Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:51

Шавкат Мирзиëев “Болалар”ва “Ласковый май” қўшиқларини севади


"Болалар" гуруҳи
"Болалар" гуруҳи

Ўзбекистон қўшиқчилиги юқори раҳбарият мойилликлари ва антипатиясига боғлиқ экани айтилади. Ўзбекистонда Фаррух Зокиров¸ Шерали Жўраев¸ Юлдуз Усмонова ¸ Обид Асомов¸ Севара Назархон¸ Шаҳзода Матчонова¸ Шоҳруҳ рэп¸ Феруза Жуманиёзова¸ Отабек Мадраҳимов¸ Озода Нурсаидова¸Фаррух Соипов каби санъаткорларга қўйилган тақиқ сабабларининг у ëки бу мулозимга бориб тақалaди.

Шу ўринда Ўзбекистон бош вазири ва вақтинча президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев қандай мусиқани ва қайси ҳонандани севиши ўзбек қўшиқчилик репертуари истиқболи қайси векторда ривожланиши борасидаги тахминларга имкон беради.

Шавкат Мирзиëев бошланғич комсомол ташкилоти котиби бўлган пайтда Тошкент Ирригация ва Мелиорация институтида ўқиган¸ асли бухоролик Нодирбек Саиджоновнинг Озодликка айтишича¸ Мирзиëев аввалига “Песняры” Вокал Инструментал ансамбли қўшиқларини¸ кейинчалик эса “Ласковый май” қўшиқларини севган:

“Беларус қўшиқчиси Владимир Мулявин асос солган Песняры гуруҳи ўша пайтда комсомоллар орасида (1983 йилда) роса машҳур эди. Ўша пайтда институт комсорги бўлиб ишлаган Шавкат Мирзиëев ташкил қилган тадбирларда бу гуруҳнинг “Вологда” деган қўшиғи албатта қўйилар эди. Кейин эса Юрий Шатунов ташкил қилган “Ласковый май” Мирзиëевнинг севимли гуруҳига айланди. Ўшанда Шавкат Миромонович шу гуруҳ концертини Тошкентда ўтказиш истаги битилган талаб билан республика комсомол идорасига ҳам чиққан эди"¸ дея эслайди Ўзбекистон бош вазири билан бир институтда ўқиган Саиджонов.

Озодлик суҳбатлашган ва ўзини Евгения Иноятова дея таништирган “Ласковый май” гуруҳининг тошкентлик ишқибози эса Шавкат Мирзиëев Бош вазир бўлганидан кейин ўзини ëшликдаги орзусини амалга оширганини айтади:

“ 2009 йилда Тошкентдаги “Истиқлол” саройида Юрий Шатунов ижодий кечасини ташкил қилиниши Шавкат Мирзиëев туфайли бўлди. Агар у кишини кўмаги бўлмаганда бу тадбир амалга ошмас эди" дейди тошкентлик Евгения Иноятова.

Суҳбатдошга кўра¸ “Ласковый май”нинг ўзбекча варианти бўлган “Болалар” гуруҳи 1992 йилда Шавкат Мирзиëевнинг паноҳида бўлган.

“Мирзиëев 1992 йилга келиб Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимида ишлаган пайтида гуруҳнинг пластинкасини чиқаришга ëрдам берган. Умуман гуруҳнинг илк таркибидаги асосий солист ва продюссер Баҳодир Пўлатовга Шавкат Миромоновичнинг эътибор катта бўлган. Баҳодир Пўлатовнинг прокуратурада ишлайдиган отаси билан Мирзиёевнинг борди- келдиси бўлган. Ўшандан буëн Пўлатовни Мирзиëев қўллаб келади. Шу йил баҳорда Шавкат Мирзиëев Баҳодир Пўлатовни Фарғона вилояти хокимининг янги ўринбосарлигига тайинлагани ҳам бежиз эмас", дейди суҳбатдош.

“Болалар”ва “Ласковый май” қўшиқларини севиши айтилган муваққат президентнинг шу кунларда ҳам “запрет”да қолаëтган Фаррух Зокиров¸ Шерали Жўраев¸ Юлдуз Усмонова¸ Обид Асомов¸ Феруза Жуманиёзова¸ Отабек Мадраҳимов¸ Озода Нурсаидова каби қўшиқчиларга муносабати қандайлиги номаълум қолмоқда.

Билганимиз шуки, муваққат президент Шавкат Мирзиëев Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулазиз Карим концертининг у ëки бу тарзда мамлакатда ўтказилишини истамайди.

