Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:19

Матбуот котиби: Фарғона ҳокими Ғаниевнинг айтганлари аччиқ устида оғзидан чиқиб кетган бўлиши мумкин


Сўхликларга таҳдид қилган мулозим, 31 май, 2020. Бу сурат Озодликка тақдим қилинган видеодан олинди
Сўхликларга таҳдид қилган мулозим, 31 май, 2020. Бу сурат Озодликка тақдим қилинган видеодан олинди

Озодлик сўхликларга таҳдид қилган мулозим билан боғлиқ шов-шувли видео ва аудиоларга оид тафсилотларни аниқлади. Бу видео ва аудиолар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлган эди.

Сўх чегарасини ёпиш, тумандаги "жанжалчи қишлоқларни харитадан ўчириш"ни айтиб, таҳдид қилган шахс Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев экани расман тасдиқланди.

Вилоят ҳокими матбуот хизмати раҳбари, журналист Муҳаммаджон Обидовга кўра, сўхликлар билан учрашув пайти Ғаниев томонидан қилинган таҳдидларнинг барчаси аччиқ устида айтилган.

“Аслида Ғаниев сўхликларга нисбатан жуда меҳрибон ва эътиборли”, деди Обидов Озодлик билан суҳбатда 4 июнь куни.​

Сўхликларга таҳдид қилган мулозим - Шуҳрат Ғаниев

1-2 июнь кунлари ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ва аудиоёзувда бир мулозим Сўх чегарасини ёпиш, тумандаги "жанжалчи қишлоқларни харитадан ўчириш", ушбу қишлоқларга таъминотни тўхтатишини айтиб, ошкора таҳдид қилганди.

Тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлган ушбу видеолардаги мулозим юзига ниқоб таққани сабаб унинг кимлиги ноаниқ қолаётганди. Айримлар видеодаги мулозим Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев эканини тахмин қилаётганди, бироқ бунга бирор расмий тасдиқ йўқ эди.

Орадан икки кун ўтиб Озодлик видеодаги ниқобли мулозим шахсини аниқлашга муваффақ бўлди.

Сўхликларга таҳдид қилган мулозим Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев эканини унинг матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов инкор қилмади. (Озодлик Муҳаммаджон Обидов билан 4 июнь куни эрталаб суҳбатлашди).

Обидовга кўра, Ғаниевнинг Сўх чегарасини ёпиш, "жанжалчи қишлоқларни харитадан ўчириш" каби таҳдидлари аччиқ устида айтилган:

- У (Ғаниев- таҳр) сўхликларни жуда қаттиқ ҳурмат қилади ва Сўхга нисбатан бошқа шаҳар ва туманлардаги одамларга нисбатан икки баробар меҳрибон. Энди бу (Ғаниевнинг таҳдидлари назарда тутилмоқда, таҳр) аччиқ устида оғзидан чиқиб кетган бўлиши мумкин. Бундан бошқа гап эмас. Бу унинг юрагидаги ёки режасидаги гаплар эмас.

Шунингдек, Ғаниев ўша учрашув пайти сўхликларнинг ношукурлиги ҳақида махсус мақола тайёрлигини ва уни матбуот орқали эълон қилишини айтиб, сўхликларга таҳдид қилганди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:57 0:00
Бевосита линк

Муҳаммаджон Обидовнинг Озодликка айтишича, Ғаниев айтган мақола аслида йўқ бўлиб, ҳоким ўша гапни ҳам аччиқ устида айтган:

- Ҳеч қандай “Сўхликлар ношукур” деган мақола ёзилган эмас. Бунақа мақоладан менинг мутлақо хабарим йўқ. Мен “Фарғона ҳақиқати”, “Ферганская правда” газетасининг бош муҳаррири сифатида расман сизга баёнот бераманки, бу мақола таҳририятда йўқ. Вилоят ҳокимлиги томонидан умуман бунақа мақола тайёрланган эмас.

Ғаниев тошбўрон қилинган, бироқ жароҳатланмаган

31 май куни ижтимоий тармоқларда Сўхдаги оломон томонидан вилоят ҳокими тошбўрон қилингани айтилган кўплаб видеолар тарқалди.

Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев нега Сўхда тошбўрон қилинди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:33 0:00

Видеоларда ҳарбийлар қуршовидаги ниқоб тақиб олган басавлат мулозимни одамлар тошбўрон қилаётгани акс этган.

Тошбўронга гувоҳлар ҳарбийлар пинжига яширинишга уринган мулозимнинг Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев эканини иддао қилганди.

Муҳаммаджон Обидов, 2 июнь куни Озодлик билан суҳбатда, калтакланган ҳаворанг кўйлакдаги мулозим Шуҳрат Ғаниев экани ҳақидаги иддаоларни рад этганди.

