Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:20

Сардоба фожиаси бўйича учинчи ёпиқ маҳкама: Яна 24 кишига ҳукм ўқилиши кутилмоқда


Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши бўйича илк маҳкама ўтган йил майида Ўзбекистон Олий судида бўлиб ўтган.
Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши бўйича илк маҳкама ўтган йил майида Ўзбекистон Олий судида бўлиб ўтган.

Шу йилнинг 23 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Сардоба сув омбори ўпирилишида айбланган 24 нафар шахсга нисбатан маҳкама иши якунланди. Суднинг ниҳоий ҳукми 27 сентябрь куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Бу ҳақда Озодликка судланувчиларнинг исми сир қолишини сўраган адвокатларидан бири маълум қилди.

Судланувчилар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми, 209-моддаси 2-қисми ва 243-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган.

Маҳкамада давлат айбловчиси ЖКнинг 45-моддасини қўллаган ҳолда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” ширкати Гидротехник иншоотлар қуриш дирекциясининг муҳандис ва механиклардан иборат жамоасига ойлик иш ҳақларининг 20 фоизини давлат фойдасига ўтказиб туриш шарти билан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш жазосини сўраган.

Сардоба фожиаси: Ёпиқ суддан кейин очиқ қолаётган саволлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:34 0:00

Шунингдек, судланувчиларга БҲМнинг 100 бараваридан 500 бараваригача миқдоридаги жарима жазолари қўлланилишини талаб қилди.

Мазкур маҳкама 2020 йилнинг 1 май куни содир бўлган Сардоба сув омборининг ўпирилиши бўйича учинчи ёпиқ маҳкамадир. Биринчи маҳкама 2021 йилнинг 10 май куни Олий судда, иккинчиси эса 12 сентябрь куни ЖИБ Тошкент шаҳар судида якунланганди.

Сардоба ишидаги иккинчи ёпиқ маҳкама

2020 йилнинг 1 май куни содир бўлган Сардоба техноген ҳодисаси бўйича илк жиноят иши ўтган йил майида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан кўрилиб, унда 19 нафар шахсга нисбатан ҳукм ўқилгани ҳақида Бош прокуратуранинг матбуот хизмати хабар қилганди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан махфий тарзда кўрилган мазкур жиноят иши Сардобадаги техноген фалокат бўйича иккинчи суд ишидир.

Мазкур иш ҳодиса оқибатлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан 2020 йилнинг 1 май куни қўзғатилган жиноят ишининг алоҳида иш юритувига олинган қисми бўлиб, иш бўйича тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси ДХХ Тергов бошқармаси томонидан 2 йил давомида олиб борилган.

Жиноят иши фигурантлари “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” ширкати Гидротехник иншоотлар қуриш дирекциясининг 24 нафар ходими, “UzGIP” давлат унитар корхонасининг 2 нафар мутахассиси, “Сардоба йўллардан фойдаланиш” унитар корхонасининг бир нафар ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг Прогнозлаш бошқармаси бир нафар ходимларидир.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги суд экспертиза маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ҳисоб палатаси хулосаларига кўра, Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши оқибатида давлат ва жамоат манфаатлариги 1,555 триллион сўм миқдорида зарар етказилган.

Адвокатлар иддаоси: маҳкама қонунга хилоф равишда махфийлаштирилган

Судланувчиларнинг адвокатларига кўра, Сардоба техноген ҳодисаси юзасидан олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари ва маҳкама жараёнлари қонунга хилоф равишда махфийлаштирилган. Аслида иш хусусияти, мавжуд вазият ҳамда судланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари нуқтаи назаридан суд очиқ мажлисларда кўрилиши лозим эди.

Жиноят ишида ишнинг ёпиқ кўрилишига дахл қилувчи давлат сири ёки бошқа йўсиндаги маълумотлар мавжуд эмас.

