Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:15

“Сен билан ажрашгандан сени ўлдирганим афзал”. Россиядаги маиший зўравонлик


Маиший зўравонлик – Россия жамиятида ҳам оғриқли муаммолардан биридир. Бундай зўравонликка қарши кураш тўғрисидаги қонунни ёқлаб қарийб бир миллион одам петицияга имзо чеккан бўлса-да, у ҳануз қабул қилингани йўқ. Токи жабрдийдаларда қўриқлаш ордерига ўхшаш ҳимоя воситаси бўлмас экан, зўравонлар қўлига эрк бераверади. Чунки полиция “оилавий жанжал” эр-хотиндан бирининг ўлими билан тугаган ҳоллардагина жиноят иши очишга ҳақли. Тизим бузуқлиги сабабли тажовузкор эрни ташлаб кетишга ва жавобгарликка тортишга ҳаракат қилувчи аёллар анқонинг уруғи. “Север.Реалии” мухбири шундай аёллардан бири билан суҳбатлашди. Шунингдек, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи жамоат ташкилотларининг муаммо юзасидан фикрларини ўрганди.

Татьяна Митюшкина яқиндагина мия чайқалиши ва кўплаб тан жароҳатларидан даволаниб чиққан. Эри дўппослагани ортидан бир ҳафта касалхонада ётган.

“Охирги марта урганида қўлимдаги уч литрли банка ерга тушиб синди. Шунда у мени полдаги шиша синиқлари устига босиб уракетди. Томоғимдан бўғаркан: “Ўлдираман сени!” деб бақирарди. Осон қутулдим, тасодифан омон қолдим”, дейди аёл.

Татьяна Митюшкина
Татьяна Митюшкина

Қўшнилар чақириғи билан етиб келган полиция Павелни “лоақал икки соатга” олиб кетиш учун ҳам асос топа олмаган.

“Полиция билан изма-из келган тиббий тез ёрдам шифокори яра-жароҳатларга малҳам қўйди. Улар кетгач ҳаммаси қайта бошланди”, давом этади Татьяна.

Эр-хотин 27 йилдан бери бирга. Икки қизлари бор. Татьяна эрининг зуғумларига жуда узоқ тоқат қилгани учун ўзини айбдор санайди. Айни чоғда ўртада ёш фарзандлари борлиги ҳамиша оёғига тушов бўлганини айтади. Аммо сўнгги йилларда сабр косаси тўлиб, ажрашишга қатъий қарор қилган ва муддаосини Павелга очиқ сўзлаган.

“Сен билан ажрашгунча, ўлдириб қўяқолганим яхши”, дер эди ҳар сафар у. Ҳозир ҳам, мени уйдан кетишга мажбур қилади‑ю, лекин ажрашишга тиш-тирноғи билан қарши – ўртада мол-мулк бор-да ахир, бўлинадиган нарсаларимиз оз эмас”, дейди аёл.

Татьянанинг айтишича, у йиллар бўйи эридан шафқатсиз муомала кўради. Фақат охирги олти ой давомида у полицияга камида ўн марта арз қилган, лекин ҳеч қачон улардан етарлича эътибор кўрмаган. Баъзи ҳолларда ҳатто унинг ўзини айбдор қилишга уринишган, гўёки калтак егани ҳақида ёлғон хабар бергани учун полиграфда текшириш билан дағдаға қилишган!

“Полициямизнинг маиший зўравонлик профилактикаси жабрдийда билан зўравондан тушунтириш олишдан иборат холос, – дейди Татьяна куюниб. – Ҳар ҳафта бориб ялинаман: Чора кўринглар, ахир!.. Келишади, эримдан тушунтириш хати олишади. Тамом! Зўравонга чора кўриш йўқ, шунинг учун ҳам у баттар тажовузкор бўлиб боряпти. Февралда ҳам уриб, бутун аъзои баданимни моматалоқ қилиб ташлаганди. Полиция эримга қарши маъмурий иш очишга ваъда берди, лекин сўзида турмади. Хусусий-оммавий тартибда жиноий иш қўзғатиш тўғрисида ариза ёзиб, суд орқали иш очдиришга эришдим, аммо ҳали эрим жавобгарликка тортилгани йўқ. Полиция ҳатто зарур ҳужжатларни ҳануз судга юбормаган!”

