Хитойдаги шинжонлик уйғур, қозоқ ва бошқа туб халқ вакиллари учун мўлжалланган “қайта тарбиялаш лагерларида” аёллар муттасил қийноқларга солинган ва жинсий зўравонлик қурбони бўлган.
Бу ҳақда Би-би-сига мазкур “лагерлар”да бир муддат тутилган ёки ишлаган ҳамда Хитойдан қочиб чиқишга муваффақ бўлган аёллар сўзлаб берганлар.
Айни пайтда АҚШда истиқомат қилаётган аёллардан бирига кўра, фуқаро кийимини кийган зўрловчилар тунлари қамоқхона камераларига кириб, маҳкумаларни видеокузатув камералари бўлмаган хоналарга олиб чиққанлар. У бир неча бор аёвсиз калтаклаш ва оммавий зўрлаш қурбони бўлганини айтган.
Лагерда 18 ой ўтирган бошқа собиқ маҳкума эса зўрлашларнинг ихтиёрсиз гувоҳи бўлганини маълум қилган. Унинг Би-би-сига айтишича, аёлни зўрлаш жараёнига ҳозирлик кўришда иштирок этишга мажбур қилишган: у маҳкумалар зўрланишларида олдин уларни яланғоч қилиб ечинтириб, қўлларини кишанлашга мажбур қилинган. Эркаклар камерадан чиққанларидан кейин эса у аёлларни душга олиб бориб, хоналарни тозалаш билан шуғулланган.
Шинжонда маҳкумалар муттасил зўрланганини нашрнинг яна бир суҳбатдоши тасдиқлаган. У “лагер”да хитой тили муаллимаси вазифасида ишлаган. Унга кўра, зўрлаш чоғида тутқун аёллар ток билан қийноққа солинган.
“Лагер”даги бошқа бир ўқитувчи эса полициячилар 20 ёшли қизни галма-галдан зўрлашганига гувоҳ бўлганини билдирган.
Би-би-си суҳбатдошларига кўра, Кунес деган жойдаги “лагер”да аёллар стерилизация қилинган ва улар устидан тиббий тажрибалар ўтказилган. Уларни ҳапдорилар истеъмол қилиш ва анализ топширишга мажбур қилишган.
Ҳар 15 кунда уларни қандайдир “вакцина” билан эмлашган, бунинг ортидан улар баданларида увушиш ва кўнгил айнишини ҳис қилишган.
Жаҳон ҳамжамияти Хитой расмийларини Шинжондаги миллиондан зиёд мусулмон уйғур, қозоқ ва бошқа туркий тилли миллат вакилларини 2017 йилдан бери қамоқхоналарга йўллаётганликда айблаб келади.
Айрим маълумотларга кўра, маҳкумлар мафкуравий ишловга дучор қилинади, ўз дини, маданияти ва тилидан воз кечишга мажбур қилинади.
Бундан ташқари, шинжонлик мусулмонлар муттасил кузатувда бўлиб, мажбурий меҳнатга жалб қилинади, минтақада туғилишни назорат қилиш ҳамда болаларни ота-оналаридан ажратиш амалиётидан ҳам фойдаланилади.
Хитой расмийлари бу каби “лагерлар”ни “қайта тарбиялаш марказлари” деб атаб, улар террорчилик ва экстремизмга қарши кураш учун қўлланилаётганини иддао қилиб келади.