Озодлик суҳбатлашган адвокатларнинг иддаосича, маҳкама жараёнлари жамоатчилик босими ва асл айбдорларнинг фош бўлиши эҳтимолини йўққа чиқариш учун ўйлаб топилган. Чунки суд экспертизалари ва хулосалар, далил ва судланувчиларнинг кўрсатмалари аслида жазога тортилган жамоанинг техноген фожиа учун айбдор эмаслигини намоён қилади.

Ўзбекистон Республикаси “Гидротехник иншоотлари хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунида гидротехник лойиҳалаш, қуриш, фойдаланишга топшириш ҳамда фойдаланишдан чиқариш қоидалари аниқ белгилаб қўйилган. Қонуннинг 6-моддасида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги катта ва муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини назорат қилиш “Давсувхўжаликназорат” давлат инспекцияси зиммасидадир.

Ҳолбуки, қонун талаби асосида «Сардоба” сув омборининг қурилишидан аввал "хавфсизлик декларацияси” тузилиб, тегишли тартибда тасдиқланмаган.

Экспертлар нима дейди?

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги экспертиза маркази хулосасига кўра, Сардоба сув омборига ҳали иншоот битмасдан туриб, 2013 йилдан бошлаб сув йиғилишига рухсат берилган. (Озодлик танишган жиноят ишининг 7-жилд, 99-варағи).

Экспертиза хулосасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш. Хамраев давлат комиссияси томонидан фойдаланишга топширилмаган сув омборига тўлиқ ҳажмда (922 миллион куб метр) сув йиғилишига рухсат берган. Бироқ Олий суд ва Тошкент шаҳар судидаги маҳкамаларда вазирнинг бу ҳаракатларига баҳо берилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан 2016 йилда Сардоба сув омбори қурилишининг иккинчи навбати битганига қарамай, 2020 йилнинг 1 майидаги ПК 60-қисмнинг ўпирилишига қадар автоматлаштирилган хавфсизлик тизими ишга туширилмаган.

Учинчи маҳкама фигурантлари оддий ишчи-муҳандислар

Давлат айбловчиси ахлоқ тузатиш ва жарималар қўллашни сўраган судланувчилар “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” ширкати Гидротехник иншоотлар қуриш дирекциясининг моддий жавобгар бўлмаган оддий ишчилари бўлиб, улар тўғон қурилишида қора ишларни бажаришган.

Адвокатларга кўра, судланувчилар моддий жавобгар шахс ҳам, лойиҳа учун масъул ҳам бўлмаган кишилардир. Улар тергов даврида ҳам, суд жараёнида ҳам амалда ҳимоя ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслардир. Улар тергов ва суд жараёнларида мунтазам руҳий босимлар, қамоқ билан таҳдидлар остида бўлишган.

Сардобадан бир йил ўтиб: Сув остида қолган сирлар. Озодлик суриштируви
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:26:21 0:00

2020 йилнинг 1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида, расмий маълумотларга кўра, 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган, 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган.

Тўғон ёрилиши оқибатида юз берган тошқин Ўзбекистон тарихидаги энг йирик аҳолини эвакуация қилиш амалиётига сабаб бўлди - юз минглаб одам хавфсиз ҳудудга кўчирилди.

Озодлик суриштируви "аср лойиҳаси" номи берилган Сардоба сув омбори қурилиши жараёнида лойиҳа учун масъул Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Ачилбой Раматов ҳамда "Ўзгидроэнерго" раҳбари Абдуғани Сангиновлар манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганини кўрсатувчи далилларни ўртага чиқарган.

Раматов ва Сангиновлар номи маҳаллий матбуотда ҳам Сардоба фожиаси учун масъул мулозимлар сифатида тилга олинган. Аммо ҳар икки шахс ҳозирга қадар ҳукуматдаги лавозими ва дахлсизлигини сақлаб қолмоқда. Ўтган ой президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда сўнгги йилларда юз берган қатор техноген фалокатлар муносабати билан номи бот-бот тилга олинадиган Ачилбой Раматовни "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирлаган.

Форум

XS
SM
MD
LG