ва мағлубият

Шушкевич Беларусни бошқарган йиллар мамлакат демократик ислоҳотлар ўтказган ва европача тараққиёт йўлини танлаган давр сифатида тарихга кирди.

1994 йилнинг 26 январида Шушкевич Беларуснинг айни пайтдаги президенти Александр Лукашенко ва бошқа қатор депутатлардан иборат мухолифат босими остида Олий Совет раиси лавозимидан истеъфога чиқарилди.

1994 йилнинг 23 июнида ўтказилган президентлик сайловининг биринчи босқичида Шушкевич Вячеслав Кебич, Зенон Позняк ва Александр Лукашенкодан кейинги 4-ўринни эгаллади. Ўшанда расман унга сайловчиларнинг 9,91 фоизи овоз бергани қайд этилган. Сайловнинг иккинчи турида эса Беларусни шу кунгача бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғолиб бўлди.

Шушкевич сўнгги кунларига қадар Александр Лукашенкони ва унинг сиёсатини танқид қилиб келди. Шушкевичга кўра, Лукашенко давлат миқёсида фикрлаш салоҳиятига ва етарли даражадаги профессионализмга эга эмас.

Шушкевич СССРнинг биринчи ва сўнгги президенти Михаил Горбачёв билан.
Шушкевич СССРнинг биринчи ва сўнгги президенти Михаил Горбачёв билан.

Шушкевич: Каримов мустабид, аммо Беларусь диктаторидан яхшироқ

Беларусь Республикасини демократик давлат қилиш учун тиришган¸ аммо вазифасини қўлидан бой берган Станислав Шушкевич Озодлик билан суҳбатда 2014 ва 2016 йилларда берган интервьюсида бир вақтлари ўзи яхши билган Ислом Каримовнинг охир-оқибат мустабидга айланганидан таассуф билдирган эди.

-Мен Ўзбекистонда диктатура ўрнатилганини ва бу диктатура Ислом Каримов томонидан ўрнатилганини яхши тушунаман. Аммо, бу қанчалик ғалати эшитилмасин, мен сизларга ҳавас қиламан. Чунки сизлар олий даражада саводли диктаторга эгасизлар. Унинг диктатор экани ўта афсусланарли. Лекин биздаги каби саводсиз диктатор бўлганида, вазият бундан ҳам ёмонроқ бўлар эди, -деган эди Шушкевич 2014 йил 23 июнида Озодликка берган суҳбатида.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:07 0:00
Бевосита линк

2016 йилнинг 29 августида, яъни Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов ўлимидан бир неча кун олдин Озодлик билан суҳбатлашган Шушкевич Ислом Каримовни яхши билгани, Тошкентга икки марта боргани ва Каримов билан узоқ суҳбатлар қурганини таъкидлаган Шушкевич, Ислом Каримовнинг диктаторга айланиб қолганидан афсус билдирган эди.

Станислав Шушкевич билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:27 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG