Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:30

Сардобадаги уйларни тиклашда қатнашган 10 га яқин ширкат ишчилари маошини ололмаяпти


Ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида Сардоба сув омбори ёрилиши оқибатида вайрон бўлган уйларни тиклашда қатнашган 8 ширкат ишчиларининг меҳнат ҳақини талаб қилиб Тошкент вилояти ҳокимлигига қилган очиқ мурожаати тарқалди.

"Сардобада ишлаган пулимизни беринг!" деб бошланувчи мурожаат остида "Тошкент вилоят махсус монтаж қурилиш", "Назар ҳамкор қурилиш", "Бекобод инвест газ қурилиш", "Сув бино таъмир", "Фактор глобал", "Гео строй", "Акмал ёш куч", "ППМ 33 қурилиш" каби ширкатлар номлари келтирилган.

Қурувчиларнинг бу мурожаатига изоҳ олиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматига боғланиб бўлмади.

Озодлик меҳнат ҳақини ололмаётганини даъво қилаётган ширкатлардан айримларининг ишчиларига боғланишга муваффақ бўлди.

Бекободдаги "Тошкент вилоят махсус монтаж қурилиш" ширкатининг исми очиқланмаслигини истаган ишчиси Оқолтин туманида инфротузилма объектларида қурилиш-таъмирлаш ишларини август ойида якунлаган бўлишларига қарамай, ўзи ва ўнлаб ҳамкасбига меҳнат ҳақи тўлиқ берилмаганини Озодликка тасдиқлади.

"Ишларни август ойида тугатганмиз. Кўприк қурдик, уйларни ҳам тикладик. Ўша ерда ётиб қолиб ишлаганмиз. Лекин уч ой бўляпти пулдан дарак йўқ. Бошлиққа айтсак, ҳокимият 180 миллион тўлаши керак, кечикяпти, кутинглар, дейди. Ҳокимиятдагилар мурожаатларимизга умуман жавоб бермайди", - дейди "Тошкент вилоят махсус монтаж қурилиш" ишчиси.

Сардобани тиклашда қатнашган ишчилар ойлиги берилмагани ҳада Тошкент вилояти ҳокимлигига мурожаат қилишган.
Сардобани тиклашда қатнашган ишчилар ойлиги берилмагани ҳада Тошкент вилояти ҳокимлигига мурожаат қилишган.

Бекобод шаҳридаги яна икки ширкат "Бекобод инвест газ қурилиш" ва "Сув бино таъмир" ишчилари ҳам меҳнат ҳақи берилмаганини айтишмоқда.

"Ойига 1 ярим миллион сўмдан бериши керак. Май ойидан бери ишлаган бўлсак июл ва август ойникини олганимиз йўқ", - дейди Тошкентнинг Бекобод туманидаги "Сув бино таъмир" ширкати ишчиси.

Сирдарё вилоят ҳокимлигининг Архитектура ва қурилиш бошқармасининг Озодлик суҳбатлашган мулозимига кўра, Сардобада уйларни тиклаш ва қурилиш ишларини молиялашни Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ўз зиммасига олган.

"Ишчиларни ҳам қурилиш фирмаларини ҳам шу ҳокимликлар олиб келган. Молиявий масалалар ҳам уларнинг зиммасида", - деди ҳокимлик расмийси.

Тошкент вилояти ҳокимлиги расмий сайтидаги матбуот хизмати телефонларига эса Озодлик мухбири кун давомида қўнғироқ қилди, лекин телефонни ҳеч ким кўтармади.

Матбуот хизматига бир кун аввал жўнатилган Озодликнинг ёзма сўровига ҳам жавоб бўлмади.

Бундан олдин Тошкент шаҳар ҳокимлигидан ҳам Сардобада ишлаган ишчиларга ойлик берилмагани юзасидан изоҳ олиш уринишлари бесамар бўлганди.

Бепул ишчилар

Сардоба сув омбори ёрилиши оқибатида вайрон бўлган уйларни тиклашда қатнашиб, шартнома пулини ололмаётган ширкатлар фақат Бекободдаги ширкатлар эмас.

Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманига сафарбар этилган "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ нинг 200 дан зиёд ишчисига ойлик берилмагани ҳақида Озодликка арз қилган.

"Олдин Сардобада ишладик. Кейин эллик нафаримизни бу ерга жўнатишди. Ойлик бир ҳафтадан кейин бўлади, деб икки ойдан бери бермаяпти. Бола-чақани ташлаб келганмиз бу ерга. Ўта оғир шароитларда, вагонларда яшаймиз. Буни устига ойлик ҳам йўқ", - деган эди “Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ишчиси 18 октябр куни Озодлик билан суҳбатда..

"Ўзбекистон Темир йўллари" АЖнинг Озодлик суҳбатлашган Тошкентдаги марказий идораси кадрлар бўлими мулозими эса, банкда пул тақчиллиги сабаб август ойидан буён маошлар кечикаётганини тасдиқлаганди.

Аммо темирйўлчиларнинг ойлик муаммоси ҳозирга келиб қанчалик ҳал этилгани Озодликка маълум эмас.

Шу йилнинг сентябр ойида Сардобада турли вилоятлардан келиб ишлаган 70дан зиёд ишчи Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги уларни ишга ёллаган "Нурафшон қурилиш" МЧЖ идорасига иш ҳақини талаб қилиб борган, лекин Ички ишлар бўлими ходимлари уларни милиция бўлимига олиб кетганди.

Ишчилар "пешона тери"ни сўраб Президент Виртуал қабулхонасига арз қилганларидан сўнг меҳнат ҳақининг бир қисмини олишга эришган.

"Ҳар биримизга бир ярим миллион сўмдан берди. Лекин, бу пул бизга ваъда қилинган ойликнинг ярми ҳам эмас", - дейди Хоразмдан Сирдарёга келиб ишлаган қурувчилардан бири.

Ўзбекистон Қурилиш вазирлиги Сирдарё вилоятидаги зарар етган 1773 уйни таъмирлашга давлат ҳисобидан 123 миллиард сўм йўналтирилишини маълум қилган эди.

Шу йилнинг 1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши оқибатида расмийларга кўра¸Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги 2 570 та уй-ҳовли ва 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган¸ 1781 ҳовли ҳамда 52 та кўп қаватли турар-жой биноларига шикаст етган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси жорий йилнинг 27 июлида техноген фалокат юзасидан терговнинг дастлабки хулосаларини эълон қилган.

Унда тўғоннинг ўпирилишига уч асосий омил сабаб бўлгани ҳақидаги фараз ўрганилаётгани айтилади.

Булар - лойиҳа ҳужжатлари, қурилиш ва эксплуатациядаги хато ва камчиликлар.

Ўзбекистонда нақд пул тақчиллиги, ишчиларга маошлар тўланмаслиги йилдан- йилга авж олиб бораётган ва ечими кўринмаётган муаммолардан экани айтилади.

Ўтган ой Қашқадарёнинг Ғузор туманидаги Enter Engineering компаниясида минглаб ишчи ғалаён кўтарган, улар норозиликларга бир неча ой маошсиз қолганликлари ҳамда кечки овқат ва нонушта берилмагани асосий сабаб бўлганини айтишган.

Ғалаён ортидан ширкат раҳбарияти ишчиларга ойлик маошни тўлаб беришга ва бошқа муаммоларни ҳал этиб беришга ваъда берган.

XS
SM
MD
LG