Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:53

Ҳужжат: "Саховат ва кўмак" фондига ойликнинг бир қисмини ўтказиш мажбурий тус олди!


"Саховат ва кўмак" жамғармасидан тарқатилаётган ёрдам, апрель, 2020
"Саховат ва кўмак" жамғармасидан тарқатилаётган ёрдам, апрель, 2020

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан очилган "Саховат ва кўмак" жамғармаси учун давлат ва жамоат ташкилотлари ишчиларидан, Вазирлар Маҳкамаси фармойиши билан ёппасига пул йиғилмоқда.

6 май кун Озодликка нусхаси йўлланган ҳужжатда, Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига асосан, пул йиғимларини кенг кўламда таъминлаш сўралган.

Кейинги икки ҳафта ичида Озодликка республикадаги турли ташкилот ишчиларидан ойлик маошининг раҳбарлар белгилаб берган қисмини жамғармага ўтказишга мажбурланаётгани ҳақидаги кўплаб хабарлар келмоқда.

Хизмат хати

Озодликка келиб тушган ҳужжат - 29 апрель санаси билан Навоий вилоятидаги Марказий кон бошқармаси (МКБ) раҳбарларига йўлланган Хизмат хатидир.

Хизмат хатига: "Саховат ва кўмак" жамғармасига беғараз ёрдам" деб ном берилган.

Ҳужжатга МКБ кадрлар бўлими раҳбари А.Т.Хамидов имзо чеккан.

Унда Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 22 апрелдаги 213-ф сонли фармойишига асосан, ташкилот раҳбарларига, аввало ишчилар орасида "тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш" кейин эса "ихтиёрий равишда" бу жамғармага "пул ўтказиб бериш сўралган".

Бу фармойиш билан Ўзбекистонда "Саховат ва кўмак" жамғармаси ташкил этилган.

"Ушбу фармойишнинг ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида Сиз раҳбарлик қилаётган бўлинма ишчи ходимлари ўртасида тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориб, ихтиёрий равишда қайднома асосида ушбу жамғармага моддий маблағ ўтказишингизни сўраймиз", дейилади ҳужжатда.

Ушбу Хизмат хати мазмунидан, ишчилардан қайднома - пулни ўз розилиги билан бераётгани ҳақидаги имзо ва ишчилар рўйхати асосида фондга маблағ ўтказиш сўралаётганини тушуниш мумкин.

6 апрель куни Озодликка йўлланган Хизмат хати нусхаси, 2020
6 апрель куни Озодликка йўлланган Хизмат хати нусхаси, 2020

Ҳужжат остига эса қуйи бўғиндаги раҳбар "кўлам таъминлансин" мазмунида имзо чеккан ва 30 апрель санаси билан қабул қилиб олганини қайд этган.

Озодлик ҳужжатда номи қайд этилган мутасаддиларга боғланишга уринди.

Комбинат қабулхонасида телефон гўшагини кўтарган ходим фонд учун хайрия пуллари йиғилаётганини тасдиқлади, аммо қўшимча маълумот олиш учун раҳбарлар билан боғланишни тавсия этди.

Бу ходим берган телефон рақамлари орқали ҳозирча маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Комбинат ишчиларининг маоши ёппасига ушлаб қолинмоқда

Озодлик мана шу Хизмат хати асосида ойлик маошининг 20 фоизини "Саховат ва кўмак" жамғармасига ўтказиб берган ишчилардан бирининг аëли билан гаплашди.

Аёлнинг турмуш ўртоғи Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳридаги Навоий тоғ-кон металлургия комбинатида ишлайди.

Исми ошкор қилинмаслигини сўраган аёлнинг Озодликка айтишича, 5 май куни эри билан бир бўлинмада ишлаётган ҳар бир ишчига "Саховат ва кўмак" жамғармасига ойлик маошининг раҳбар белгилаб берган қисмини ихтиёрий равишда ўтказиб бераётгани ҳақидаги қоғозга мажбуран қўл қўйдирилган.

(Аёл эрининг шахси ва у ишлайдиган бўлинмага оид маълумотларни ҳам ошкор қилмасликни сўради - таҳр.)

"Менинг эрим ўз ихтиёрим билан 1 миллион сўм ойликни ўтказиб бераман, деб қўл қўйиб берибди. Яна 10 миллиондан ошиқ ойлик оладиганлар бор экан, улардан 3 миллион сўмдан ўтказиб берасизлар, дейишибди. Марказий Кон бошқармасидан хат келибди. Сизлар катта комбинатда ишлайсизлар, ойликларинг катта, шунинг учун 1 миллиондан 3 миллион сўмгача пул ўтказасизлар, деб мажбурлашибди", деди бу аёл.

