Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:46

Шерали Жўраевнинг концертига чипталар 2-3 баробар қимматга пулланмоқда


Ўзбекистон Халқ артисти, 70 яшар Шерали Жўраевнинг қарийб чорак асрга чўзилган танаффус ортидан Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройидаги илк яккахон концертига чипталар чайқовчилар қўлига ўтиб кетди.

Шерали Жўраев "Истиқлол"да 19, 20,21 январь кунлари концерт берди. Хонанданинг 4- концерти 22 январга белгиланган. Озодлик гаплашган томошабинларга кўра, 4 та концерт учун чипталар санъат саройи кассаларида икки ҳафта сотилган ва 22 январь куни кассада битта ҳам чипта қолмаган.

Томошабинларнинг айтишича, чипталар шундоққина сарой ёнидаги олибсотарлар қўлида асл нархидан 2-3 баробар қимматга пулланмоқда.

Бир чипта нархи - 100 доллар

Шерали Жўраевнинг мухлислари 100 минг сўм турадиган чиптани 250-300 минг (30-35 доллар), 300 минг турадиган чиптани эса 600-800 (80-100 доллар) минг сўмга олишга мажбур бўлишмоқда.

Ҳофизнинг концертига кириш учун Қўқондан келган нафақахўр бир дона чипта олишга нафақаси зўрға етганини айтди.

Кассанинг ёнига борсам, билет йўқ дейишди. Ташқарида эса бир дона билетни 100 долларгача сотишаяпти. Бир дона билетга бир ойлик нафақам зўрға етди. Мажбур сотиб олдим. Шерали ҳар куни концерт бермайди-ку?!” деди у.

“Истиқлол” санъат саройи кассирларидан бири чипталарнинг қўлма-қўл бўлиб кетгани ва олибсотарлар томонидан уч бараваргача қиммат нархда сотилаётганини тасдиқлай олмаслигини билдирди.

“Табиий ҳолат”

Кинорежиссёр Рустам Сагдиев
Кинорежиссёр Рустам Сагдиев

Таниқли кинорежиссёр Рустам Сагдиевнинг ҳофиз Шерали Жўраев концертига сотилган чипталарнинг чайқовчилар томонидан сотилаётганини “табиий ҳолат”, дея баҳолади.

- Бу табиий ҳолат. Шунча йил концерт берилмаган. Кейин Шерали Жўраевнинг тўрт кун концерт бериши - жудаям кичкина муддат. “Истиқлол” санъат саройига 4 минг одам сиғса, уч-тўрт кунда 12-15 минг одам сиғади. Бу кўпсонли Тошкент учун нима деган гап? Мен шунинг учун билетлар қўлга чиқиб кетган деб ўйлайман, – деди Рустам Сагдиев. -

Кинорежиссёр чипталарнинг чайқовчилар қўлига чиқиб кетмаслиги учун Шерали Жўраев концертини кўпроқ ўтказиши керак ,деб ҳисоблайди.

"Билет сотилгани – елкасидан тоғ ағдарилгани"

Хонанда Моҳира Асадова
Хонанда Моҳира Асадова

Таниқли хонанда Моҳира Асадованинг ишонишича, Шерали Жўраевнинг концертига билетларнинг чайқловчилар томонидан сотилаётгани бу – “мухлислар соғинчи”.

- Гап чайқловчиликда эмас, менимча. Буларнинг бари шинавандалар ва мухлислар, айниқса устозимиз Шерали Жўраевнинг ҳақиқий мухлислари учун соғинч хабарлари деб ҳисоблайман. Бир неча йилдан бери устозимиз катта санъат залларида концерт дастурларини тақдим қилгани учун устознинг жонли ижросини соғинган мухлислар ҳаттоки билетнинг нархига ҳам қарамасдан сотиб олишган бўлсалар керак, деб ўйлайман, - дейди Моҳира Асадова.

У ўз таъбирида чипталарнинг олибсотарлар томонидан сотилишлини “Совет давридан қолган” деб ҳисоблайди.

- Бу нарса бизда жуда илдиз отган деб ўйлайман. Билетлар тужжорлар, савдогарлар қўлига чиқиб кетади. Биласизми, концерт уюштирувчилар мақсади – билетларнинг тезроқ сотилгани. Уни ким олаяпти, кимнинг қўлига бориб тушаяпти, концерт уюштирувчиларини қизиқтирмайди. Билет сотилгани – елкасидан тоғ ағдарилгани. Бу нарса Совет давридан қолган - дейди Моҳира Асадова.

"Тирикчилик"

Shov-shuv сайти муҳаррири Жасур Ҳамроев
Shov-shuv сайти муҳаррири Жасур Ҳамроев

Ўзбекистондаги шоу-бизнес олами хабарларини ёритиш бўйича етакчи веб саҳифалардан бири Show-shuv муҳаррири Жасур Ҳамроев чипталарнинг чайқовчилар томонидан сотилиши ҳақида зиддиятли қарашга эга эканини айтди.

- Чипта олиб-сотарларни бир тарафдан оқлаш мумкин, бошқа тарафдан оқлаб бўлмайди. Яхши томони, улар истаган пайтингизда чипта топиб бериши мумкин ўзининг тирикчилигини қилиб. Айрим инсонлар, концерт куни бирдан билет қидиришни эслаб қолади. Улар учун чипта олиб-сотарлар жудаям қулай. Аммо, ёқламайдиган тарафим чипталар икки-уч карра баланд бўлид кетади. Улар чипталарни олдиндан сотиб олгани учун мухлис бориб, ўзи истаган жойдан чиптани топа олмайди, - дейди Жасур Ҳамроев.

Қора рўйхатдан чиқарилган ҳофиз

Шерали Жўраев чорак аср ўтиб катта саҳнага қайтди
Шерали Жўраев чорак аср ўтиб катта саҳнага қайтди

“24 йил давомида “қора рўйхат”да бўлган Шерали Жўраев ўтган йилдан бери расмий телеканалларда кўрина бошлади.

Ҳофиз сўнгги бор 2017 йил сентябрда Тошкентда ўтказилган миллий палов фестивалида қўшиқ куйлаб, катта олқишларни олган эди.

1993 йилдан буён, нафақат теле-радиоканал, балки катта саҳналарда ҳам куйлаши тақиқлаб қўйилган ҳофиз Шерали Жўраев Каримовнинг ўлимидан кейингина катта саҳна ва телеканал дастурларига қайта олди.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг - 27 сентябрдан бошлаб, Жўраевнинг катта саҳна ва телерадиоканалларда бемалол чиқишга изн олгани хабар қилинди.

Ўзбекистонда таниқли хонандалар концертини уюштириш билан шуғулланувчи Равшанбек Омоновнинг бу ҳақда Озодликка айтишича¸ 2017 йил 27 сентябрь куни Шерали Жўраевга Ўзбекистон президенти бажарувчиси ëрдамчиси қўнғироқ қилиб катта саҳнага йўл очилганини билдирган.

Кейинги ўн йил давомида Ўзбекистонда ўнга яқин ашулачи лицензиядан мосуво қилиниб, шоу бизнесдаги исталмаган шахслар рўйхатига қўшилганди.

Фаррух Зокиров, Шерали Жўраев, Юлдуз Усмонова, Обид Асомов, Севара Назархон, Отабек Мадраҳимов, Озода Нурсаидова,Фаррух Соипов каби санъаткорларга қўйилган норасмий тақиқ сабаблари жамоатчиликка очиқланмаган.

XS
SM
MD
LG