Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:31

Сардоба фалокати ортидан бошпанасиз қолганлар уйлари ўрнида уй қуриб берилиши талабидан қайтмоқчи эмас


Сардоба туман Дўстлик маҳалласидаги уйлар¸ тўғон бузилиши ортидан келган тошқин сабаб шифтигача сувда қолди.
Сардоба туман Дўстлик маҳалласидаги уйлар¸ тўғон бузилиши ортидан келган тошқин сабаб шифтигача сувда қолди.

Сирдарë вилоятининг Сардоба туман Дўстлик МФЙ да жойлашган 28 та коттеж эгаси ҳукумат комиссияси томонидан “яроқсиз” деб топилиб¸ бузишга берилган уйлари ўрнида уй қуриб берилишини талаб қилишда давом этмоқда.

Норозилар билан 9 июнь кунги учрашувда туман ҳокими бу талабни ижро этиш ваколатига эга эмаслигини айтиб¸ уни республика раҳбарлари¸ хусусан¸ Қурилиш вазирига етказишни ваъда қилди.

Айни пайтда¸ бу талабга Ўзбекистон Қурилиш вазирлиги Озодликка билдирган муносабатдан унинг амалга ошиш эҳтимоли ҳозирча йироқ экани англашилади.

Сардобадаги норозилик

8 июнь куни Озодлик Сардоба сув омборидаги техноген фалокат ортидан бошпанасиз қолган бу оилаларнинг президент ва Ўзбекистон халқига бу талаблари амалга ошишида ëрдам сўраб қилган видеомурожаатини очиқлаган эди.

Сардобаликлар мурожаати
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:58 0:00

Ўша куни Сардоба туман ҳокими Абдуазим Хидиров уйининг бузилиб¸ ўрнига янги қуриладиган беш қаватли уйлардан 3 хонали квартира берилишига рози бўлмаëтган 28 ҳовли эгаси билан учрашди.

Сардоба туман ҳокими Абдуазим Хидиров сум омбори тўғони бузилиши ортидан сув босган Дўстлик МФЙда жойлашган 28 хонадон эгалари билан 8 июнь кунги учрашувда¸ эртасига тегишли идоралар вакиллари билан келиб¸ эътирозларга жавоб беришни ваъда қилган эди.

9 июнь куни ўз ваъдасида туриб норозилар билан учрашувга келган Хидиров¸ бузишга тушган уйлар ичкарисига кириб¸ эгаларига уларнинг яроқсизлигини тушунтиришга уринди.

Бузишга тушган уйлар ичини текшириш давомида ҳоким ëнида бўлганлардан бири¸ бу ерда бўлган гап-сўзлар мазмуни ҳақида Озодликка шундай хабар берди.

Бу уйлар чуқурликда экан. Сув потолоккача етган. Мутахассислар асос плитага зиëн етган¸ зилзилабардошлиги йўқ¸ деб хулоса берган. Бу плитани олса¸ бутун уй кетади. 28 та уй яроқсиз бўлиб қолган. Ўзларингиз ҳам кўриб турибсизлар яроқсизлигини”¸ деди ҳокимнинг ëнида келганлардан биттаси”¸ деди учрашув қатнашчиларидан бири.

Озодлик суҳбатдошларининг айтишича¸ бир нечта коттежни кўздан кечирган Сардоба ҳокими яроқсиз уйлар ўрнида уй қуриб бериш бўйича қарор чиқариш ваколатига эга эмаслигини эътироф қилган.

Учрашув қатнашчилари таъкидича¸ туман ҳокими бу масалада қарор бериш айни кунларда Сирдарëда хизмат сафарида юрган Ўзбекистон Қурилиш вазири Ботир Зокиров ва унинг 1-ўринбосари Шерзод Ҳидоятовга боғлиқ эканини айтган.

Ҳокимнинг гапи шу бўлди : Қурилиш вазири ҳам¸ унинг ўринбосари Шерзод Ҳидоятов ҳам шу ерда. Улар келсин. Одамларнинг талабини биз уларга етказайлик. Масалани қўяйлик¸ ремонт қиламизми¸ бузамизми¸ нима қиламиз. Кейин сизлар билан бамаслаҳат бир тўхтамга келайлик. Ҳозир сизларга ëлғончи бўп турибман¸ ГосИннинг (давлат инспекцияси) болалари келиши керак эди¸ лекин Тошкентдан бу группа келгани учун улар ҳозир вазир билан учта районни кўриб чиқяпти. Келмайдиган бўлса¸ хат билан чиқамизда¸ халқнинг талаби шундай бўляпти¸ деб официалний билдирамиз”, деди 10 июнь куни Озодликка боғланган учрашув қатнашчиларидан бири.