Суҳбатдошнинг айтишича, айни комбинат ишчилари март ойидаги маошидан ҳам 1 кунлик иш ҳақини Наврўз ҳашари учун, яна бир кунлик ҳақини карантиндан қийналганлар учун мажбурий-ихтиёрий равишда эҳсон қилишган:

"Энди эса 1 миллион сўмга чиқди. Яна раҳбарлари айтишибдики: "Мамлакатда вазият оғир, бу ҳозирча бошланиши, яна йиғимлар бўлиши мумкин, юртга шу кунда ёрдам бермасанглар, қачон ёрдам берасизлар?" деган гапларни қилишибди. Норози бўлганларни муаммо топиб, ойлигини кесиш билан қўрқитишган. Бу энди инсофсизлик! Телевизорда айтяптику, жабрланганларга ёрдамни давлат ўз бюджетидан қоплаяпти, деб. Бу комбинатда эртадан кечгача чанг ютиб ишлаган ишчиларнинг пулини нега йиғишяпти, қайси ҳақ билан йиғяпти? Бу саволларга ҳеч ким жавоб бермайди".

Суҳбат якунида бу аёл Ўзбекистоннинг бошига келган оғир кунда ёрдамга ҳозирлиги, аммо хайриянинг мажбурий тарзда, қўрқитишлар билан, бунинг устига раҳбарлар белгилаб берган суммада ёппасига йиғиб олишини асло маъқулламаслигини алоҳида қўшимча қилди. ​

НГМК да 10 минг ишчи бор

Навоий кон-металлургия комбинати 1958 йилда Учқудуқда топилган уран захираларини қазиб олиш ва қайта ишлаш учун ташкил этилган.

Расмий сайтида қайд этилишича, ҳозирда комбинатда 20 га яқин бўлинма бор ва бу бўлинмаларда 10 мингдан ортиқ олий маълумотли ходим ишлайди.

Бунча сондаги ходимлар маошининг 20 фоизини мажбурий-ихтиёрий ушлаб қолиниши борасида корхона раҳбариятидан бирор изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

"Саховат ва кўмак" фондига ёппасига пул йиғилмоқда

"Саховат ва кўмак" жамғармаси ҳукумат қарори билан шу йилнинг 22 апрелида очилган.

Бундай фондни очиш ташаббусини ўша куни ўтган селекторда президент Мирзиëев илгари сурган ва мамлакатдаги тадбиркорлар ҳамда бошқа саховатпеша инсонларни бу фондга хайр қилишга чақирганди:

- Шу маънода, улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий бобомизнинг “Саховатли инсоннинг бошига жаннат дарахтлари соя солади” деган сўзларида чуқур ҳикмат бор, албатта.

Мен, мана шу ташаббусни чин дилдан қўллаб-қувватлаб, бу савобли ишга муносиб ҳисса қўшаётган барча ватандошларимизга, саховатли тадбиркорларимизга муқаддас китобларимизда айтилган: “Яхшиликнинг мукофоти – фақат яхшиликдир”, деган гапни яна бир бор эслатмоқчиман.

Жамғарма пуллари эҳтиёжмандлар, карантин боис ўз даромадини йўқотган вақтинча ишсиз фуқароларга пул маблағлари ёки кундалик истеъмол товарлари шаклида берилиши айтилган.

Фонд "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ҳузурида ташкил этилган. Унга йиғилган пулларни эса "Маҳалла" фонди Васийлик кенгаши ҳамда вилоятлар, туманларда халқ депутатлари кенгашлари тақсимлаб беради.

Вазирлар Маҳкамаси фармойишида ушбу фонд маблағлари "ҳомийлик ва хайрия маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, маҳаллий бюджетлар даромадининг режадан ортиқ бажарилишидан тушган маблағларнинг бир қисми ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилиши" айтилган эди.

Сўнгги икки ҳафта ичида "Саховат ва кўмак" жамғармасига мамлакат миқёсидаги турли давлат ва жамоат ташкилотлари ишчиларидан мажбурий равишда пул йиғимлари кўпаяётгани ҳақида Озодликка кўплаб шикоятлар келмоқда.

Шикоятларда кўмак ихтиёрий равишда йиғилмаётгани, аксинча, раҳбарлар маълум бир суммани белгилаб олиб, ишчиларнинг барчасидан ўша суммани фондга ўтказиб беришни талаб қилаётганидан норозилик билдирилмоқда.

Ташклотлар раҳбарлари эса бундай йиғимлар ортидан расмий тармоқларда "Ишчиларимиз ўз ихтиёри билан бир кунлик ойлигини ўтказиб берди", деган ҳисоботларни тақдим қилмоқда.

Бу борадаги бошқа тафсилотларни Озодликнинг жонли блогида ўқинг:

XS
SM
MD
LG