Бош вазир хонандага қарши

Таниқли хонанда ва композитор Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулазиз Каримнинг унвонлари жорий йил май ойида шахсан Ўзбекистон Бош вазири талаби билан бекор қилинган эди. Бунга хонанданинг Туркия ватандошлигини олгани сабаб қилиб кўрсатилди. Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасидаги йиғилишда сўзга чиққан Бош вазир Шавкат Мирзиëев Туркия ватандошлигини олган хонанда Абдулазиз Каримни “ватан хоини” деб атаб¸ уни барча унвонлардан мосуво қилинганлигини айтган.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси¸ Ўзбекистон маданият ва спорт вазирлиги ходимлари ва санъаткорлар иштирок этган бу мажлисда қатнашган тошкентлик мулозим исми айтилмаслиги шарти билан Озодликка айрим тафсилотларни айтиб берди:

" Вазирлар Маҳкамасида мажлис бўлди. Мажлисда шахсан Шавкат Миромонович қатнашди. Мажлис бошида ҳар хил мавзуларга тегиб ўтилди. Охирида асосий мавзу Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулазиз Карим ҳақида бўлди. Абдулазиз Карим Туркия фуқаролигини олгани бўйича жуда катта норозиликлар билдиришди. Уни ҳаттоки "ватан хоини" даражасига чиқариб қўйишди. “Туркиянинг Бош вазирига эътироз билдирамиз. Нега бизнинг унвони бор санъаткоримизни фуқароликка қабул қилади”, деган ҳар хил гаплар ҳам бўлиб ўтди. Абдулазиз Карим 2000 йилда олган Ниҳол мукофоти ва 2003 йилда олган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонлари шахсан Мирзиëев томонидан олиб ташланди¸" дейди Ўзбекистон маданият ва спорт вазирлиги мулозими.

Манбанинг айтишича¸ Бош вазир томонидан қўшиқчиларнинг “погонини юлиш” тадбири биринчи марта бўлаëтгани йўқ:

"2010 йилда Шавкат Мирзиëев "Ҳўжа" гурухи солисти Иззат Ибрагимовнинг Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган унвонини олиб қўйган эди. Иззат Мустақиллик байрам дастурининг репетициясига бормагани учун жазоланди. Кейин Иззат ўртага казо-казоларни қўйиб, ялиниб-ëлвориб унвонини қайтариб олган эди"¸ дея эслайди суҳбатдош.

Озода Саидзода Шавкат Мирзиëевга қарши

Ўзбекистонлик таниқли хонанда Озода Саидзода бундан икки йил олдин Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевни судга бериш ҳаракатида эканини билдирган эди.

Озодлик билан суҳбатда хонанда 2006 йилдан буён катта саҳна ва телевидениеда унга қўйилган тақиққа масъул айнан Бош вазир эканини иддао қилган эди.

Шунингдек, хонанда ўз твитларида унинг Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги 8 сотихли ҳовлисида қурилган уйи бузилиш арафасида экани, бунинг ортида эса айнан Бош вазир Шавкат Мирзиёев турибди, деб билишини ҳам таъкидлаган эди.

"ЖАНОБ МИРЗИЁЕВ! Шунча йил умримни дузахга айлантирганингиз КАМми СИЗга? Энди УЙимга ёпишдингизми?? Конун йукми сизга?", деб ёзди хонанда.

Озодлик билан суҳбатда таъкидлашича, Озода Саидзода 2001 йилда катта саҳнадан четлатила бошлаган ва 2006 йилга келиб тамомила саҳнадан олинган.

"Бунинг ҳаммаси Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг буйруғи билан бўлган", деб даъво қилди хонанда.

"Чунки, вақтида мен Шавкат Мирзиёев командасига ишлаш ҳақида бўлган таклифни рад этганман... Буларнинг мақсади Мирзиёевни ҳокимият тепасига олиб келиш... Мен конституцион йўллар билан сайланган президентни тан оламан... Бу давлатдан битта қоғоз олмаганман, ҳатто битта "Ниҳол" мукофоти ҳам йўқ менда. Лекин 20 йил шу давлат учун, шу халқ учун ишладим. Менинг ҳеч қанақа давоим йўқ, депутат бўлиш, давлат одами бўлиш, деган амбицияларим йўқ менинг. Менга фақат эркинлик керак, ижод учун нафас олишим керак, кислород керак, холос... Шунча кутдим, бугунга келиб сабрим тугади. Энди чидолмасам керак," - деб таъкидлади Озода Саидзода Озодлик билан суҳбатда Бош вазир Мирзиёев устидан судга мурожаат қилиш қарори сабабларини изоҳлар экан.

XS
SM
MD
LG