Бироқ 4 июнь кунги Озодлик билан суҳбатда Обидов ҳоким Ғаниевнинг тошбўрон қилинганини инкор қилмади ва ўз жавобини ўзгартирганини шундай изоҳлади:

- Сарвар Усмон билан гаплашганимда (2 июнь кунги Озодлик билан суҳбат- таҳр) у видео йўқ эди. Кейин қўйишди у видеони. Сарвар Усмон билан гаплашганимда бошқа одамга тош отилганлиги тўғрисидаги видео бор эди ва у ҳақда сўраган эди. Бу одам Сўх туманининг анча илгари ҳокими бўлиб ишлаган Таваккал ака эканлигини айтдим мен уларга.

Обидовга кўра, тошбўрон пайти Ғаниевга ҳам тош теккан, бироқ унга оғир жароҳат етмагани боис тиббий муассасага мурожаат қилмаган:

- Ғаниевга ҳам отишибди. Ўзи ҳам айтяптику: “Менга тош тегди” деб.

Озодлик: Қаерига теккан тош?

- Йўқ, менимча унақа саломатлигига зарар етказадиган даражада бўлмаган. Юз, тана қисмида унинг белгиси йўқ.

Озодлик: Демак, тиббий ёрдамга мурожаат қилмаган?

- Йўқ, ҳеч қанақа мурожаат қилмаган. Ўша заҳоти у Бош вазир билан кейин борганларида Қирғизистон Бош вазири ўринбосари билан расмий учрашувга боришди. Қатнашдику шундан кейин.

"Ғаниев истеъфоси сўралгани учун сўхликлар кечирим сўраган"

1 июнь куни Бош вазир Абдулла Ариповнинг сўхликлар билан учрашуви пайти норози аҳоли Шуҳрат Ғаниевнинг истеъфосини талаб қилган, норози оломон “Ғаниев кетсин!” дея такрор-такрор қичқирганди.

Обидов бу норозиликларни “бутун Сўх халқи номидан деб қабул қилмаслик” лозимлигини айтади:

- Одамларнинг жуда кўпи билан мен ҳам суҳбатлашдим. Жуда кўп одамлар билан, сўхликлар билан. Улар айтяптики, “Бу бўлган воқеаларда 4 та, 5 та ёшларнинг, ҳаётий тажрибасиз ёшларнинг қичқириқлари, хитоблари – бу Сўх халқининг фикри эмас, Сўх халқи бу 70 мингдан ортиқ аҳоли, уларнинг ўзининг фикри бор. У 4 та, 5 та ёшларнинг бақириқ-чақириқлари бу бизнинг халқнинг номидан эмас, уларга бунақа фикрлар айтишга биз ваколат берган эмасмиз”, дейишяпти.

Обидовга кўра, 3 июнь куни Сўхда ўтган йиғилишда, “тажрибасиз ёшлар” учун катталар узр сўраган:

- Кечаги бўлган йиғилишда ҳамма одамлар ўзининг фикрини билдиряпти. Ўша бўлган воқеадан таассуфини билдиряпти. Баъзи бир одамлар кечирим сўраяпти. "Ўша ёшлар учун ман кечирим сўрашга тайёрман, нотўғри иш қилишди шулар. Бу халқнинг ҳаммасининг номидан бўлган гап эмас", дейишди улар.

Обидовнинг “сўхликлар кечирим сўрагани”га оид сўзини тасдиқловчи ҳозирча бошқа бирор маълумот Озодликда йўқ.

“Сўхга бошқа туманларга нисбатан 1,5 -2 баробар кўп ёрдам бериб келинган”

Шуҳрат Ғаниевнинг “сўхликларга муҳаббати баланд”лигини қайта- қайта таъкидлаган Обидов “Сўх халқига жуда катта ва тизимли ёрдам уюштириб келингани” ҳақида гапирди:

- Сўхда тоғнинг тепасида Ҳушёр деган қишлоқ бор. Ўша ергача газ тортиб олиб борилди. Умуман тарихда бўлмаган. Газни кучайтириш станциялари қурилди. Кўчалардаги ҳамма эски теракдан, бошқадан қилинган симёғочлар бетон симёғочларга айлантирилди. Симлар ҳаммаси алмаштирилди. Мактаблар таъмирланди. Сўхга жуда катта, вилоятнинг бошқа туманларига бериладиган ёрдамга нисбатан Сўхга ҳамиша энг камида 1,5 -2 баробар кўп ёрдам бериб келинган.

Айни пайтда президент Мирзиёев 3 июнь кунги видеоселекторда Сўхдаги оғир вазият кеча ёки бугун пайдо бўлмагани, у ерда одамлар ишсизлик ва яшаш шароити оғирлигидан азият чекиб келганини таъкидлади.

Президент топшириғи билан Сўхга бориб, у ердаги вазиятни ўрганган Бош вазир Абдулла Арипов ва унинг ўринбосари Очилбой Раматов Сўх узоқ вақтдан бери ўз ҳолига ташлаб қўйилгани ва сўхликлардан хабар олинмаганини таъкидлашди.

XS
SM
MD
LG