Бундай қарорсизлик¸ айниқса¸ ҳокимият вакилларининг “бу табиий офат¸ ҳеч кимда айб йўқ!” деган гапидан тоқати-тоқ бўлган аëллар¸ учрашув қатнашчиларининг айтишича¸ ҳоким ва у билан бирга келган расмийларга баланд овозда эътироз билдиришга ўтган.

Бу ҳеч қанақа табиий офат эмас. Сув омборини қурганларнинг касрига биз қолиб ўтирибмиз. Биз домга бормаймиз. Тирикчилигимиз битта молнинг¸ товуқнинг орқасидан ўтиб келган¸ домда қандай кун кўрамиз. Бир умр қора меҳнат билан олган уйимиздан айрилдик. Неча кундан бери домга бормаймиз деб норозилик қиляпмиз¸ яна келиб бизга "дом берамиз"¸ деб гапирасизлар. Халқни дардини тушунмайсизлар. Уйимизни қуриб берасизлар¸ бегуноҳ халқни рози қиласизлар! Биз тамом бўлдикку! Қолган умримизни домда ўтказишни хоҳламаймиз. Қуриладиган домга ҳоким хотини билан чиқиб ўзи яшасин. Дом билан коттежнинг фарқига бормайдиган раҳбарлар керакмас бизга!”¸ дейди Озодликка учрашувдан юборилган аудиоëзувда йиғлаб туриб баланд овозда гапирган аëллар.

Вайрон бўлган уй
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:43 0:00

7 июнь куни эгаларига айтмай туриб бузиб ташланган коттеж вайроналари.

Бу эътирозларга жавобан Сардоба туман ҳокими билан келган мулозимлардан бири¸ “президент кўряпти¸ комиссия ишлаяпти¸ сабр қилинглар”¸ дейиши ортидан аëллар “бир ярим ой ўтди¸ нега ҳозиргача жавоб бермади¸ нега уйимизни қуриб беришни исташмаяпти¸ домга чиқмаймиз”¸ деб жавоб қилади.

Бу тўполондан кейин Сардоба туман ҳокими Абдуазим Хидиров тўпланганларнинг бузиладиган уйлари ўрнида уй қуриб бериш талабини қабул қилиш ўз қўлида эмаслигини айтиб¸ яна уч кун вақт сўраган.

Ҳокимнинг охирги гапи¸ “уч кун муддат беринглар” деган мазмунда бўлди. Одамларга уйларингиз бузилмайди¸ вақтинча яшаб турган жойларингизга қайтинглар”¸ дейилди. Бу ерда ўтиришдан фойда йўқ. Охрана қўйилади¸ бирорта бегона одам кирмайди. Ҳеч ким ҳеч нарсага тегинмайди¸ деган ваъдалар бўлди. Лекин одамлар барибир ишонмайди. Саккизта уйни эгасига айтмай буздириб ташлаган ҳокимиятга ишониш қийин”¸ деди Дўстлик МФЙ даги уйи бузилишга тушганлардан бири.

Қурилиш вазирлиги жавоби

Озодлик 9 июнь кунги учрашувда “қарор бериш ваколатига эга” деб тақдим қилинган Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятовдан Сардоба туман Дўстлик МФЙдаги 28 та яроқсиз деб топилган коттеж эгалари талабига муносабат сўради.

Озодлик ëзма сўровига Шерзод Ҳидоятовдан келган жавобдан¸ Дўстлик МФЙдаги 28 та коттеж эгасининг бузиладиган уйи ўрнида янги уй қуриб бериш талабининг қондирилиш эҳтимоли ҳозирча йўқлиги кўрилади.