Хусусий-оммавий айбловда маиший зўравонлик жабрдийдаси давлатнинг ёрдамига умид қила олмайди: суд-тиббий текшируви, судга ариза тайёрлаш каби процессуал ишларни бажариш учун адвокатлар ва бошқа мутахассисларга у ўз ёнидан ҳақ тўлаши лозим.

Татьяна айниқса фарзандларидан хавотирда эканини, чунончи, 12 ёшли қизининг руҳий мувозанати бузилганини айтади. Унга кўра, қизалоқ ота-онасининг можаросида отаси тарафини олиб, сўнгги пайтларда Татьянага қўполлик қила бошлаган, ҳатто қўл кўтаришгача борган!

“Ҳозир бор фикр‑хаёлим қизим билан муносабатимизни йўлга солиш, ахир у жигаримнинг бир парчаси-ку, – дейди аёл. – Уйимда телба яшаяпти. Мен уни жиноий жавобгарликка тортиб, оталик ҳуқуқини чеклатмоқчиман. У ҳам ётиб қолгунча отиб қолмоқчи: мени жиннига чиқаришга ҳаракат қиляпти. Бизда маиший зўравонликни ўз вақтида бартараф этадиган тизим йўқ. Полициянинг лоқайдлиги, керак бўлса, арз-дод камайсин учун сенинг ўзингдан кир қидириши асабларимни жунбушга келтиради. Уларнинг реакцияси эримнинг қўл-оёғига куч бермоқда. Жазоланмаслигини кўриб-билиб турган зўравон асло тийилмайди. Бизнинг давлат маиший муаммога қарши курашмоқчи эмас. Аксинча, тупургани бор! Зўравонлик бизнинг миллий ғоямизга айланган!”

Татьяна ажрашишга ва мол-мулкни бўлишга ариза бергач, суд қарор чиқарган ва бу қарор 1 июндан кучга кириши керак. Павел эса ўз навбатида, ярашиш учун муҳлат сўраб илтимоснома ёзибди.

“У шунчаки вақтни чўзяпти. Нияти – мени руҳий хасталар касалхонасига ётқизиш. Суднинг ажрим қарори устидан юқори маҳкамага шикоят ёзса ҳам ажабланмайман”, дейди Татьяна.

“Ҳаммаси даврий”

2017 йилда Россияда оиладаги калтаклаш ҳолатлари жиноят таснифидан чиқарилган эди. Ўшандан бери маиший зўравонлик сезиларли даражада ўсди. Ҳар йили жуфтининг жисмоний тазйиқидан 16.5 миллион нафардан ортиқ аёл азият чекади.

Аёлларнинг “Сен ёлғиз эмассан” ўзаро ёрдам тармоғига кўра, бугунги кунда давлат қурбондан кўра зўравонни кўпроқ муҳофаза қилади, чунончи, уларга бепул адвокат беради, жабрдийдалар эса аввало зўравонликдан жабр кўрганини исботлаб беришлари лозим.

Жабрдийдаларнинг ҳаммаси ҳам ўз аҳволи ҳақида очиқ гапира олмайди. Татьяна каби, тажовузкорни қамашга жазм қила оладиган жасур аёллар жуда кам.

Афсуски, эрининг “энди ўзгардим, энди урмайман” деган гапига учиб, унинг ёнига қайтадиганлар кўп учрайди. “Биз оиладаги зўравонликка қаршимиз” жамоат ташкилоти раҳбари Елена Зеленинага кўра, 80 фоиз ҳолатларда аёл зўравон эри ёнига қайтади.

“Шунақа пайтларда хафа бўлиб кетаман. Аёлни, болаларини ўйлаб катта ишни бажарамиз. Баъзан оғир аҳволдаги аёллар учун хайрия акциялари уюштирамиз. Сўнг қаерга элтиб берайлик деб сўраш учун қўнғироқ қилсак, “Уйга келтириб бера қолинглар, мен эримникидаман. Ярашдик, унга имконият бердим”, деган жавоб бўлади. Эътироз билдирмоқчи бўлсам, оғзимга уришади: “Сиз нимани ҳам тушунардингиз, биз бир-биримизни яхши кўрамиз. Ишингиз туфайли бизга бошқа кўз билан қарай олмайсиз, худди роботга ўхшаб қолгансиз!” Бўшашиб, гўшакни қўяман. Аммо биламанки, бир ой, икки ой ўтиб у қўнғироқ қилади. Бу аниқ. Ҳаммаси қайта бошдан такрорланади. Вақти келиб, менга полициядан хабар қилишади: “Эридан калтак еган бир хоним сизни сўраяпти...” Борсам, кўкариб кетган таниш ангорни кўраман. “Айтганингиз бўлди, яна урди. Келиб, ариза бердим”, дейди ер сузиб...”, ҳикоя қилади Зеленина.

