Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:06

Сенат: "Аёллар дафтари" боис эҳтиёжманд хотин-қизлар сони камайди


Олий Мажлис Сенатида йиғилиш
Олий Мажлис Сенатида йиғилиш

Ўзбекистонда Олий Мажлиси Сенатининг таъкидлашича, мамлакатда жорий қилинган "Аёллар дафтари" боис эҳтиёжманд хотин-қизлар сони камайган.

Сенат томонидан Озодлик сўровига жавобан тақдим этилган расмий маълумотларга кўра, ўтган давр мобайнида ярим миллондан ортиқ хотин-қизларга ёрдам кўрсатилган: жумладан, 200 мингдан ортиқ хотин-қиз иш билан таъминланган, 300 мингдан зиёд хотин- қизларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишига эришилган.

Сўнгги пайтларда бу дафтарга киритилган, аммо белгиланган ёрдамни тўлиқ ёки умуман ололмаётганлардан мурожаатлар кўпайиши ортидан Озодлик бу борада Сенатга саволлар билан мурожаат қилган эди.

Расмий жавобнинг тўлиқ матни билан мана бу линк орқали танишишингиз мумкин. Қуйида Сенат жавобидан айрим иқтибослар:

Озодлик: Сенатда, бу дафтарга тушган, аммо ёрдам ололмаётган аёлларни аниқлаш ва назорат қилиш механизми қандай ишлайди?

Жавоб: Ҳар бир хотин-қизнинг муаммоларини аниқлаш қуйидаги (8 та - таҳр.) механизм асосида амалга оширилади:

  • Биринчидан, ҳар йили январь ойи давомида сектор ишчи гуруҳи, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари томонидан маҳаллала йиғинлари раиси ва фаоллари билан биргаликда барча йўналишдаги муаммоларни уйма-уй юриш орқали, шунингдек хотин-қизларнинг мурожаатлари, шу жумладан, хотин-қизларнинг “Аёллар маслаҳат кенгаши”га ва “Аёллар дафтари” ахборот тизими орқали мурожаатлари асосида анкета сўровномаларига орқали муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишлари ўрганилади;
  • Иккинчидан, анкета-сўровномалар тўлдирилгандан сўнг уч кун муддатда хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлик даражаси (тоифаси) аниқланиб, секторлар раҳбарлари ҳамда туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи томонидан уларнинг индивидуал дастурлари шакллантирилади. Мазкур дастурлар ҳар бир аёлнинг эҳтиёжи, муаммосидан келиб чиқиб, ўзининг иштирокида тўлдирилади ва асос сифатида уларнинг шахсий имзолари олинади. Натижада дафтарга киритилган аёллар ўзига қачон қандай ёрдам кўрсатилишидан ҳақида олдиндан хабардор бўлади". (тўлиқ жавоб гиперлинкдаги иловада)

Ҳар бир тоифа бўйича белгиланган ижтимоий хизматлар (амалий ёрдамлар) тўлиқ кўрсатилганда “Аёллар дафтари”дан чиқарилади.

Айтиш керакки, “Темир дафтар”га киритилган оилалардаги хотин-қизлар, фарзанди “Ёшлар дафтари”га киритилган аёллар, шунингдек, илгари “Аёллар дафтари”га киритилиб, бандлиги таъминланган ёки тадбиркорликни йўлга қўйган хотин-қизлар такроран “Аёллар дафтари”га киритилмайди.

Шунингдек, Сенат томонидан келиб тушган мурожаатлар алоҳида назоратга олинган ҳолда ўрганишлар олиб борилади.

Умуман олганда, “Аёллар дафтари” самарали механизм, аввало, узоқ истиқболга йўналтирилган. Бундан асосий мақсад ишлар қоғозда қолиб кетмаслиги, ўз вақтида, пухта бажарилишига хизмат қилади.

Озодлик: Сенат аралашуви билан конкрет неча аёлга уй-жой олиб берилди, тадбиркорлик учун ёрдам берилди ёки иш билан таъминланди?

Жавоб: Сенат томонидан ушбу масалаларда фуқароларнинг, хусусан хотин-қизларнинг ёзма ва оғзаки мурожаатлари қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади ҳамда ваколатли вазирлик, идора ва ташкилотларнинг фаолияти устидан доимий равишда парламент назорати олиб борилади.

Жорий йил май ҳолатига кўра, маҳаллий ҳокимликлар томонидан иккиламчи бозордан 187 та турар-жой сотиб олиниб, ижтимоий дафтарларга киритилган ва уйжойга муҳтож бўлган хотин-қизлар ижтимоий ижара шартлари асосида жойлаштирилди.

“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш
жамғармаси, шунингдек маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан эҳтиёжманд хотин-қизларга турар-жой ижараси тўлови бўйича 400 млн сўм миқдорида компенсация тўлаб берилди. 163 нафар хотин-қизларнинг уй-жойлари таъмирланди. 1 341 та эҳтиёжманд оилага ипотека кредити бўйича субсидия ажратилди.

Озодлик: Сенат тажрибасидан келиб чиқилса, “Аёллар дафтари” жорий этилганидан бери ҳимояга муҳтож аёллар озайдими? Озайган бўлса, айнан нима учун озайди?