Сардоба тумани “Дўстлик” МФЙда яшовчи бир гуруҳ юртдошларимиз томонидан бўлган видеомурожаат бўйича шуни айтишимиз мумкинки, шу кунгача ўтказилган ўрганишлар давомида учала туманда талофат кўрган хонадонлар 4 435 та, шундан 2 390 та яроқсиз ва 2 045 таси таъмирталаб ҳолатда эканлиги аниқланган. Мурожаатда айтилган, яъни “Дўстлик” маҳалласидаги ушбу уйлар мутахассислардан ташкил топган ишчи гуруҳлар томонидан чуқур ўрганиб чиқилди ва яшаш учун яроқсиз, деб топилган. Сабаби, сув тошқини натижасида уйларнинг темир-бетон конструкцияларида ўзгаришлар бўлган. Улар жойидан силжиган. Чунки, мазкур уйлар пастликда жойлашган бўлиб, кўп зиён кўрган. Уйларнинг пойдеворларида чўкиш ва ёриқлар кузатилган. Қолаверса, лойиҳа институтлари томонидан ҳам ҳар бир уйнинг холати чуқур ўрганиб чиқилиб, ҳулосалар берилди. Яшаш учун яроқли бўлган барча хонадонлар сақлаб қолинди. Улар қурилишдаги янги ва энергия тежамкор технологияларни қўллаган холда, замонавий кўринишга келтирилмоқда. Томорқалар масаласига тўхталадиган бўлсак, ер майдонлари олдин яшаб келган хонадон эгаларига бириктирилади. Ҳеч ким улардан ерларини олиб қўймайди. Бемалол фойдаланишлари мумкин. Айни кунларда мазкур хонадон эгалари учун ҳудудга яқин жойдан кўп қаватли уй-жойлар қуриляпти. Ундан ташқари уларга 40 миллион сўмдан моддий ёрдам пули ҳам ажратилди. Қолаверса, маиший техника учун сертификатлар ҳам топширилди”¸ дейилади расмий жавобда.

"Талабимиздан қайтмаймиз!"

Сардоба туман ҳокими Қурилиш вазирлиги раҳбарлари билан Дўстлик МФЙдаги 28 та коттеж тақдирини ҳал қилиш бўйича гаплашаëтган бир пайтда¸ бу уй эгалари ўз талабидан чекиниш нияти йўқлигини айтмоқда.

Домга чиқариб¸ олдинги еримизни хатлаб берсаям кўнмаймиз. Яна ҳовли қуриш учун қолган умримизни сарфлаймизми? То уйимиз ўрнида уй қуриш ҳақида қарор чиқмагунча¸ буздирмай ўтирамиз. Кўчамиз ҳозир қабристонга ўхшаб ётибди¸ шу ҳолича қолдирмаслик учун каттароқ раҳбар келар ахир музокара учун¸ ахир халқнинг талабини қабул қиладиган раҳбар чиқиб қолар! Бўлмаса¸ халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига мурожаат қиламиз! Сардобанинг касрига нега айбсиз одамлар қолиши керак!”¸ деди 10 июнь куни Озодликка боғланган норозилардан бири.

1 май кунги Сардоба техноген фалокати юзасидан тузилган республика махсус комиссияси қарори билан Дўстлик МФЙга киришда жойлашган икки кўчадаги 28 та коттеж яшашга яроқсиз деб топилган. Эгалари 1 майдан бери ҳар қаерда сарсон бўлиб юрган бу уйлардан 8 таси 7 июнь куни мулк эгасини огоҳлантирмай туриб бузиб ташланди.

Ҳокимият бузилган ва бузиладиган тўрт хонали коттеж ўрнига айни МФЙ ҳудудида қуриладиган беш қаватли уйлардан уч хонали квартира ваъда қилмоқда. Шунингдек¸ ҳозирча бирор ҳужжат билан кафолатланмаган ваъдага кўра¸ бузилган коттежлар жойлашган 6 сотихлик ер ҳам ўз эгаларида қолдирилади.

1 май куни Сирдарë вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши ортидан Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида¸ расмий ҳисоб-китобга кўра¸ 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган¸ 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган. Махсус комиссия қарори билан уйи бузилган ëки шикастланган аҳоли учун 3 та массивда жами 2 640 квартирали 66 та 5 қаватли уй қурилиши режалаштирилган.

15 май куни Сардоба туманидаги “Дўстлик” маҳалласига борган президент Мирзиëев¸ ЎзАнинг ëзишича¸ бу ерда қуриладиган "1480 хонадондан иборат 37 та уй пойдеворига тамал тоши қўйган".

Алоқадор

XS
SM
MD
LG