Елена Зеленина
Елена Зеленина

У жамоатчилик ишини ташлаб кетишга уч марта уриниб кўрганини ва, гарчи бутун жисмоний ва руҳий қувватини “сўриб олаётганига” қарамай, ҳар гал қароридан қайтганини айтади. Ўз таъбирича, “золим эри ёнига қайтиб бормайдиган 20 фоиз унга умид беради”.

“Ишим оғир. Гоҳо менга ҳам бўлади таҳдидлар. “Нима бало, жонингдан тўйганмисан”, дейишади. Аммо биз нима учун курашаётганимизни яхши биламиз. Зўравондан халос бўлиб, янги турмушида бахтини топган аёлларни кўрсам, барча дилхираликларни унутаман”, дейди мазлумалар ҳимоячиси.

“Жарима тўлаб, яна келаман”

Жабрдийда зўравон ёнига қайтишга мажбур бўлишининг ўртадаги умумий ришталардан бошқа сабаби ҳам бор. Эрни буткул ташлаб кетиш баъзан аёл учун ўлим ҳукми бўлиши мумкин...

Ўтган йили ноябрда Неман туманида (Калининград) бир эркак бирга яшайдиган аёлини дўконда сўйиб ташлади. 13 еридан пичоқ еган аёл ўша ернинг ўзида ўлган. Эркак муттасил дўппосласа-да, у бир марта ҳам полицияга арз қилмаган экан. Марҳума атиги 21 ёшда бўлган.

Яна бир эркак куппа-кундузи, кўчада аввал собиқ хотинини, кейин ўзини отиб ўлдирган. Улар ажрашишганига қарамай эркак зуғумини давом эттирган, бир неча марта таҳдид қилган. Аёл ариза устига ариза ёзса-да, полиция чора кўрмаган.

Бунақа ҳолатлар ҳар қадамда учрайди.

Яна бир аёлни собиқ эри уч йилдан буён таъқиб қилади. Уйига келиб пичоқ ўқталар, урар, дағдаға қилар ва эшик-деразаларини синдириб кетаркан.

Кунларнинг бирида қаҳвахонада болалари ва дугонаси билан ўтирганида кўриб қолиб, ўласи қилиб калтаклаган. Аёл бир талай жароҳат ва мия чайқалиши билан касалхонада ётқизилган. Унинг полицияга берган ўнлаб аризаси натижасиз қолмоқда. Ўша воқеадан кейин ҳам қаҳвахонага полиция келган, лекин жиноят иши қўзғатишдан бош тортган экан.

Ҳозирги шароитда полиция нари борса РФ ЖКнинг 119-моддаси (“Ўлдириш билан таҳдид қилиш”) бўйича иш очиши мумкин, лекин бунақаси кам учрайди.

“Қўлларидан нимаям келарди, жуда бўлмаса 500 рубл жарима солишар. Тўлайман‑у ёнингга қайтаман”, дер экан юқорида эслаганимиз зўравон эркак.

Change.org сайтидаги петицияда 920 минг киши маъқуллаган, маиший зўравонликка қарши кураш тўғрисидаги қонун лойиҳасида зўравонлик қурбонларини ҳимояга олиш, жумладан, уларга қўриқлаш ордерлари бериш назарда тутилган. Зўравон GPS-трекер тақиб юришга мажбур қилинади ва, агар у қонун белгилаган чегарадан ўтса, қурилма полицияга хабар жўнатади.

“Маиший зўравонлик ҳақида қонун 156 мамлакатда аллақачон қабул қилинган. Умид қилардикки, Россия амалдорлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ҳам бу муаммога тузукроқ эътибор берсалар. Шунда қурбонлар, шу жумладан, жабрдийда болалар анча камайган бўлур эди”, дея орзу қилади Зеленина.

XS
SM
MD
LG