Жавоб: “Аёллар дафтари” юритилишининг асосий мақсади – ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, уларни қийин ҳаётий вазиятлардан олиб чиқиш, доимий даромад манбаини яратиш орқали камбағалликдан чиқариш ҳисобланади.

Сенатга тақдим этилган маълумотларга кўра ўтган давр мобайнида “Аёллар дафтари” жорий этилганидан буён шу кунга қадар 97 мингдан зиёд хотин-қизлар тижорат банкларидан имтиёзли кредитлар олган ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаган.

Шунингдек, 200 мингдан ортиқ хотин-қизлар белгиланган тартибда доимий ишга жойлаштирилган. Кўрсатилган манзилли ёрдам ва хизматлар туфайли 300 мингдан зиёд хотин қизларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишига эришилган.

Шу билан бирга, дафтарга киритилган 53 мингдан ортиқ хотин-қизлар меҳнат бозорида талаби бўлган касбларга ўқитилган. 33 мингдан зиёд хотин-қизларга томорқадан самарали фойдаланишга кўмаклашилган.

Мана шу рақамларнинг ўзидан жойларда эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож хотин -қизлар сони камайиб бораётганини кўриш мумкин.

Озодлик: “Аёллар дафтари”да жами 644 849 нафар хотин-қиз бор дейиляпти. Аммо, жойлардаги ҳокимликлар асл рақам бундан бир неча ўн баробар кўплигини тан олмоқда. Дафтарга кирмаган аёллар билан қандай ишланади ва бу борада қандай конкрет механизм бор?

Жавоб: Белгиланган тартибга кўра “Аёллар дафтари” га 30 ёшдан ошган:

  • биринчидан – ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар;
  • иккинчидан – тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар;
  • учинчидан – боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар;
  • тўртинчидан – ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган,
  • шунингдек, тезкор тиббий муолажага муҳтож хотин-қизлар;
  • бешинчидан – уй-жойга муҳтож хотин-қизлар;
  • олтинчидан – қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд
  • хотин-қизлар киритилади.

Дафтарга киритилган хотин-қизларга “индивидуал дастур” шакллантирилган ҳолда тегишли ёрдамлар кўрсатилади.

Бугунги кунга қадар “Аёллар дафтари”ни шакллантириш мақсадида тузилган ишчи гуруҳлар томонидан барча ҳудудларда уйма-уй юрган ҳолда хонадонларда хатлов ўтказилиб, 6,5 млн нафардан зиёд хотин-қизлар билан мулоқот қилинган.

Ҳозирги вақтда мамлакатимиздаги барча хотин-қизларнинг (17 млн 607 минг нафар) анкета-сўровномалари тўлдирилиб, мазкур платформага киритиш ишлари якунлаш арафасида турибди.

Ушбу баланс шакллантирилгандан кейин, ижтимоий дафтарларга, “Ижтимоий
ҳимоя ягона реестри”га киритилмаган аммо муайян муаммога эга бўлган хотин-қизлар билан ишлаш бўйича маҳаллалар кесимида алоҳида йўл хариталари ишлаб чиқилади ва тегишли чоралар кўрилади.

Бу масалалар Олий Мажлис Сенати ва Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини
ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича Республика комиссияси томонидан назорат қилиб борилади.​ ​(Олий Мажлис Сенатидан олинган расмий жавоб матнидан иқтибослар тугади- таҳр.)

-----------------------------

ТАҲРИРИЯТ: Озодлик "Аёллар дафтари" га киритилгани, аммо давлатдан тегишли ижтимоий ҳимояни ололмаганини айтган эҳтиёжманд хотин-қизлар ҳақида қатор мақолалар ва видеодастурларни ҳозирлаган.

Озодлик гаплашган “Аёллар дафтари”га масъул расмийлар, аслида эҳтиёжманд аёллар сони, аҳолиси 35 миллиондан ошган Ўзбекистонда расман айтилгани каби 644 мингдан зиёд эмас, балки бундан бир неча баробар кўп экани, аммо уларга ажратилаётган маблағнинг жуда оз, баъзан жуда кеч эканини тан олмоқда.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан, “Аёллар дафтари”га киритилган эҳтиёжманд хотин-қизлар учун ажратиладиган маблағ миқдорини амалда - шахсан ҳоким ва шахсан сектор раҳбарлари белгилаётгани ҳам танқид қилинмоқда.

Ўзбекистонда пайдо бўлган бундай янгича тизимни ташкил қилиш ташаббуси - шахсан президент Шавкат Мирзиёевга тегишли.

Бундан ташқари, бюжджет тақсимоти бўйича катта ваколатлар бериб қўйилган - ҳокимлик ва секторларга бўлиб бошқаришдек вертикал услубнинг ўзи - бугунги Ўзбекистонда янгича бошқарувнинг танқидларга кўмилган, ҳуқуқий нормаларга зид воқелиги бўлиб қолмоқда.

Айрим экспертлар, Мирзиёев камбағалликни қисқартириш важи билан йўлга қўйган "дафтарлар" сиёсатини сегрегацияга асосланган тубдан нотўғри сиёсат, дея баҳолайди.

XS
SM
MD
LG